Янги таҳрирдаги Конституция – ҳуқуқларимизнинг мустаҳкам кафолати

    Ўлим жазоси тақиқланиши конституциявий даражада белгиланиши инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигини кафолатлайди.

    Ҳар бир мамлакат эркин ва фаровон жамият қуришга интилар экан, бу йўлдаги улуғвор мақсад ҳамда вазифаларини, аввало, ўз Конституциясида мустаҳкамлайди. Бунда қонун устуворлигини таъминлаш ҳар қандай замонавий демократик давлатнинг асоси ҳисобланади. Айнан Конституцияда белгиланган устувор қоидалар асосида жамият, унинг сиёсий институтлари ва иқтисодиёт тўлиқ ривожланади. Шу маънода, янги таҳрирдаги Конституция жамиятимизнинг эволюцион ривожланишидан келиб чиқаётган ҳаётий зарурат бўлиб, бу адолатли жамият барпо этиш йўлидаги улкан қадамдир.

    Сўнгги йилларда эришган ютуқларимизни, хусусан, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, сўз ва эътиқод эркинлиги соҳаларидаги юзлаб чекловлар олиб ташлангани, нақд пул, валюта, кредит масалаларидаги муаммолар ҳал қилингани ва бошқа ижобий ҳаракатлар ортга қайтмаслигининг конституциявий ҳимоясини таъминлаш зарур. Бу ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлардан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз ҳам эмин-эркин фойдаланиши учун уларни, албатта, Конституцияда муҳрлаб қўйиш талаб этилмоқда. Ўтган қисқа даврда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган тарихий ўзгаришларга қўл урилди. Мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият даражасида белгиланди.

    Президентимизнинг жорий йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонларида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланди. 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди.

    Бунда “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда. Шу боис, янгиланаётган Конституцияда суд органларини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи мустақил органга айлантириш энг муҳим вазифа этиб белгиланди.

    Янги таҳрирдаги Конституция “Инсон – жамият – давлат” парадигмасига асослангани, унда барча аҳоли тоифаларининг, ҳатто жиноят содир этган шахслар ҳуқуқ ва манфаатлари акс этгани билан ўта муҳим аҳамиятга эга. Муҳим янгиликлардан бири Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат сифатида белгиланаётганидир. Жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинар экан, унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баробардан ортиққа ошмоқда.

    Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимиз, ҳар бир вазирлик ва идора фаолияти мазмунига айланиши қатъий талаб сифатида белгиланяптики, бу ҳол давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фақат ва фақат фуқаролар манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига асос бўлади.

    Қонунлардаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт ва зарур. Бунга кўра, қонунчиликдаги инсон ва давлат ўртасида муносабатларни тартибга солувчи ноаниқликлар, турли тушунмовчиликлар бартараф этилади, фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликлари олди олинади.

    Конституцияда давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги мустаҳкамланмоқда. Қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига ўз розилигисиз юклатилиши мумкин эмаслиги қайд этиляптики, ушбу норма одамлар ҳаётини янада енгиллаштиради.

    Ҳужжат лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Бу норма фуқароларимизнинг доимий равишда давлат ҳимоясида эканига ишончини мустаҳкамлашга, ўз юртидан чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

    Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилмоқда. Хусусан, ўлим жазоси тақиқланмоқда. Ўлим жазоси тақиқланиши конституциявий даражада белгиланиши инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигини кафолатлайди.

    Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ва табиий ҳуқуқидир. Ўзбекистонда 2008 йилдан барча жиноятлар учун ўлим жазоси бекор қилинган. Бу Конституцияда эмас, жиноят қонунчилигида ўз аксини топган эди. Ўлим жазоси тақиқланиши конституциявий даражада белгиланиши билан давлатимиз бу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигини, инсонпарварлик ғояларига содиқлигини бутун дунёга намоён қилади.

    Бугунги кунда 106 давлатда ўлим жазоси барча жиноятлар учун бекор қилинган. Айрим давлатлар ўз тажрибасида ўлим жазосини қонунлар билан бекор қилса-да, Конституциясида бўлмагани боис, уни жазо сифатида қайта тиклаш ҳолатлари ҳам кузатилган.

