Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади.
Шавкат Мирзиёев
Ахир, юртимиз бахтиёр ёшлар мамлакати бўлиб, мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 64 фоизини ёшлар, яъни 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Албатта бу, давлатимиз зиммасига улкан масъулият юклашини кўз олдимизга келтирсак, жуда катта эътибор, ғамхўрликни талаб этади, иккинчи томондан ёшларимизга кўрсатиладиган эътибор, эртага улкан ютуқ ва натижаларини ҳам беради. Чунки ҳозир Ўзбекистон меҳнат ресурсларининг ярмидан кўпи ёшлардир. Келгусида ҳар учинчи раҳбар ҳам ёшлардан бўлади.
Шу боис ҳам, ёшлар барча даврларда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этиб келинган. Шарқ Уйғониш даврида ҳам, жадидлар фаолиятида ҳам, жамиятнинг янгиланишида ёшларнинг ўрни беқиёс бўлган. Шу жиҳатдан мунтазам шаклланиб борувчи бу қатлам доимий йўналтириб ва қўллаб-қувватлаб туришни талаб этади... Бу эса, давлат томонидан ёшларнинг мамлакат манфаатлари йўлида эркин ижтимоийлашуви ва ўзини самарали намоён этиши учун мақбул шароит ва имконият яратиш ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар тизими ёшларга оид давлат сиёсатини англатади. Шу боис, мамлакатимизда энг катта эътибор мустақил фикрлайдиган, ташаббускор,шижоатли ёшларни тарбиялашга қаратилган бўлиб, бу вазифа Ўзбекистон Республикасининг «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги ПФ-4947-сон, 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги ПФ-5106-сон, 2018 йил 25 январдаги «Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5313-сон фармонлари, шунингдек, кўплаб қарор ва ёшларга оид бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган. Айниқса, бу борада «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий механизмларини яратиш соҳасидаги янгилик бўлди десак муболаға бўлмайди.Маълумки, мазкур қонун 4 боб, 33 моддадан иборат бўлиб, давлат томонидан амалга ошириладиган ҳамда ёшларни ижтимоий жиҳатдан шакллантириш, уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа салоҳиятларини камол топтириш учун шарт-шароитлар яратилишини назарда тутган. Унда белгиланган нормалар ёшлар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминланган.
Хусусан; ушбу қонуннинг 5 моддасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган. Ушбу йўналишлардан давлат томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида қанчалик улкан вазифалар қамраб олинганлигини, эндиликда мазкур қонун ёшларга қандай имкониятларни кафолатлаётганлигини кўриш мумкин.
Шунингдек, қонунда ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни, ёшлар тадбиркорлигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ёшлар ижтимоий хизматига оид нормалар ўз аксини топган. Жумладан, Ўзбекистонда буюк аллома Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ёш математиклар халқаро олимпиадаси муваффақиятли ўтказилган, унинг мантиқий давоми сифатида физика бўйича Аҳмад Фарғоний, кимё фани бўйича Абу Райҳон Беруний, биология бўйича Абу Али ибн Сино, астрономия бўйича Мирзо Улуғбек номларидаги халқаро фан олимпиадалари ташкил этилиши, иқтидор ва истеъдодли ёшларни қўллаб қувватлашдир. Мана, амалда бугун ижод, президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактабларнинг фаолияти, олтин,кумуш медаль жорий этилгани, фан олимпиадаси ғолиблари, Зулфия, «Мард ўғлон» «Келажак бунёдкори» каби давлат мукофотларини жорий этилганининг туб мақсади, қонуннинг ҳаётийлиги ва ижросини таъминлашдир. Қонуннинг аҳамиятли томони яна шундаки, унда Ёшларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун шароитлар яратиш, уларни турли зарарли иллатлар таъсиридан ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш каби муҳим вазифаларни ҳал этиш мақсадида «Ёшлар –келажагимиз» давлат дастури доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси тузилиб, ёшлар бизнес ташаббусларини, стартап, ғоя ва лойиҳаларини амалга оширишлари учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз миқдорида имтиёзли кредитлар ва лизинг хизматлари кўрсатиш; ҳамда дастур доирасида ажратилаётган кредитлар миқдорининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда кафилликлар бериш каби имтиёзларни амалга оширди. Шунингдек, дастур доирасида ёш тадбиркорларнинг бизнес ташаббуслари, стартап, ғоя ва лойиҳаларини амалга оширишда маслаҳат, ҳуқуқий, бухгалтерия ва бошқа хизматлар кўрсатиш, форумлар, мастер класс ҳамда семинарлар ташкил этиш мақсадида «Yosh tadbirkorlar» коворкинг марказлари ҳам амалий ёрдамга йўналтирилганди.
Айниқса, уюшмаган ёшлар учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантириш борасидаги чора-тадбирлар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди. Бунда туман ва шаҳарларда ушбу ҳудудлар прокурорлари бошчилигида, туман ҳокимининг ёшлар сиёсати бўйича ўринбосари, ички ишлар бўлими бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ва шаҳар кенгашлари раислари ҳамда тадбиркорликка кўмаклашиш марказларининг раҳбарлари иштирокида ёш тадбиркорликни қўллаб қувватлаш бўйича комиссиялар тузиш белгилаб қўйилганди. Беш ташаббуснинг ҳар бир йўналишини туман ва шаҳарларда тизимли амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланди.
Ёшларимиз учун , айниқса, қизларимизнинг янада илмли бўлишлари учун, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига хотин-қизларни ўқишга қабул қилиш учун 30 фоиз мақсадли квота ажратиш масаласи кўтарилган бўлса, эндиликда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 февралдаги қарорида Ички ишлар органлари ходимлари фарзандларига давлат олий таълим муассасалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Давлат божхона қўмитасининг олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзлар белгиланган эди. Жумладан, терроризм ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган тан жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ички ишлар органлари ходимларининг фарзандларига тавсиянома асосида: Олий таълим муассасаларига киришда танловсиз, белгиланган қабул параметрларидан ташқари давлат гранти асосида ўқишга кириш имтиёзи берилганди.Бу имтиёз ёшлар учун кутилмаган эътибор: уларда ватанпарварлик ва ота-онасига нисбатан янада ғурур ва ифтихор бахш этганининг гувоҳимиз. Чунки, мазкур тавсиянома ва тақдимномаларнинг амал қилиш муддати уч йил деб белгилаб ҳам ҳикматли қадамдир. Қадимда Аристотел лицей, Афлотун академия ташкил этиб аҳолининг билим савиясини оширишга хизмат қилишган бўлса, жадидларимиз ўз маблағи ҳисобидан мактаб очган бўлса, ҳозирги даврда ёшлар масаласи энг долзарб мавзулигини бир дақиқа ҳам унутмаслигимиз шарт ва зарур. Айнан эртанги кунимиз униб-ўсиб келаётган ёшларнинг идроки, дунёқараши, билими ва ҳунарига бевосита боғлиқ бўлади. Ёшларнинг билим олиш истагини ҳамиша биринчи галдаги вазифа сифатида қаралиши муҳимдир. , 2020/2021 ўқув йили бакалавр даражасига 145 мингдан ортиқ, яъни ўқув йилига нисбатан 15,6 фоизга кўпроқ талаба қабул қилиш кўзланмоқда, бу йилги яъни 2020/21 ўқув йили учун ОТМларга қабулда 8694та имтиёзли грант квотаси ажратилгани ҳам диққатга сазовордир. Имтиёзли квоталар 7 хил тоифадаги абитуриентларга берилмоқда.. Янги ўқув йилидан бошлаб Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан бериладиган тавсияномага эга бўлган қизлар учун кундузги таълим шакли бўйича тасдиқланган давлат грантларига нисбатан 4 фоиз миқдорда алоҳида грант ўринлари ажратилади. Шунингдек, 2020/2021 ўқув йилида «Математика» ва «Табиий фанлар» таълим соҳалари бўйича магистратура мутахассислари учун давлат буюртмаси параметрлари тўлиқ давлат гранти асосида амалга оширилади. Шунингдек, Сўх туманида истиқомат қилувчи умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларига ОТМларга кириш учун алоҳида 500та давлат гранти квотаси ажратилгани ҳам хушхабардир. Ҳар тугул давлат олий таълим муассасаларининг магистратура мутахассисликларига ўқишга кириш, шунингдек, бакалавриат таълим йўналишларига ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш учун ҳужжатларни топшириш жараёни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилиши ҳам ёшлар учун яратилган энг мақбул имкониятдир. Бу Ўзбекистоннинг келажаги ёшларимизнинг умид юлдузидир.
