Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги масофавий таълим бўйича ахборот-методик таъминот платформаси — test.lpa.gov.uz сайтини ишга туширди.
Мазкур портал юртимиз бўйлаб инглиз тили таълими бўйича ягона ахборот-методик таъминотини яратиш ҳамда уни ташкил этишнинг масофавий шаклларини ишлаб чиқиш билан бирга, турли ресурслар интеграцияси асосидаги билимларни узлуксиз ошириш имкониятини беради.
Платформа фойдаланиш учун қулай ва осон шаклда ишлаб чиқилган бўлиб, чет тилини ўрганишнинг беш даражаси бўйича ажратилган. Яъни энг содда, бошланғич босқичдан муайян мураккаб босқичгача ўрганиш имконияти мавжуд. Шунингдек, тест саволлари ҳам жойлаштирилган. Бу ўрганган билимларни текшириб олиш имкониятини беради. Саволлар 100 баллик тизим асосида баҳоланади. Жами 100 баллдан 15 баллг а эга бўлинса, ўрганувчи тўлиқ модулларни ўзлаштириши мумкин. Бундан ташқари, баъзи мавзуларга кроссвордлар ҳам киритилган. Уларни тўғри ишлагандан кейин ҳам ўрганувчига маълум миқдорда балл берилади.
Мазкур қўлланманинг яна бир афзаллиги шундаки, интернет тезлиги паст ёки офлайн шароитда ҳам фойдаланиш имконияти мавжуд. Шу сабабли олий ўқув юртларига ўқишга кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўраётган ёшлар ҳам билимини оширишда ушбу платформадан унумли фойдаланиши мумкин. Масофавий таълим бўйича хизмат кўрсатувчи ушбу платформа олис ҳудудда яшайдиган ўрганувчиларнинг инглиз тилига оид компетентлигини ошириш бўйича муҳим ахборот методик таъминот вазифасини ўтайди. Абитурентларнинг энг кўп берадиган саволларидан бири — тил ўрганишда қайси босқичда экани ҳақида. Бундан ташқари, мазкур тизим ўрганувчига компьютер имкониятларини ўзлаштириш, ундан самарали фойдаланиш орқали педагог билан индивидуал ишлаш жараёнини мувофиқлаштирувчи восита сифатида ҳам хизмат қилади. Хусусан, ўқитувчилар билим ва малакасини компьютерлаштирилган ҳолда назорат қилиш, талаб қилинадиган билимлар мажмуасининг сифатини аниқлаш муаммосини ҳал қилиш имконини беради.
Тақдимот маросимида www.lpa.gov.uz сайтига жойлаштирилган бошқа онлайн ўқув методлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Масалан, сайтнинг онлайн таълим бўлимида Speak&Improve платформасида Sandi исмли робот билан суҳбатлашиб, инглиз тили бўйича сабоқ олишингиз мумкин. Шунингдек, Intuto платформаси ҳам тил ўрганувчилар учун жуда қулай ва осон тарзда ишлаб чиқилган. Ундаги ўқув курслари 30 кун давомида, 15-20 дақиқадан вақт ажратиш орқали босқичма-босқич ўрганишга мўлжалланган бўлиб, видеодарслар ёрдамида янада тушунарли тилда дарс берилади. Мазкур платформа билан энди инглиз тилини ўрганиш янада осон. Бунинг учун ўзингизда хоҳиш, интилиш бўлса бас, меҳнатдан қочмасангиз, албатта, натижага эришасиз.
Хуршид Маматқулов,
Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги бўлим бошлиғи