    Ўзбекистоннинг Конституцияга киритилаётган қатъий позицияси мамлакатимизда инсон ҳаёти ва қадри юқори даражада ҳимоя қилинишини яна бир бор тасдиқлайди. Бундан ташқари, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга ёки қамоққа олиниши, ушлаб турилиши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмаслиги, ҳибсга ёки қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши белгиланяпти. Яъни шахс эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шарт. Ушбу қоида тергов органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ва сақлашга йўл қўймасликка қаратилгандир. Бу орқали халқаро эътироф этилган “Хабеас корпус” институтининг қўлланиш кўлами янада кенгаяди.

    Янги норма суд-тергов жараёнларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб туришга, шахс асоссиз ҳибсга олиниши ҳолатларини бартараф этишга, тергов давомида инсон озодлигини чеклаш билан боғлиқ хатоларга йўл қўйилмаслигига хизмат қилади. Пировардида жиноят иши юритувида инсон қадр-қиммати, шахсий ҳаёти дахлсизлиги, қонунга ва судга ишончи, эмин-эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқи мустаҳкам кафолатланади.

    Янги таҳрирдаги Конституцияда: “Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Шахс ушлаб турилган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соат ўтгунига қадар судга ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилиги тўғрисидаги масала ҳал қилиш учун олиб борилиши керак. Агар ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилиги судда исботланмаса, шахс дарҳол озод қилиниши керак”, деган норма белгиланмоқда. Бу қоида, биринчи навбатда, шахсни асоссиз ва муддатсиз ҳибсга олишга йўл қўймаслик талабини таъминлайди.

    Қамоқ эҳтиёт чорасининг судлар томонидан қўлланилиши амалиётига келсак, 2022 йилда тергов органларидан судларга келиб тушган жами 24 минг 118 илтимосномадан 23 минг 503 таси қаноатлантирилган, 485 таси рад этилган, яъни 485 шахсга нисбатан асоссиз равишда қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилишининг олди олинган.

    Мазкур норманинг Конституцияда мустаҳкамланиши шахснинг эркин ҳаракатланишга бўлган ҳуқуқининг қатъий кафолати бўлади ва шахс ушлаб турилган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соат ўтгунига қадар судга ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилиги тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун олиб бориш кераклигини қатъий белгилайди, агар суд томонидан шахсни ҳибсга олиш ёки унга нисбатан бошқача турдаги озодликни чеклашга оид қарор қабул қилинмаса, шахс дарҳол озод қилиниши зарурлигини англатади. Энг муҳими, ушбу норма инсоннинг фундаментал ҳуқуқлари суд орқали ҳимоя қилиниши ва шахс эркинлиги ҳамда дахлсизлик ҳуқуқининг конституциявий кафолати сифатида хизмат қилади.

    Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Конституция суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини фуқароларни жазоловчи ёндашувдан инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи ва ҳимояловчи, поймол қилинган ҳуқуқларни тикловчи, рағбатлантирувчи ёндашувга ўзгартирмоқда.

    Шахсни биринчи марта ушлаш чоғида унга тушунарли тилда ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик (халқаро эътироф этилган “Миранда қоидаси”), сукут сақлаш ҳуқуқи берилмоқда.

    Айнан процессуал ушлаш вақтида инсон оғир руҳий ҳолатга тушади ва ҳуқуқий ёрдамга муҳтож бўлади. Чунки у бундай оғир вазиятда жиноятда айбдор ёки айбсизлигини исботлаш мажбурияти ўзига эмас, аксинча, тўлиқ тергов органларига юклатилганини англай олмайди. Тергов органлари томонидан кимдир қўлга олинганида, у нима учун ушлангани айтилмаслигидан шикоятлар кўп. Натижада фуқаролар ҳуқуқлари қўлга олинган вақтнинг ўзидаёқ хавф остида қолади. Афсуски, фуқаролар ўз ҳуқуқларини яхши билмагани ва ҳеч ким уларга буни аниқ ва батафсил тушунтирмагани учун тергов жараёнида қонунга зид ҳолатлар кузатилади. Бу салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ривожланган давлатлар Конституция ва қонунларида акс этган “Миранда қоидаси” Ўзбекистон Конституциясига ҳам киритилмоқда.

    “Миранда қоидаси”га биноан, ушланган шахс сукут сақлаш, сўроқ жараёнида адвокати иштирокини талаб қилиш ва бошқа ҳуқуқларга эгалиги содда тилда шахсга илк сониялардаёқ тушунтирилади. Яъни янги таҳрирдаги Конституцияда жиноий таъқибга олинган шахсларни давлат органлари ҳамда мансабдор шахслар ўзбошимчалигидан ҳимоялашнинг деярли барча усуллари акс этмоқда.

