Янги Ўзбекистон маҳалласи уйлари шаҳарнинг замонавий уйларидан асло кам эмас

    Воқеа-ҳодисалар 14 октябр 2020 4670

    Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида “Сардоба” тошқинидан зарар кўрган аҳолининг ҳаётини яхшилаш борасида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

    Мазкур ҳудудларда янги уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилиб, янги иш ўринлари яратилмоқда.
    Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида Мирзаобод туманининг “Ҳақиқат” маҳалла фуқаролар йиғинида қурилган кўп қаватли уйларни ҳам бориб кўрди.
    Ҳақиқат маҳалласида 800 хонадондан иборат 40 та 5 қаватли уй қурилди. Бунинг учун маҳалла ҳудудидан қарийб 12 гектар ер майдони ажратилиб, кўп қаватли уйлар “White city construction” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан қисқа фурсатларда барпо этилди. Бу ерда олиб борилган улкан бунёдкорлик ишлари натижасида маҳалла “Янги Ўзбекистон” деб қайта номланди.
    – Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ, вазирлигимиз томонидан тегишли ташкилотлар билан биргаликда энг замонавий уйлар лойиҳаси тайёрланди, – дейди қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов. – Бу борада энг сифатли ва замонавий уй-жой қурувчи ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик қилинди. Қурувчи ташкилотлар томонидан Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида кўп қаватли турар жойлар қуриш учун бир ярим ой мобайнида ерни тайёрлаш ишлари олиб борилди. Янги технологиялар асосида ер майдони қаттиқлаштирилиб, 5 қаватли уйлар қурилди. Биноларнинг ташқи қисми базалт қопламаси билан қоплаган. Бу, уйнинг қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди. Уйларни қисқа вақтда қуриш учун Туркиянинг тунел қолип тизимида иш олиб борилди. Биноларнинг ертўласида ҳар бир оила учун 15 квадрат метрдан алоҳида хона ташкил этилган бўлиб, ундан хонадон эгалари омборхона сифатида фойдаланиши мумкин. Ҳудудда кузатув камералари ўрнатилган. Юртбошимиз мазкур уй-жойларни кўздан кечириб, бу каби уйларни бошқа вилоятлар қишлоқларида ҳам қуриш ва нархини арзонлаштириш зарурлигини айтдилар. Бунинг натижасида экин майдонлари эгалланмайди, қишлоқ аҳолиси ҳам янги ва замонавий кўп қаватли уйларда истиқомат қилади.
    Биноларда электр энергия, табиий газ, ичимлик ва оқова сув таъминоти мавжуд. Ҳудудда маҳалла гузари, “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилоти, 6 та болалар майдончаси, йўл қоидаси ўқув майдончаси, нонвойхона, сартарошхона ва кутубхона бор.
    – Кутубхонамизда ўзбек ва жаҳон адабиётининг нодир асарларидан иборат 1 минг 597 та китоб бор, – дейди “Янги Ўзбекистон” МФЙ кутубхоначиси Ҳилола Баҳодирова. – Яъни, маҳалламиздаги ҳар икки кишига битта китоб тўғри келади. Бадиий китоблар воқеалари асосида театрлаштирилган саҳна асарлари тайёрлаб, китобхонлар сонини оширмоқчимиз. Китобхонлар мутолааси учун бу ерда барча шароит бор. Кутубхонамиз ҳафтасига олти кун ишлайди. Бундан ташқари, аҳолига электрон китоблар билан ҳам хизмат кўрсатамиз. Шунингдек, китобларни китобхон уйига ҳам берамиз.
    Раҳматилла Хожимуродов ҳам талафотдан жабр кўрганлардан. Бугунги кунда Р.Хожимуродов “Янги Ўзбекистон” МФЙ раисининг ўринбосари сифатида фаолият юритмоқда.
    – Тошқиндан олдин катта йўл бўйида 350 миллион сўм маблағ эвазига туристлар учун хаммом қурган эдик, – дейди Р.Хожимуродов. – Энди ишга туширамиз деганда бу фалокат бўлиб қолди. Уйимизни сув олганидан сўнг саккиз жон ўша ерда яшадик. Шу ҳудудда қолган аҳоли ва ҳудудни ободонлаштираётган ҳашарчиларга овқат пишириб бердик. Бу орада уйимиз таъмирлаб берилди. 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, маиший техникалар берилди. Президентимиз ўша пайтлар аҳоли билан учрашиб, ҳек ким эътибордан четда қолмаслигини, тез фурсатларда 5 қаватли замонавий ва шинам уйлар қурилишини ва аҳоли у ерда бепул жойлаштирилишини айтган эдилар. Мана, ўша айтилган уйлар қуриб битказилди. Тез орада ўз эгаларига топширилади. Бу ҳудуд бир вақтлар янтоқзор, ташландиқ ер эди. Айнан шу жойда замонавий шаҳарча қурилади, деб ҳеч ким ўйламаган эди. Янги уйларга, биринчи навбатда талафотдан жабр кўрган ногиронлар, кексалар жойлаштирилади.
    Ҳудуд аҳолисининг кайфияти яхши, улар 1 май тошқинлари, ундан кейинги уйқусиз тунларни унутиб юборишни истайди. Айни пайтда кўзида қувонч, қалбида шижоат, келажакка ишонч билан яшамоқда.
    Хуршид Қодиров
    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates