Янги Ўзбекистоннинг ҳар куни ёшлар кунидир

    ,

    “Ёшлик! Сени куйламаган ким,

    Эртакларинг сўйламаган ким,

    Қариганда ўйламаган ким,

    Ўйлаб яна куйламаган ким?”

    Эркин Воҳидовнинг ушбу ажиб сатрларини ўқир эканмиз, беихтиёр кўз ўнгимизда умр баҳори бўлмиш ёшлик чоғлари бахтиёр гавдаланади. Юзимизни майин табассум ва ширин хотиралар, кўзларни бахтиёрлик руҳи қамраб олади. Нега бахтиёрлик, биласизми...

    Чунки биз бахтли ёшлик соҳиби эдик. Ҳа, ёшлик асли бахт учун, саодат учун яралган бир неъматдир. Осмон сувдек зилол, кунлар музқаймоқ таъмидай ширин, вақт эса гўёки севги тафтидай эриб борарди. Ёшликнинг қайрилмас қанотлари остида саман отдек келажак сари елиб бордик, тунлари осуда ором олдик, очлик ёки касаллик, ахборот ҳуружи, уруш каби балолардан буткул бехабар улғайдик, оила бағрида тинчлик гаштини ҳис этдик. Юзимиздаги майин табассумда ана шу бахтнинг чизгилари бор ва ҳамиша юракларни чўғ каби ёндириб туради.

    Бугун ёш авлод мана шу фарахбахш кунларнинг эгаси. Ёшлар мамлакати бўлган бу юртда улар учун очилмаган эшикнинг ўзи йўқ. Имконият дейсизми, имтиёз дейсизми, шу болажон халқнинг фарзандлари учун ҳамиша шай. Ёшларнинг фаровон ҳаёти, бахтли келажаги, эртаси учун сўнги 7 йил давомида Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз ҳаётига дахлдор мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди. Давлат раҳбарининг сиёсий иродаси, қаттъияти бугунги авлодга ҳақиқий ибрат бўлмоқда. Айниқса илм йўлини танлаган, билимга чанқоқ ёшлар учун олий таълим тизимида халқимиз узоқ йиллар кутган ўзгаришлар амалга оширилдики, яна қайта талаба бўлгиси келади одамни. Бу ислоҳотларни ёшлар бевосита гувоҳи бўлмоқдалар ва тобора мамлакат тақдирига даҳлдорлик туйғуси қалбларидан жой олмоқда.

    Шу ўринда ёшларга қарата айтмоқчиманки, бугун сизнинг замонингиз, айни даврингиз. Қанот бўлса учмоқ даркор! Тинч ва гўзал, сиздек навқирон юртнинг фарзанди эканлигингиз, мамлакат раҳбари меҳр бериб, гўдаклик чоғингиздан ғамхўрлик қилаётгани эса юксак бахтингиз! Бунинг моҳиятини айни чоғда ўткир нигоҳ билан кўра олишингиз, дунё болалари билан тақдирингизни қиёслай билишингиз ва бу эътиборга муносиб бўлишингиз муҳимдир.

    Дарвоқе, 30-июнь санаси юртимизда Ёшлар куни сифатида кенг нишонланади. Мен эса она Ўзбекистоннинг ҳар бир куни ёшлар куни эканлигини ҳис этаман ва шундай ширин ҳаяжонни дилдан англашга Сизни ҳам чорлаб қоламан!

    Байрамингиз муборак бўлсин, янги Ренессанснинг асл бунёдкорлари!

    Одилжон Раҳматов,

    Фарғона давлат университети

    Физика-техника факультети декани ўринбосари