Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг янги таҳрирда қабул қилиниши мамлакатимиз ҳаётидаги узоқ кутилган муҳим воқеа бўлди. Зеро, бунга бўлган эҳтиёж аллақачон сезилиб, меҳнат ҳуқуқи соҳасида туб ислоҳотларни амалга ошириш вақти келганди. Янги Меҳнат кодексининг бир қатор муҳим жиҳатлари борки, у нафақат миллатимизнинг бугунги куни, балки келажагини ҳам кўп жиҳатдан белгилайди. Гап шундаки, кодекс гендер тенглик талабларига мувофиқ тўлиқ таҳрир этилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Меҳнат кодексини таҳрир қилишда аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш борасидаги энг илғор мамлакатлардан Швеция, Норвегия, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги каби ривожланган давлатлар тажрибалари қўлланилди. Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган бир қатор конвенциялари, Иш жойлари ҳақидаги глобал келишув, Халқаро меҳнат конференциясининг 2013 йилги 102-сессиясида қабул қилинган янги демографик контекстда иш билан бандлик ва ижтимоий ҳимоя тўғрисида резолюция ҳам таҳлил қилиб чиқилди.
Хусусан, янги Меҳнат кодексида профессионал фаолиятини оилавий мажбуриятлар билан уйғунлаштирган ходимлар меҳнатини тартибга солишда “гендер нейтраллик” тамойили таъминланди. Жумладан, шу мақсадда аёлларнинг физиологик хусусиятларига боғлиқ бўлмаган болаларни тарбиялашга оид кафолатлар (таътилга чиқиш, қисқартирилган иш вақти ва бошқалар) нафақат онага, балки отага ва уларга тенглаштирилган шахсларга (васийга) берилди.
Жумладан, кодексининг 397-моддаси “Уч ёшга тўлмаган боланинг ота-онасидан бирининг (васийсининг) қисқартирилган иш вақти давомийлигига бўлган ҳуқуқи” деб номланиб, унда тегишли меъёрлар мустаҳкамлаб қўйилди. Унга кўра уч ёшга тўлмаган боланинг бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда ишлайдиган ота-онасидан бирига (васийсига) ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган иш вақти давомийлиги белгиланади.
Шунингдек, ушбу моддада уч ёшга тўлмаган боланинг бюджетдан молиялаштирилмайдиган иш берувчиларда ишлайдиган ота-онасидан бирига, васийига қисқартирилган иш вақти давомийлиги жамоа келишувларида, жамоа шартномасида ёки иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган ички ҳужжатларда белгиланиши мумкин.