Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳимоя тизими

    Бунда аҳолининг даромадини ошириш ва эҳтиёжмандларга мадад бериш асосий мезон этиб белгиланган

    Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар динамикасига мос равишда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, самарали ижтимоий сиёсат юритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этишда, аввало, маънавий, ахлоқий қадриятларимиз, тарихий анъаналаримиз, миллий руҳиятимизга мос йўлдан борилаётган бўлса, иккинчи томондан, жаҳон тажрибасига, ривожланган мамлакатлар эришган ютуқларни ўзлаштиришга урғу берилаётир.

    “Инсон қадри учун” эзгу ғояси атрофида бирлашиб, юксак мақсад – демократик ва эркин янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида собитқадамлик билан амалга оширилаётган кенг қамровли ва жадал ислоҳотларни халқимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани қувонарлидир.

    Юртимизда мустақиллик йилларда яратилган миллий ижтимоий таъминот тизими доирасида фуқароларнинг моддий ва пенсия таъминотини яхшилаш, уларга ижтимоий хизмат кўрсатиш, уй-жой билан таъминлаш, болалар ва ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқларини кафолатлашга оид қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Эҳтиёжманд оилалар учун манзилли қўллаб-қувватлаш чоралари ишлаб чиқилди ва амалга оширилди.

    Ушбу соҳанинг ривожланиш жараёни давлат ва жамият имкониятларини ҳисобга олган ҳолда босқичма-босқич изчил амалга оширилмоқда. Бу жараёнда гендер тенглик, боқимандалик ва ижтимоий адолат ҳақидаги замонавий қарашларга зид бўлган меъёрларга босқичма-босқич барҳам бериляпти. Шу тахлит ўтказилган ислоҳотлар натижасида жамиятнинг эҳтиёжманд қисми давлат ижтимоий ҳимоя тизимига киритилган бўлиб, унда давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий усули сифатида даромадлар миқдори кўпайтирилиши ҳамда фуқароларга моддий кўмак берилиши кўзда тутилган. Шуниси ҳам эътиборлики, мамлакатимизда бошқа давлатлардаги каби барқарорлаштириш аҳоли даромадларини чеклаш ҳисобига эмас, балки ижтимоий адолат принципларига таянган ҳолда манзилли янги ижтимоий ёрдам механизмларини яратиш орқали, иқтисодий вазият ва имкониятлар эътиборга олинган ҳолда амалга оширилиб келиняпти.

    Бозор муносабатлари томон ҳаракат қилинган сари ижтимоий сиёсатнинг устувор жиҳатлари, аҳолига ижтимоий кўмак бериш ва уни ҳимоя қилиш чоралари ҳам ўзгариб боради. Бугунги кунга келиб ижтимоий сиёсатни амалга оширишда янги босқич, яъни ижтимоий ҳимоялаш воситасини чуқурлаштириш, уни ўзгариб бораётган замон талабларига, шароитга мослаштириш зарурияти юзага келди.

    Таъкидлаш жоизки, юртимизда ижтимоий давлатга хос бўлган хусусиятларни ўзида мужассам этган ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, камбағаллик мавжудлиги тан олинди ва уни камайтириш билан боғлиқ бўлган давлат органи ташкил этилди. Ижтимоий ёрдамнинг янги шакллари жорий қилинди ва моддий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш кўлами бир неча баробар кўпайтирилди. Ушбу ислоҳотларни ўзида мужассамлаштирган аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш бўйича устувор йўналишларни ва комплекс чора-тадбирларни белгилаб олган 2030 йилгача мўлжалланган стратегия қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан миллий ижтимоий ҳимоя сиёсатининг кейинги ривожланиш йўналишлари белгилаб берилди. Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилган ҳолда, бу соҳадаги масалаларда янгича ёндашув белгиланди.

    Аслида ўзининг ҳуқуқий табиатига кўра суғурталаш аҳолини ижтимоий ҳимоялаш тизимининг таркибий элементи ҳисобланади ва бу тизимда аҳолининг бевосита иштирокини назарда тутади. Давлатнинг одамлар учун муносиб турмуш даражасини яратиш, барча учун тенг имкониятлар белгилаши, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид вазифалари янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам ўз аксини топди.