    Ҳар кимнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланмоқда. Бундай ҳуқуқларнинг чекланишига ёки уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши мустаҳкамланмоқда.

    Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақлилиги белгиланяпти. Ушбу қоиданинг мазмун-моҳияти шундаки, фуқаролар ўз бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини, ўзгалар ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Ягона шарт – фуқаролар томонидан ўзини ҳимоя қилишда қўлланиладиган усуллар ёки чораларнинг қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бўлиши.

    Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар доираси кенгаймоқда. Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланяпти.

    Шу билан бирга, биринчи маротаба ҳар ким Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли экани белгиланиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида мутлақо янгича ёндашув – халқаро ҳуқуқий институтларга мурожаат қилиш имконияти яратилмоқда. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланишини таъминлайди.

    Булардан ташқари, ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эгалиги қайд этилмоқда.

    Янги таҳрирдаги Конституцияда айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги қайд этилмоқда. Мазкур норма тўғридан-тўғри амал қилувчи қоида бўлиб, тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди ҳамда шахсни асоссиз равишда жавобгарликка тортилишдан ҳимоя қилади.

    Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи айбсизлигини исботлашга, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги белгиланмоқда. Бу қоидаларнинг Конституцияда белгиланиши жиноий таъқиб остидаги ҳар қандай шахсга ёки унинг яқин қариндошларига руҳий босим ва турли таҳдидлар ўтказиш, шаъни ва қадр-қимматини камситиш каби бошқа ноқонуний усуллар қўлланишининг олдини олишга хизмат қилади.

    Мазкур янги қоиданинг аҳамияти нимада? Бу норма айбсизлик презумпцияси принципининг муҳим кафолатидир. Конституцияга киритилаётган мазкур инсонпарвар қоидага кўра, жиноят иши бўйича ҳар қандай далилларга нисбатан шубҳа пайдо бўлса, бундай шубҳалар гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши зарур.

    Нима учун шахс ҳуқуқининг бундай кафолати муҳим? Шахсни айбдорлигига оид ҳар қандай шубҳаларга таяниб, айблаш учун етарли бўлмаган далиллар асосида жавобгарликка тортиш мумкин эмас. Борди-ю, терговда айб эълон қилинса ҳам бундай вазиятда судда айбини тасдиқловчи далиллар етарли эмаслиги туфайли унга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилади. Яъни “Исботланмаган айб – исботланган айбсизликка тенг”, деган халқаро стандарт амал қилади. Айтиш мумкинки, мамлакатимиз судлари томонидан сўнгги 6 йилда 4700 дан ортиқ фуқаро оқланган.

    Конституцияга киритилаётган мазкур норма суриштирув, тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди, натижада шахсни асоссиз равишда жавобгарликка тортишнинг олдини олишга хизмат қилади.

    Яна бир муҳим норма – агар шахс ўз айбини тан олгани унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кафолатланмоқда. Бу ҳол жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, айбсиз инсонлар жавобгарликка тортилишининг олдини олишга, айни пайтда, жиноят содир этган ҳақиқий айбдор шахс ёки шахсларни аниқлашга хизмат қилади.

    Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгалиги ҳам тарихда илк бор конституциявий даражада мустаҳкамланмоқда. Қолаверса, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланяптики, буларнинг ҳаммаси мустабид тузумдан қолган иллатга, қанча ёшларимизни ўз орзу-умидларидан воз кечишга мажбур қилган ноинсоний тақиқларга чек қўяди.

    Конституцияда ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек, нотўғри маълумотлар тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотлар йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамланмоқда.

    Янги таҳрирдаги Конституцияда аҳолимиз кутаётган янгиликлардан яна бири – хусусий мулк дахлсизлиги, мулкдорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатлар ҳимояси кучайтирилаётгани. Мамлакатимизда барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши қатъий белгиланиб, давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаши бўйича қоида мустаҳкамланмоқда. Мазкур норма иқтисодиётга тўғридан-тўғри инвестиция жалб этишни рағбатлантириш, инвесторлар ишончини ошириш, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлайди.

