2023 йил 30 апрел куни бўлиб ўтган референдум натижаларига кўра 11 та моддадан иборат қонуннинг қабул қилиниши бунга асос бўлди. Бу қонуннинг 1-моддасига Конституциянинг янги таҳрири илова қилинган.
Бу референдумга қадар 1992 йилдан буён констититуциямизга умумий ҳисобда 15 марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, бу сафарги ўзгаришлар кўлами кенглиги сабабли ҳужжатнинг янги таҳрири қабул қилинди. Янги таҳрир қабул қилиниши натижасида конституциямиздаги моддалар сони 128 тадан 155 тага кўпайди, нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди. Расмийлар маълумотларига кўра, конституция 65 фоизга янгиланган. Мисол учун:
Ўзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат
Конституциянинг 1-моддасидаги “Ўзбекистон – суверен демократик республика” қуйидагича ўзгартирилди:
- Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат.
Конституция тўғридан тўғри амал қилади
15-моддага қуйидаги қўшимча киритилди:
- Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.
Конституциянинг тўғридан тўғри амал қилиши фуқароларга нафақат қонунлар, балки бевосита конституциядаги нормаларга ҳам асосланган ҳолда иш олиб боришга, хусусан судга мурожаат қилишга имкон беради.
Референдумда қабул қилинган қонунга биноан, Олий суд 3 ой ичида тегишли Пленум қарорини қабул қилиши керак. Бу қарор асосида судлар томонидан конституция нормаларини тўғридан тўғри амал қилувчи ҳужжат сифатида қўллаш юзасидан ягона суд амалиёти жорий этилади.
Имтиёзлар қонунда ёзиб қўйилиши шарт эмас
Янги конституциянинг 19-моддаси (олдинги 18-модда) – фуқароларнинг жинси, миллати, мавқейи ва ҳоказолардан қатъи назар қонун олдида тенглиги ҳақида. Бу модданинг 2-қисми қуйидагича ўзгармоқда:
- Эски:Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт.
- Янги:Имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт.
Барча ноаниқликлар – инсон фойдасига
Конституциянинг янги таҳририга асосан:
- Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.
Инсон ҳуқуқлари ижтимоий ахлоқ ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида чекланиши мумкин
Ҳуқуқ ва эркинликларнинг чекланиши масаласи аввалги конституцияда қуйидаги иккита норма билан тартибга солинган эди:
- Инсоннинг конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.
- Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.
Конституциянинг янги таҳририда юқоридаги иккита норма деярли ўзгаришсиз сақлаб қолинди.
Ўқитувчилар алоҳида эътирофда
Конституцияга ўқитувчилар ҳақида модда қўшилди. У икки банддан иборат:
- Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.
- Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.
Ер хусусий мулк бўлиши мумкин
- Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин.
Бош қомуснинг ўтган йили эълон қилинган биринчи лойиҳасида унга қуйидагича жумлани киритиш таклиф этилган эди: “Иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмайди”. Якунда бу борадаги нормалар қуйидагича кўриниш олди:
- Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади.
- Монопол фаолият қонун билан тартибга солинади ва чекланади.
Ҳужжатнинг бирламчи лойиҳасида мавжуд бўлган: “Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ҳамда бекор қилинмайди” деган нормани конституцияга киритмасликка қарор қилинди. Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликда ҳам бунақа қоида йўқ.
ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш жавобгарликка сабаб бўлади
Аввалги конституциянинг “Оммавий ахборот воситалари” номли боби битта моддадан иборат эди. Унда шундай дейилганди: “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди”.
Янги конституцияга кўра, бу боб иккита моддадан иборат бўлди:
- Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш олиб борадилар. Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир.
- Цензурага йўл қўйилмайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Давлат бошқарувидаги ўзгаришлар. Бош вазир номзодини энди президент тақдим этади
Президент бош вазир номзодини тақдим этишдан олдин парламентга кирган барча партияларнинг фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиши белгиланди. Қонунчилик палатаси президент тақдим этган номзодни кўриб чиқади, агар депутатларнинг ярмидан кўпи маъқулласа, бош вазир лавозимга тасдиқланади. Агар депутатлар номзодни уч марта рад этса, президент бош вазирни тайинлаб, Қонунчилик палатасини тарқатиб юборишга ҳақли. Аввалги тартибга кўра, бош вазир номзодини Қонунчилик палатасида энг кўп ўринни эгаллаган партия таклиф қилар, президент маъқуллагач, номзод икки палата томонидан тасдиқланиши талаб этиларди.
- Сенаторлар сони 100 нафардан 65 нафарга туширилади.14 та ҳудуддан 6 нафардан эмас, 4 нафардан сенатор сайланади, президент томонидан тайинланадиган сенаторлар сони 16 нафардан 9 нафарга қисқаради. Бу ўзгариш 2024 йилда бўладиган парламент сайлови вақтида кучга киради. Қонунчилик палатаси депутатлари сонини (150 нафар) оширмасликка, ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилинди.
- Бош вазирни тайинлаш ва унга ишончсизлик вотуми билдиришда Сенатнинг иштироки бекор қилинди. Эндиликда бунинг учун депутатлар умумий сонининг учдан икки қисми овоз бериши етарли (аввал ҳар икки палата аъзоларининг учдан икки қисми овоз бериши зарур эди; эслатиб ўтамиз, ишончсизлик вотуми эълон қилинса, президент бош вазирни лавозимидан озод этади). Бош вазир ва ҳукумат аъзоларининг ҳисоботларини эшитиш ҳам қуйи палатанинг ваколатига ўтказилди. Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси ҳукумат аъзоларини истеъфога чиқариш тўғрисида президентга таклиф киритиш ваколатига эга бўлди.
- Коррупцияга ва монополияга қарши курашиш органлари раҳбарларини президент тақдимига биноан сайлаш Сенатнинг ваколатига киритилди. Сенат, шунингдек, энг юқори рангдаги суд мансабдорларини сайлайди, бош прокурор ва Ҳисоб палатаси раислигига номзодларни кўриб чиқиб маъқуллайди, ДХХ раислигига номзод бўйича президент билан маслаҳатлашув ўтказади, Марказий банк раисини тайинлайди ва лавозимидан озод этади, хориждаги асосий дипломатларни тайинлайди ва лавозимидан озод этади (буларнинг барчаси президент тақдимига биноан амалга оширилади). Бундан ташқари, Сенат маҳаллий кенгашларнинг қонунга зид қарорларини бекор қилиш ваколатига эга бўлди.
- Қонунчилик палатаси қонунлар бўйича қўшимча ваколат олди. Унга кўра, эндиликда Сенат қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида 60 кун ичида қарор қабул қилмаса, Қонунчилик палатаси қонунни президентга юборади. Қонунларнинг президент томонидан имзоланиши ва эълон қилиниши учун белгиланган муддат 30 кундан 60 кунга узайтирилди. Президент томонидан қайтарилган қонун парламент палаталари томонидан яна қабул қилинган тақдирда, президентнинг бу қонунни имзолаш ва эълон қилиш муддати ўзгаришсиз (14 кун) қолдирилди.
- Судялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди. Конституцияга қўшилган бу норма бўйича ҳам ҳуқуқий шарҳга зарурат бор. “Судлар тўғрисида”ги қонунда “ҳисобдор” тушунчаси учрамайди. Судяларнинг ўзлари чиқарган қарорлари бўйича ҳисобдор бўлмаслиги одил судловни таъминлашга қандай таъсир қилиши – изоҳталаб ҳолат, бизнингча. Бу каби мавхум қоидалар пировардида янги конституцияни унинг тарғиботида кўп марта айтилган ва ҳужжатнинг ўзида ҳам белгиланган тўғридан тўғри ишлайдиган қонун бўлишини савол остида қолдиради.
- Конституциявий суд судялари 10 йил муддатга сайланадива қайта сайланиши мумкин бўлмайди. Аввалги тартибга кўра, бу муддат биринчи марта сайланганида 5 йил, кейингисида 10 йил эди.
Айни бир шахс сурункасига икки мартадан ортиқ битта лавозимни эгаллаши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоида, президентдан ташқари, Сенат раиси, Қонунчилик палатаси спикери, Олий суд раиси ва ўринбосари, Судьялар олий кенгашининг раиси ва ўринбосари, Марказий сайлов комиссияси раиси, бош прокурор, ҳокимлар ва кенгашлар раисларига нисбатан ҳам татбиқ этиладиган бўлди.
Референдумда қабул қилинган қонуннинг 7-моддаси билан, барча даражадаги давлат мансабдорларининг айни пайтга қадар эгаллаб келган муддатлари ноллаштирилди. Улар лавозимларини эгаллаб келаётганининг сурункали муддатлари сонидан қатъи назар, бошқа фуқаролар билан тенг равишда худди шу лавозимларга сайланиш ва тайинланишга ҳақли, деб белгиланди.
Маҳаллий давлат ҳокимиятидаги ўзгаришлар. Ҳокимлар кенгаш раислигидан кетади
Маҳаллий давлат бошқарувида вакиллик ва ижро этувчи органлар бир-биридан ажратилмоқда. Бу борадаги ҳозирги тартиб ҳокимиятнинг бўлиниш ва ҳокимият бўғинларининг ўзаро тийиб туриш принципига зид. Бош қомуснинг янги таҳририга асосан, бунга барҳам берилиб, маҳаллий кенгашлар сайланадиган вакиллик органлари, ҳокимликлар эса ижро органлари деб белгиланмоқда.
Алишер Юсупов,
Жамоат хавфсизлиги университети доценти