Бундай давлат сиёсатини кўрган ёшлар албатта, давлатимиз раҳбарининг Ватан ифтихорлари институти ташкил этиш, ёшлар орасида оилавий ажримлар сонини камайтириш мақсадида Фахрийлар ибрати маслаҳат кенгаши фаолиятини ташкил қилиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлайди. Президентимиз 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашувида Ёшлар иттифоқи негизида Ёшлар ишлари агентлигини ташкил этиш ташаббуси, ўсиб келаётган авлод аудиториясига йўналтирилган теле ва радиоканаллар, босма нашрларни бирлаштириб, «Ёшлар медиа холдинги» ташкил этиш таклифи айни муддаодир. Албатта, ҳаётда ёшлар нимани кўрса, албатта, унга ишонади ва эргашади. Хусусан, ўтган йиллар давомида ёшларга оид ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи 20 дан ортиқ қонун, мамлакатимиз Биринчи Президентининг 30 дан ортиқ фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 100 га яқин қарорлари қабул қилинди. Хусусан, қонун ҳужжатларида ёшлар учун мустаҳкамлаб қўйилган қўшимча кафолатлар: бепул умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими олиш, таълим муассасаларида ўқишга имтиёзли кредитлар тақдим этиш, таълим муассасаларини битирганидан кейин ёшларнинг бандлигини таъминлаш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш, ёшларнинг дам олиш ва соғломлаштириш ташкилотлари тизимини ривожлантириш ва бошқа шу каби муҳим масалалар алоҳида моддаларда кўрсатилган.
Шунингдек, мазкур қонун орқали мукофотлар, стипендиялар белгилаш, таълим грантларини тақдим этиш, фан, маданият ва санъат соҳасида ижодий устахоналар ва мактабларни ташкил этишга кўмаклашиш, спорт секциялари фаолиятини ташкил этиш орқали истеъдодли ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам тартибга солмоқда.
Айниқса, «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун амалда Ўзбекистонда ёшлар ҳуқуқ-манфаатларининг ҳуқуқий кафолатлари янада кучаяётганлигини англатиш баробарида эртанги кунда мамлакатимиз ёшларининг янги-янги марраларни забт этишига, уларнинг юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига замин яратмоқда.
Демак, бундай кейин «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини мустаҳкамлашга, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар масъулиятини кучайтиришга, ушбу соҳада соғлом, баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Ҳар бир ота-она, ҳар бир хонадон, ҳар бир маҳалла,бугунги кунда фарзандларимиз таълим-тарбиясини энг асосий вазифа сифатида билиб, ёшларни халқимизга ёт ва янги авлод онги учун зарарли бўлган салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш, миллат ва давлат тараққиётини дунё ҳамжамиятига кўрсатишга қодир бўлган ёш авлодни тарбиялаши ҳам қарз, ҳам фарздир. Зеро, инсон ҳаёти одоб-ахлоқ, таълим-тарбия билан бевосита боғлиқ.
Унутманг, янги Ўзбекистон ёшлари- келажагимиз ва истиқболимиз пойдевори.
Фируза Муҳиддинова,
ТДЮУ профессори, юридик фанлар доктори