Бу борадаги ишлар, шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ўртасида мажбурий меҳнатга қарши курашиш, меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш, меҳнат соҳасига оид халқаро стандартларни жорий этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани халқаро ҳамжамият томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.
Аммо айни пайтда халқаро экспертларнинг, ХМТнинг тавсиялари ва таклифлари таҳлили шуни кўрсатдики, амалдаги Меҳнат кодекси мамлакатимизда ижтимоий соҳа ва иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, инвестиция муҳитини яхшилаш, иш билaн тaьминлaшнинг зaмoнaвий шaкллaри ҳамда кaсб-ҳунaргa ўқитиш тизимлaрини жoрий этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларимизга мос келмай қолгани яққол кўзга ташланди. Кодекс қабул қилинган вақтда хусусий сектор улуши атиги 21 фоиз бўлган, ҳозир бу кўрсаткич 83 фоиздан ошган. Қолаверса, кундан-кунга ривожланиб бораётган меҳнат бозорида юзага келган замонавий меҳнат турларига оид муносабатлар ҳамда бу борада ишга туширилган рақамлаштириш технологияларининг ўзига хос жиҳатлари ҳисобга олинмаган.
Сўнгги йилларда меҳнат бозоридаги вазият ҳам ўзгарди Қабул қилинган соҳага оид қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида кўпгина янги институтлар ҳамда янги механизмларнинг амалиётга киритилгани кодексни янги таҳрирда қабул қилиш заруратини юзага келтирди. Амалдаги Меҳнат кодекси бозор иқтисодиётига ўтиш вақтида, яъни 1995 йилда қабул қилинган эди. 2 қисм, 16 боб ва 294 моддадан иборат амалдаги ҳужжатимиздаги нормаларда давлат ташкилотлари ва саноатнинг йирик корхоналари ҳамда турли мулкчилик шакллари, айниқса кичик ва ўрта бизнес субъектларидаги меҳнат муносабатлари акс эттирилмаган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси томонидан сўнгги йилларда ратификация қилинган айрим халқаро конвенциялар ва ҳужжатлар меъёрлари имплементация қилинмаган. Кодекс лойиҳаси “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 135-бандига асосан ишлаб чиқилган эди.
Янги Меҳнат кодексини ишлаб чиқиш жараёнида 10 дан ортиқ халқаро ташкилот, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари, 60 дан зиёд давлат тажрибаси ўрганилди.
Одил Тожиев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаи спикери ўринбосари