    Конституцияда илк маротаба ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги назарда тутилмоқда. Ушбу норма ҳақиқий инқилобий янгиликлардан бири сифатида мулкчилик муносабатларидаги бўшлиқни тўлдирди. Шу билан бирга, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг ҳамда у кўрган зарарнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши белгиланяпти.

    Мазкур норманинг Конституцияга киритилиши бир неча йиллардан буён жамиятимиздаги долзарб муаммолардан бирига айланган снос” масаласига нисбатан халқпарвар, мулкдор тарафга оқилона ечим бўлади. Ҳақиқатан ҳам, барча демократик ҳуқуқий давлатда мулк ҳуқуқи, айниқса, шахс яшаб турган уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи муқаддас ҳуқуқ ҳисобланади ва мутлақ ҳимоя қилинади.

    Бунда уй-жой мулкдорларига нисбатан 2 турдаги муҳим конституциявий кафолат белгиланмоқда: суд кафолати ва уй-жойдан маҳрум этилганда компенсация олиш кафолати. Суд кафолати уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи суд қарорисиз маҳрум этилишига йўл қўйилмаслигини англатади. Ушбу кафолат уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи мулкдорнинг эрк-хоҳишидан қатъи назар, мажбурий тарзда бекор бўлаётганда қўлланилиши назарда тутилган. Суд томонидан мулк ҳуқуқи бекор бўлишига сабаб бўлувчи ҳолатлар амалдаги қонун ҳужжатлари асосида объектив тарзда кўриб чиқилади. Албатта, мазкур тартиб мулкдор ҳар қандай ҳолатда асоссиз равишда мулк ҳуқуқидан маҳрум этилмаслигини кафолатлайди.

    Иккинчи кафолат мулкдор иқтисодий манфаатлари ҳимоясига йўналтирилгани билан эътиборга молик. Мазкур норма қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда уй-жойидан маҳрум этилган мулкдор шу уй-жой ва етказилган зарар учун тенг қийматда компенсация олишини кафолатлайди.

    Конституциядаги яна муҳим жиҳатлардан бири суд ҳокимияти билан боғлиқ янгиликлардир. Одил судловга эришишни кенгайтириш мақсадида шахсларга суд томонидан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш ҳақидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда. Мазкур норма билан агар бирор фуқаро ёки юридик шахснинг фикрича, уларнинг иши маъмурий, жиноий, иқтисодий ёки фуқаролик судларда кўрилиб, ишни судда кўришда, биринчидан, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, иккинчидан, Конституцияга мувофиқ келмаса, учинчидан, судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса, тўртинчидан, судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланган бўлса, қўлланилган амалдаги қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисида шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиш имконияти яратилади.

    “Суд ҳокимияти” бобида акс эттирилган ўзгартиришлар суд ҳокимияти мустақиллигини самарали таъминлаш, судьялар корпусини шакллантириш, одил судлов самарадорлигини оширишга асосланган бўлиб, бунинг туб моҳиятида “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ётади.

    Киритилаётган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилиши Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда.

    Ўтган даврда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар натижасида суд тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар юз берди. Ҳар бир ислоҳотдан келиб чиқиб, Конституцияга ҳам тегишли тузатишлар киритилиши талаб этилди. Ҳозирги лойиҳада Ўзбекистонда суд тизими ва судлар фаолиятининг тартиби қонун билан белгиланиши назарда тутилиб, унда суд тизимидаги судлар номма-ном келтириб ўтилмаган.

    Бу, ўз навбатида, кейинги даврлар учун ислоҳотларда суд тизимининг ташкилий-тузилмавий ўзгаришлари қамраб олинган тақдирда Конституцияга яна қўшимчалар киритишни талаб этмайди, унинг нормалари барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

    Эътибор тортадиган жиҳатлардан яна бири - энг юқори раҳбар судьялик лавозимларида бўлиш муддати қатъий белгиланмоқда. Энди айни бир шахс Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Судьялар олий кенгаши раиси ва унинг ўринбосари этиб сурункасига икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин бўлмайди. Шу билан бирга, Конституциявий суд судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз 10 йиллик муддатга сайланиши ҳамда Конституциявий суд раиси ва ўринбосарининг ваколат муддати 5 йил экани ҳақидаги қоида ўз аксини топмоқда.

    Конституция лойиҳасида Судьялар олий кенгаши билан боғлиқ қўшимчалар ҳам назарда тутилмоқда. Унинг мақоми аниқлаштирилиб, Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи сифатида суд ҳокимияти мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлаш билан бирга, судьялар корпусини шакллантиришга ҳам масъул экани кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизими киритилмоқда.Судьялар олий кенгаши раиси ва унинг ўринбосари Президент тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан беш йиллик муддатга сайланиши белгиланмоқда.

    Суд ҳокимиятининг мустақил иш юритиши – демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишнинг ягона йўли. Шу сабабли Асосий қонуннинг янги таҳририда судьялар мустақиллиги кафолатларига алоҳида урғу берилган. Жумладан, судьялар фақатгина қонунга эмас, балки Конституцияга бўйсуниши ҳам тўғридан-тўғри белгиланмоқда.

    Шу ўринда судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги каби норманинг акс эттирилиши унинг мустақиллигини янада кучайтиради. Давлат судья ва унинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлашга масъул экани белгиланиши эса унинг дахлсизлиги кафолатларини мустаҳкамлаш билан бирга, фуқароларнинг одил судловга ишончини орттиради.

    Конституцияга суд ҳокимиятининг молиявий мустақиллигини таъминлашга оид алоҳида модда киритилаётгани судлар мустақиллиги кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади. Бундай кафолатни давлат ўз зиммасига олган ҳолда Конституция лойиҳасида судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат давлат бюджетидан бўлиши ҳамда у одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши кераклиги кўзда тутилмоқда. Ушбу норма судлар томонидан одил судловни адолатли, қонуний амалга оширишнинг асосий кафолатларидан бири ҳисобланади.

    Ушбу кафолатлар суд ҳокимияти учун бугунги кун ривожланиш даврида жуда муҳим саналади ва бундай ташаббуслар мамлакатнинг халқаро нуфузини ва халқнинг судларга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

    Конституциявий қонун лойиҳасида бошқа идоралар билан бир қаторда Олий судга ҳам масъулиятли вазифалар юклатилмоқда. Бунда Олий суд томонидан одил судловни амалга оширишда судлар томонидан конституциявий нормалар тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида Олий суд пленумининг барча инстанция судлари томонидан ишларни кўриб чиқишнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат сифатида қўллаш юзасидан ягона суд амалиёти тўғрисидаги қарори қабул қилиниши назарда тутилмоқда.

    Конституцияга адвокатура бўйича алоҳида боб киритилаётгани инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида муҳим институт бўлган адвокатуранинг конституциявий мақомини тубдан оширмоқда. Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги кафолатланмоқда.

    Таҳлилларга кўра, 2023 йил 1 январь ҳолатида Ўзбекистонда 4577 нафар адвокат фаолият кўрсатмоқда. Бу эса ўртача 7865 кишига битта адвокат тўғри келишини англатади. Ушбу кўрсаткич Исроилда 136, АҚШда 260, Германияда 500, Қозоғистонда 3932 кишига тенг.

    Аслида қандай бўлиши керак?! Табиийки, адвокатсиз одил суд амалга ошмайди. Тарафлар процессуал жиҳатдан мақоми тенг бўлгандагина тортишув вужудга келади. Шу боис, суд процессида адвокатнинг мавқеи прокурор билан тенгма-тенг бўлиши лозим. Энг муҳими шундаки, прокуратура ва судга оид конституциявий нормалар алоҳида бобда акс этганидек, энди адвокатурага бағишланган янги боб киритилмоқда. Тарихий аҳамиятга эга ушбу воқелик жиноят ёки фуқаролик процессларда тортишув тамойилининг мустаҳкам конституциявий асосини яратмоқда.

    Умуман олганда, адвокатурага бағишланган янги бобнинг Конституцияда акс этиши фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси янада ошишига, малакали юридик ёрдам олиш кафолати кучайишига, пировардида ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимояланишига хизмат қилади.

    Шундай экан, янги таҳрирдаги Конституция ҳақиқатан ҳам халқ Конституцияси бўлмоқда. Чунки у оддий ва ҳаётий, исбот талаб этмайдиган ҳақиқатни ўзида акс эттиради ва шу билан халқимиз истагига ва хорижий давлатлар тажрибасига тўла мос келади.

    Янги таҳрирдаги Конституция янги Ўзбекистонимизнинг бугунги ҳаёти ва эртанги тақдири, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари изчил амалга оширилиши ва инсон ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланиши учун хизмат қилади.

    Бахтиёр ИСЛОМОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates