Соҳага оид қабул қилинган қатор давлат дастурларига биноан кўплаб таълим муассасалари янгидан қурилиб, энг замонавий ўқув анжомлари билан таъминланяпти. Президентининг 2022 йил 3 февралдаги “Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши таълим тизимида амалга оширилаётган ишларнинг яна бир янги босқичини бошлаб берди.
Ҳужжатда белгиланган вазифаларни тўлақонли бажариш, таълим тизимини ривожлантиришда мутахассислар, малакали педагог кадрлар ҳамда кенг жамоатчиликнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича Тошкент вилояти Кенгаши ташкил этилди.
Умумий ўрта таълим муассасалари директорлари, педагог кадрлар, ўқувчиларнинг ота-оналари, малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича вилоят, туман ва шаҳар кесимида йиллик дастурлар лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Дастур доирасида бу йил ҳудудда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириш кутилмоқда. Хусусан, Инвестиция дастури доирасида 37 та объектда умумий қиймати 186,7 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилади. Жойларда 5 та янги мактаблар қурилади (шундан 1 та мактаб интернати), 22 таси реконструкция қилинади, 10 таси мукаммал таъмирдан чиқарилади ва 9 та спорт зали барпо этилади. Бундан ташқари, ҳомийлар томонидан 2 та мактаб 1,1 миллиард сўм маблағ эвазига таъмирланиши кутилмоқда.
Жорий йилда маҳаллий бюджетдан 74 миллиард сўм маблағ 11 та лой-пахса ва хом ғиштдан қурилган мактаблар, 2 ва ундан юқори коэффициентли 8 та мактабларни реконструкция қилиш ҳамда 2 та мукаммал таъмирлаш ишлари амалга ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, вилоятдаги 23 та лой-пахса ва хом ғиштдан қурилган ва авария ҳолатдаги мактаб филиалларини таъмирлаш, 35 та мактабни қўрғон девор билан ўраш, 45 та мактабнинг ҳожатхоналарини таъмирлаш ва янги қуриш, 31 та мактабларга кутубхона қуриш ва таъмирлаш, 344 комплект парта-стул, 184 та ўқув доскаси, 73 та лаборатория жиҳозлари, 9 та синф учун компьютер тўплами етказиб бериш кўзда тутилмоқда.
Бунинг натижасида 13 минг 766 нафар янги ўқувчи таълим муассасаларига қамраб олинади. Вилоятдаги 2 дан юқори коэффициентли мактаблар сони 49 тадан 33 тага камаяди, мактабларнинг жиҳозланганлик даражаси 44,0 фоиздан 53,4 фоизгача ошади.
Таълим сифатини ошириш мақсадида олий тоифали ўқитувчилар улуши 4,5 фоиздан 7,2 фоизга (2556 нафарга), биринчи тоифали ўқитувчилар улуши 13,5 фоиздан 17,8 фоизга (6323 нафарга), чет тили фани ўқитувчиларини қайта тайёрлаб миллий (CEFR) ва халқаро (ILTS) сертификатли педагоглар улуши 16,5 фоиздан 21,4 фоизга етказилади.
Ўрта-махсус маълумотли педагоглар сони эса 7,1 фоиздан 4,7 фоизга (1774нафарга) туширилади. Ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликдан озод қилиш, ота-оналар фарзандларини доимий назорат қилиб боришлари учун шароит яратиш мақсадида 232 та мактабларда “Электрон кундалик” ахборот тизими жорий этилади.
2021/2022 ўқув йилида мактабларни тамомлайдиган 11-синф битирувчиларининг олийгоҳга кириш кўрсаткичи 24,3 фоиздан 30,1 фоизга етказилади. Шунингдек, 2022 йилда 3 та янги хусусий мактаблар фаолияти йўлга қўйилиб, унга 520 нафар ўқувчилар қамраб олиниши кўзда тутиляпти.
Бугунги кунда Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича 2022 йилга мўлжалланган вилоят, шаҳар ва туман дастурлари кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган бўлиб, билдирилган таклиф ва ташаббуслар асосида дастурнинг якуний лойиҳаси Халқ депутатлар вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларининг сессия йиғилишларида муҳокама қилиниб, тасдиқланиши белгиланган.
Жамолиддин Нажимов,
Тошкент вилояти ҳокимлиги Ёшлар сиёсати ижтимоий ривожлантириш
ва маънавий-маърифий ишлар бўйича котибияти мутахассиси









