Ҳар қандай мамлакат ўз тараққиёт йўлини белгилар экан, таълим соҳасидаги ислоҳотларга устувор вазифа сифатида қарайди. Мамлакатимизда бу борада эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 январдаги “Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори нафақат халқ таълими ходимларининг малака ошириш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, балки умумий ўрта таълим муаммоларини комплекс ўрганиш ҳамда илмий таҳлил қилиш, илғор хорижий тажрибаларни амалиётга жорий этиш каби вазифаларни ҳам белгилаб бергани билан аҳамиятлидир. Бу, ўз навбатида, таълимда ўзаро интеграция жараёнини тезлаштиришга хизмат қилади. Айни вақтда Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институтида халқ таълими тизимининг турли муаммоларини таҳлил қилиш билан бирга, Ўзбекистоннинг халқаро таълим индексини юқорига кўтариш учун таълим сифатини ошириш бўйича ҳам илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Илмий тадқиқотлар
2021–2025 йилларга мўлжалланган илмий тадқиқотнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, Финляндия, Эстония, Япония, Жанубий Корея давлатлари тажрибасини ўрганиш асосида ва, табиийки, миллий хусусиятларимизни инобатга олган ҳолда, бошланғич таълим ўқув дастурлари мазмунини такомиллаштиришга аҳамият қаратилмоқда.
Биргина Япония бошланғич таълим тизимига назар ташласак, ўқувчиларда ёшликдан жамоавийлик ва меҳнатсеварлик кўникмаларини шакллантиришга алоҳида аҳамият қаратилишини кўриш мумкин. Ўқувчиларнинг характери айнан шу даврда шаклланишини инобатга олган ҳолда, мустақил қарор қабул қилиш кўникмалари шакллантирилади. Спорт эса инсон саломатлигининг гарови эканлиги бошланғич синфдаёқ сингдирилади.
Хорижий мамлакатлар бошланғич таълимидаги муаммо ва ютуқларни ўрганиш билан бирга, айнан миллий хусусиятларимизга яқин бўлган томонларини амалиётга жорий қилиш мақсадида Япония ва Жанубий Кореянинг “Тарбия” дарслари механизмлари таҳлил қилинмоқда. Шунингдек, бошланғич синф ўқувчиларининг молиявий саводхонлигини ошириш борасида дастурлар ишлаб чиқиляпти.
Ўқувчиларнинг аниқ ва табиий фанларни ўзлаштиришига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Чунки бугунги замонавий бозор иқтисодиёти талабларига мос касблар айнан ушбу фанлар негизида ривожланади. Жумладан, замонавий дастурчилар, технологлар билан асосан Ҳиндистон бутун АҚШ ва БАА бозори талабларини қондирмоқда. АҚШда фаолият олиб бораётган дастурчиларнинг қарийб 50 фоизини айнан ҳинд дастурчилари ташкил этиши бунинг ёрқин мисолидир. Шунингдек, ген инженерлиги, нанотехнология, муҳандислик каби йўналишлар аниқ ва табиий фанлар негизида вужудга келган. Ушбу замонавий касблар орқали ўқувчилар учун нафақат замонавий касбга эга бўлиш, балки моддий фаровонлигини ошириш имконига эга бўлади.
ХХI асрда иқтисодиётнинг тўртинчи тармоғи — туризм ривожланиши жаҳон мамлакатларида 400 дан ортиқ хизмат турлари пайдо бўлишига олиб келди. Биргина хориж тилларини мукаммал ўзлаштириш орқали гид таржимонлар айни вақтда туризм мавсумида Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида ўртача бир кунда 400–500 долларгача маблағга эга бўлмоқда. Бу эса илмни иқтисодиётга олиб кириш самарадорлигининг яққол далилидир. Айни пайтда анъанавий касблар билан бирга соф илмий потенциални амалга ошириш орқали юқори натижаларга эришиш мумкинлиги тўғрисида ўқувчиларга тушунчалар бериш тизими йўлга қўйилмоқда.
Қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?
Республика бўйича расмий статистикага эътибор қаратсак, олий тоифали ўқитувчилар 3,5, биринчи тоифали ўқитувчилар 12,7, иккинчи тоифа 27,5, мутахассис ўқитувчилар 43,4, тоифасиз ўқитувчилар 12,9 фоизни ташкил этади.
Педагогларнинг малака тоифаси борасидаги муҳокамалар бу даражада кўплигига, аввало, умумтаълим муассасалари педагогларини малака тоифасига тайёрлаш механизми мавжуд эмаслиги, тоифа олишга кўникма шакллантирилмагани, тоифа олишга ундовчи механизм йўқлиги аниқ ва табиий фанлар ўқитувчиларини тоифалаш тизимини жорий этиш заруратини келтириб чиқарди. Аниқ ва табиий фанлар йўналиши бўйича олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар салмоғи бошқа фан йўналишларига нисбатан кам бўлиб, мавжуд муаммони бартараф этиш мақсадида олий ва биринчи тоифа олишга аниқ ва табиий фанлар йўналиши бўйича тайёрлов курслари ташкил этилмоқда. Жумладан, математика, физика, биология, кимё фанларига мўлжалланган 72 соатлик онлайн курслар амалиётга жорий этилди. Бу орқали таълим сифатини кўтариш, мавжуд бўшлиқни тўлдириш имконияти пайдо бўлади.
Лойиҳанинг иккинчи қисми сертификатлаш жараёни бўлиб, аниқ ва табиий фанлар ўқитувчиларига сертификат беришнинг миллий тизимини яратишга йўналтирилган. Бугунги кунда хорижда ўқитувчиларни баҳолаш тизимига эътибор қаратар эканмиз, Японияда ўқитувчилар фаолиятини баҳолаш тизимида иккита асосий омил ҳисобга олинганини кўриш мумкин. Ўқитувчининг педагогик фаолияти самарадорлигининг кўрсаткичи сифатида ўқувчиларнинг билиш динамикаси ҳамда ўқитувчининг касбий малакасини ўлчаш тизимига асосланади. Таълим тизимидаги ислоҳотлардан сўнг 2009 йилда Хитойда ўқитувчиларга иш ҳақи тўлаш ўқитувчилар билимини баҳолаш орқали амалга оширила бошланди. Бироқ сертификат ва мукофотлар мавжудлиги ҳам ўқитувчи ишининг самарадорлигини баҳолаш учун муҳим кўрсаткич ҳисобланади.
Ўзбекистонда ҳам баҳолашнинг 70/30 тизими жорий этилмоқда. Ўқувчиларнинг билим самарадорлиги 70 фоизгача баҳоланса, 30 фоизи ўқитувчининг илмий салоҳияти ҳамда тажрибасига кўра, тизимда баҳолаш жорий этилмоқда.
Қандай натижаларга эришилади?
Аввало, математика, физика, биология, кимё фанлари бўйича педагоглар малакасини миллий баҳолашнинг самарали, аниқ ва табиий фанлар ўқитувчиларига сертификат беришнинг миллий тизими яратилади. Методик қўлланма ва материаллар ишлаб чиқилади.
Рақобат муҳити шаклланиши ва узлуксиз касбий таълим мустаҳкамланиши ушбу тизимнинг самараси дейиш мумкин. Шу билан бирга, педагогларнинг фан бўйича салоҳияти аниқланади. Рейтингни белгиловчи янги механизмларни рағбатлантириш тизими ишлаб чиқилади. Юқори натижали мактаблар тажрибасини кўрсаткичи паст бўлган мактабларда қўллаш механизми яратилади. Электрон саволлар базаси ишлаб чиқилади. 4 та фан бўйича педагоглар жамоаси шакллантирилади. Дарсликларни такомиллаштириш юзасидан илмийтадқиқот ишлари, юқори натижага эга бўлган педагоглар тажрибасини оммалаштириш бўйича таклифлар киритилади.
Президентимиз соҳа ходимлари билан учрашувларда ўқитувчи ва мураббийларнинг обрў-эътиборини кўтариш, уларнинг моддий фаровонлик даражасини ошириш зарурлигини бот-бот такрорлайди. Лойиҳа натижаси асосида касбий профессионаллик даражасини саралаш билан ўқитувчининг маоши механизмлари ишлаб чиқилади. Бу орқали ўқитувчиларнинг нафақат тажрибаси, шунингдек, илмий компетенциясини ҳам ошириш назарда тутилади. Юқоридаги вазифалардан келиб чиқиб, айни вақтда баҳолашни ўтказиш талабларини ишлаб чиқиш — Вазирлар Маҳкамасининг “Аниқ ва табиий фанлар ўқитувчиларига сертификат беришнинг миллий тизими тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Қарор лойиҳасида ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлашнинг янада самарали механизмлари устида ишланмоқда.
“Жамоатчилик назорати”нинг таълим тизимидаги аҳамияти
“Жамоатчилик назорати” таълим тизимида ишласа-да, амалда таълим сифати ёки таълим сифатини ошириш масалалари эмас, кўпроқ ўқитувчи-ўқувчи ўртасидаги “шахсий муносабатлар”, “кийиниш одоби” муҳокама мавзусига айланган. Жамоатчилик назоратини кўпроқ таълим мазмунига йўналтириш зарур. Тўғри, бугунги таълим тизимимизнинг энг устувор вазифаси сифатида таълим ва тарбиянинг узвийлиги кўрсатиб ўтилган бўлса-да, амалда ўқитувчи кўпроқ таълим бериш билан шуғулланиш механизми жамоатчиликни қизиқтириши лозим. Мактабда ўқитувчиларнинг билим бериш даражаси, ўқувчиларнинг ўзлаштириши ҳамда олий таълимга қамров мактабни эмас, аксинча, жамоатчиликни қизиқтириши керак.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, таълим ва тарбия қушнинг икки қаноти сингари бўлиб, унинг бир қанотини синдириб, юксак парвозга эришиб бўлмайди.