    Бугунги кунда мамлакатимизда бўлиб ўтаётган демократик жараённинг энг муҳим босқичи бўлмиш муддатидан илгари Президентлик сайловида аҳолини ижтимоий ҳимоялаш масалалари устувор ўринга қўйилгани эътиборлидир. Сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар ўз Сайловолди дастурларида мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришга қаратилган сиёсатни изчил давом эттириш билан боғлиқ бўлган бандлик, ногиронлиги бор бўлган шахсларга ва пенсионерларга қўшимча ёрдам кўрсатиш, ижтимоий хизматлар ва нафақалар кўламини янада кенгайтириш, ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик мезонларига мос келадиган демократик ижтимоий давлатни барпо этиш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш йўналишларида қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурмоқда.

    Дунё амалиётида ижтимоий давлат мақомига эга давлатлар иқтисодий жиҳатдан юқори даражада ривожланган. Давлатнинг бошқарув тизими ижтимоий йўналтирилган, фуқаролик жамияти ҳар томонлама шаклланган, давлат томонидан турли ижтимоий дастурларни амалиётга жорий этиш тажрибаси тизимлаштирилган. Шу билан бирга, мазкур мамлакатлар ҳар бир фуқаросига муносиб турмуш шароитини таъминлаш, яшаш учун тенг шароитлар яратиш ҳамда ўз фуқаролари олдида кўплаб ижтимоий маъсулиятни ўз зиммасига олади.

    Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам бу борада кенг қамровли ислоҳотлар амалга ошириляпти. Аҳолини ижтимоий химоя қилиш тизимида илғор халқаро стандартларга асосланган мутлақо янги бошқарув тизимини жорий этиш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш, тизим самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш орқали аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий суғурта механизмлари билан қамраб олинишини кенгайтириш масалаларини ҳал этиш Агентликнинг устувор вазифаси этиб белгиланди.

    Илғор хорижий мамлакатларда ижтимоий давлат тамойиллари қандай ҳал этилгани борасидаги таҳлиллар шуни кўрсатадики, дунёда ижтимоий суғурта тизими кенг ривожланган бўлиб, аҳоли турмушини яхшилашда айнан суғурта тамойилидан фойдаланилган. Умуман олганда, дунёда мавжуд пенсия тизимларининг турли моделлари суғурта хизматларига боғланганини кўрамиз. Улар учта асосий стратегияга асосланган, яъни, солидар, жамғариб бориладиган ва аралаш. Биринчиси – пенсионерларнинг минимал даражадаги ҳаётини таъминлашга қаратилган, кейинги иккитаси эса – мажбурий ва ихтиёрий суғурта тамойилларига таянган. Энг юқори миқдорда пенсия тўланадиган суғурта тўловлари назарда тутилган пенсия тизими мавжуд бўлган илғор давлатлар рўйхатига Нидерландия, Дания, Швеция, Сингапур, Норвегия, Австралия давлатлари киради. Уларда нодавлат корпоратив ва ихтиёрий суғурталаш давлат ижтимоий сиёсатига интеграция қилинган.

    Ижтимоий ҳимоя давлатимиз томонидан юритилаётган ижтимоий сиёсатнинг ҳам муҳим ва устувор йўналишларидан бўлганлиги сабабли, унинг ҳуқуқий асослари ушбу устуворликка тўла мос бўлиши замон талабидир. Юртимизда рўй бераётган бугунги муҳим сиёсий жараёнларда халқимиз бу борада юксалишга асос бўладиган янги-янги режа ва дастурларни кутаётганига шубҳа йўқ. Табиийки, халқимизнинг ана шундай интилиши ва орзу-ниятларини рўёбга чиқариш, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя этиш, кафолатли даромад манбаи, тиббий хизмат ва уй-жой, сифатли таълим билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш борасидаги ислоҳотлар янада такомиллашади. Шунингдек, юртимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга мустаҳкам пойдевор бўлади.

    Гулноза САТТОРОВА,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги

    Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти бош илмий ходими,

    юридик фанлар номзоди.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates