Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади

    Ўзбекистоннинг янада ривожланиб, тараққий этиб бориши кўп жиҳатдан келажак авлоднинг мустақил ҳаётга қандай билимлар, дунёқараш ва маънавий қадриятлар билан йўл олишига ҳам боғлиқ.

    Ёшларнинг она Ватанга бўлган муҳаббат ва садоқат туйғусини болаликданоқ онгу-тафаккурига сингдириб бориш, истиқболли келажакка қўйилаётган мустаҳкам ва нурли қадам ҳисобланади. Уларни юртга муносиб, жасур, мақсадга интилувчан ва ўз ҳаётий позициясига эга этиб ўстиришда ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси муҳим аҳамият касб этади.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги қарори билан тасдиқланган ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси эса бу вазифани дастуриламал равишда бажариб боришга хизмат қилаётир.

    Тошкент шаҳридаги 295-сонли умумтаълим мактабида, биринчи синф ўқувчиларининг “Ҳарбий қасамёд” қабул қилишга бағишлаб ўтказилган тадбири ҳам бунинг ёрқин мисолидир.

    Гуллар, алвон тасмалар, рангин шарлар билан безатилган таълим муассасасида ўтказилган тантанада иштирок этар эканмиз, жажжи болажонларнинг бир сафда ҳақиқий аскарлардай шахдам қадам ташлаб, қасамёд қабул қилиши, кўнглимизга нафақат ғурур туйғуларини бағишлади балки, уларнинг овозларида янграган ҳар битта сўз юракларимизга сингиб, шууримизга ҳам мустаҳкам ўрнашиб қолгандай тассурот уйғотди...

    Мен, ҳарбийлаштирилган мактаб ўқувчилари сафига қабул қилинар эканман, устозларим берган топшириқларини сўзсиз бажаришга, ота-онамни ҳурмат қилишга, она Ватанимнинг ҳар бир қарич ерини эъзозлаб, унга содиқ фаразнд бўлишга ва юртим равнақи учун ўз ҳиссамни қўшишга тантанали қасамёд қиламан!....

    Мурғак қалбларнинг ўзига ишонч билан ташлаётган шижоатли қадамлари, беғубор нигоҳларидаги чексиз қувонч шуъласи, юзларидаги майин табассум ва овозларидаги қатъий жаранглар, ён-атрофга такрор-такрор акс-садо бергандай бўлди....

    – Бугунги модернизация жараёнлари, ислоҳот ва ўзгаришлар натижадорлиги ҳам, мактаб таълимига янги авлодни билмли ва муносиб фарзандлар қилиб етиштириш масаласига бориб тақалади, – дейди Учтепа туманидаги 295-сонли умумтаълим мактаби директори Нилуфар Исматуллаева. – Ҳарбий бошланғич тайёргарликнинг амалий ва назарий машғулотларида, ўқувчиларнинг ҳар томонлама чиниқиб бориши ва Ватан ҳимоячиси бўлиб камол топишида асқотадиган кўникмалар ўргатилмоқда. Таълим тизимини ривожлантириш учун давлатимиз томонидан зарур барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Биз педагогларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меҳнатимизни қадрлаш бўйича ҳам имкониятлар етарли. Бу эса бизларни масъулият ва изланишга ундамоқда. Учинчи ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаш учун, юрт шаънини муқаддас биладиган, халқимизга чин дилдан хизмат қиладиган ёшларни тарбиялаб беришимиз керак...

    Дарҳақиқат, таълим-тарбияда эҳтиёткорлик, ­бузғунчи ғоялардан болаларимизни асраш эртанги истиқболи порлоқ кунимизнинг гаровидир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Мактаб – бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи. Уни давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ўзи ҳал қилолмайди. Бу бутун жамиятнинг иши, бурчига айланиши керак”. Зеро, боланинг тафаккури асосан мактабда шаклланади ва айнан шу муқаддас гўшада, Ватан, миллат ва қадриятларимизни қадрлаш каби туйғулар уларнинг қалбига сингдиради.

    Мактаб директорининг маълум қилишича, 1991 йилда ташкил этилган, 1250 ўринли мактабда, бугунги кунда 2240 нафар ўқувчилар таҳсил олмоқда. Жорий ўқув йили учун 1-синфга 210 нафар ўқувчилар қабул қилинган бўлиб, янги ташкил этилган ҳарбий синфда 36 нафар ўқувчилар таҳсил олмоқда. Илгари ўқувчиларнинг машғулотлар олиб бориши учун ўқув жиҳозлари, лабаратория хоналари етарли бўлмаган. Спорт ва бошқа фан тўгаракларини фаолият олиб бориши учун имкониятлар ҳаминқадар бўлган.

    Бироқ, Вазирлар Маҳкамасининг 679-сонли қарори асосида 2019-2020-ўқув йилида мазкур мактаб капиталь таьмирга тушган. Ўтган қисқа фурсат давомида топшириқлар ижроси юзасидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилди. Кенг ва шинам синфхоналар замонавий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланди. Буларнинг бари устоз ва мураббийларни янада кўпроқ ғайрат билан болаларга таълим-тарбия беришга чорлаши шубҳасиз.

    Мактабда ҳарбий "Ватанпарварлик" синфини ташкил қилиниши эса, эзгулик йўлида ташланган қутлуғ қадам ҳисобланади. Умид қиламизки, ҳарбий синфни тугатган ўқувчилар келажакда юртимизнинг мард ва довюрак фарзандлари бўлиб камолга етади.

    Ўғлимни ҳарбий киймда кўриш ва айниқса қасамёд қабул қилаётгандаги ҳолати, қалбимда ифтихор туйғуларини уйғотди, – дейди, тадбир иштирокчиси, Зарнигор Ибрагимова. – Фарзандларимизни ўзи туғилиб, вояга етаётган диёрига меҳр-муҳаббатини мустаҳкамлаб, фарзандлик бурчини англатиб, соғлом ва мустақил фикр юритадиган баркамол инсон сифатида шакллантиришда умид қиламанки, ҳарбий таълим ўз натижасини албатта беради.

    Ҳарбий қасамёд қабул қилиш тантаналари доирасида, мактаб ўқувчилари ижросида ёшларга кўрсатилаётган эътиборни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. Ҳарбийлик қасамёдини эндигина қабул қилган болажонлар эса, устоз, Ватан ва ота-оналарга бағишланган шеърларини гоҳ тутилиб, гоҳи ифодали тарзда, бийрон ёд олдилар.

    Юракларни орзиқтирувчи ушбу тантанада, устоз ва болажонларини гуллар билан олқишлаган ота-оналарнинг кўзларида қувонч ёшлари мавжланди.

    Ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳар бир ўқитувчининг олдида турган энг долзарб ва шарафли вазифаларидан бири ҳисобланади. Жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар эса энг аввало мактаб тарбия масаласидан бошланади. Чунки, таълим ва тарбиянинг асосий пойдевори, мактабдир. Юртбошимиз таъбири билан айтганда “Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади!”

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates