Янги тарих яратадиган олтин авлод

    ёхуд Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали маросимни кузатиш асносидаги мулоҳазалар

    Ёшлар куни нафақат ёшлар интиқиб кутадиган, балки бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланадиган сана. Чунки шу куни Президентимиз айнан баркамол авлод вакиллари билан учрашиб, улар билан фикр алмашади, мамлакатимиз келажагига оид кўплаб масалалар, ташаббусларни ўртага ташлайди. Таъбир жоиз бўлса, шу куни мамлакатимизда ёшларга оид юритилаётган сиёсат натижалари таҳлил қилиниб, келгуси ишлар режалаштириб олинади.

    Ёшлар куни жорий йилда ҳам кўтаринки руҳ ва кайфият билан қарши олинди. Гарчи Тошкентдаги Халқаро конгресс марказига давлатимиз раҳбари иштирокида бўлиб ўтган тантанали тадбирда энг илғор ёшларнинг айримлари жамланган бўлса-да, кун кайфияти бутун юртимиз бўйлаб ёйилди.

    Биринчи ҳолат. Маросимнинг иккинчи қисми “Ўзбекистон” анжуманлар саройида ташкил этилди. Ишхонамиз яқин жойлашгани боис, мазкур сарой ёнидан ҳар куни ўтаман. Салобатли иншоотда маҳаллий ва халқаро тадбирлар мунтазам ташкил этиб турилади.

    Байрам муносабати билан бўлиб ўтган тадбир бошланиши арафасида атрофни бир оз кузатдим. Галдаги тадбир бошқаларидан бир жиҳати билан ажралиб турди, яъни ташриф буюрувчиларнинг аксарияти янги Ўзбекистон келажаги — ёш йигит-қизлардан иборат эди. Улар байрам баҳонасида мақсадлари, орзу-истаклари рўёби йўлидаги ислоҳотлар самарасини, бу йўлда келгусида амалга оширилиши зарур ишлар, режаларни шахсан давлат раҳбаридан эшитиб, мулоқот қилиш имконига эга бўлганидан мамнун эди.

    Тадбирда Президентимиз ёшлар келажагига дахлдор кўплаб фойдали, истиқболли ва манфаатли таклиф ҳамда ташаббусларни илгари сурдики, улар нафақат навқирон авлод вакилларини мамнун этди, балки мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилиши билан ҳам катта аҳамиятга эга бўлди.

    Тантанали маросимда давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ёшларини ушбу қутлуғ айём билан табриклаб, меҳр ва ишончини билдириш баробарида улар қўлга киритаётган ютуқларни ҳам эътироф этди. Илғор ёшлар номини бирма-бир санаб, уларнинг ота-оналари, устозларига алоҳида ташаккур билдирди.

    — Биринчи ва Иккинчи Ренессансни буюк аллома ва мутафаккирларимиз яратган бўлса, бугун тарих навбатни сизларга бермоқда. Ишончим комил, сизлар барча соҳаларда мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришга қодирсиз. Сизлар янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида янги тарих яратадиган олтин авлодсиз, — дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

    Дарҳақиқат, бугун янги Ўзбекистон ёшлари бахтли авлод вакиллари. Нега деганда, сўнгги йиллардаги изчил ислоҳотлар туфайли ёшларимиз ҳар жабҳада ўзини намоён этмоқда.

    Юртимиз аҳолисининг ярмидан кўпи ёшлар. Бу катта куч, шу билан бирга, улкан имконият ва салоҳият ҳам. Яъни уларга қанча кўп эътибор қаратилса, мамлакат шунчалик қудратли бўлиб бораверади.

    Ёшларимиз эришаётган, қўлга киритаётган ютуқлар сони ҳам, кўлами ҳам кенг. Шу маънода, бугунги кунда ёшларга сифатли таълим-тарбия бериш, хорижий тилларни ўргатиш, касб эгаллаб, ҳаётда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини замон талабидан келиб чиқаётган ислоҳот дея баҳоласак тўғри бўлади. Биргина “илм — тарбия — инновация” занжири яратилиши қанча-қанча ёшларнинг орзу-мақсадлари рўёбга чиқишига мустаҳкам пойдевор яратди. Буни давлатимиз раҳбари ҳам қайд этиб, ўтган йили юртимиз ёшлари топ-500 талик олийгоҳларга кириш бўйича Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллагани, билимли ёшлар илк бор ТОП-5 таликдаги олийгоҳларга кириб, тарихий натижани қўлга киритганини алоҳида тилга олди. Натижада бугунги кунда ўзбекистонлик 30 нафар ёш йигит-қиз дунёнинг ТОП-10 талик олийгоҳида, 500 нафари ТОП-100 ва 1500 нафари ТОП-300 дан жой олган нуфузли университетларда таҳсил олмоқда.

    Сўнгги йилларда юртимизда ёшлар билан ишлаш бўйича дунёда ўхшаши кам бўлган вертикал бошқарув тизими яратилди. “Янги Ўзбекистон” ғояси моҳиятини ўзида мужассам этган бу тизимда ёшлар билан боғлиқ бирор масала йўқки, эътибордан четда қолган бўлса. Президентимизнинг ўзи, қолаверса, вазиру ҳокимдан тортиб маҳалла раисигача — ҳамманинг иши ёшлар билан боғланди. Шундай бўлиши ҳам керак. Чунки ёшлар ватанимиз истиқболи. Келажакка эса бугунги ҳаракатлар орқали замин яратилади.

    Бундан ташқари, ўтган йили 150 мингдан зиёд ёш халқаро тил сертификатларини қўлга киритган. Бу аввалги йилдагига нисбатан 2 баробар кўп.

    Айни пайтда юртимизда 15 мингга яқин ўқув ва 7,5 мингта касбга тайёрлаш маркази фаолият юритмоқда. Сўнгги йилларда улар фаолиятини ривожлантириш учун 100 дан ортиқ имтиёз ва енгиллик берилди.

    “Таълим — келажак сармояси” эзгу ғояси оммавий ҳаракатга айланмоқда. Илм истагидаги ёшлар ана шу ғоя атрофида бирлашиб, мақсадларини амалга оширишга интилмоқда. Хусусан, уларнинг нуфузли хорижий олийгоҳларда ўқиш имкониятини ошириш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти такомиллаштирилди. Пировардида ТОП-300 даги олийгоҳга кирган ўғил-қизларнинг ўқиш ва яшаш харажатини қоплаш тизими янги тартибда ишлайдиган бўлди.

    Эътиборга молик яна бир жиҳат: мамлакатимиздаги ёшларга оид сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон БМТнинг “Ёшлар — 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторидан жой олди. Ёшлар тараққиёт индексида эса энг тез ривожланаётган давлат сифатида қайд этилди. Бухоро Туркий дунё ёшлари пойтахти, Тошкент МДҲ ёшлари пойтахти мақомини олди.

    Сўнгги етти йилда бошқарув кадрлари таркиби анча ёшариб, 40 ёшгача бўлган раҳбарлар улуши 37 фоиздан 65 фоизга ошгани ҳам Ўзбекистонда ёшларга эътибор қанчалик самара бераётганига яна бир мисол бўлади. Бу рақам ва кўрсаткичлар кўлами янада кенгайиши аниқ. Негаки юқорида келтирганимиздек, ёшларнинг илм олишига яратилаётган шарт-шароит ва қулайликлар самараси узоқ куттирмаслиги турган гап.

    Иккинчи ҳолат. Тантанали маросим давомидаги бир воқеа ҳамманинг кўнглидан жой олди. Давлатимиз раҳбари бир гуруҳ ёшларни тақдирлаш чоғида Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси аъзоси, халқаро тоифадаги спорт устаси, Осиё чемпиони Фотима Саиповага уй совға қилинишини айтиб, шу ернинг ўзида Тошкент вилояти ҳокимига зарур топшириқ берди.

    Бу оддий гап ёки оддий мукофот эмас, жасорат, матонат, сабр-қаноатнинг яна бир ҳаққоний баҳоси. Бу янги Ўзбекистонда ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги, инсон қадри ҳар нарсадан устун эканининг яна бир исботи бўлди. Балки шу боис мазкур ҳаяжонли лаҳзанинг қисқа видеоси маросим тугамасиданоқ интернетда, ижтимоий тармоқларда жуда тез тарқалди. Адоғи йўқ муносабатлар, билдирилаётган фикр-мулоҳазаларни-ку, айтмай қўяверай...

    Менимча, янги Ўзбекистонда ёшларга, хусусан, имконияти чекланганларга қанчалик эътибор берилади, умуман, юртингизда инсон қадри қанчалик улуғланади, дея савол берувчиларга ана шу бир лаҳзали кадрлар кўрсатилса кифоя. Кадр бир лаҳза, лекин ундаги ҳолат бир умрлик.

    Ҳа. Биз ана шундай — фарзандларини ташлаб қўймайдиган, камчилигини тўлдирадиган, ютуғидан ўзларидан кўра ўн карра, юз карра қувонадиган, уни баралла айтиб, дунёга жар соладиган халқмиз.

    Ёшларимиз ҳам шунга мос, интилувчан, ғайратли. Айниқса, спорт соҳасида ҳали бир ғалабаси таъсиридан чиқмасимиздан галдаги ютуқ қўлга киритилмоқда. Қайсидир мусобақада навбатдаги олтинлар қўлга киритилиши кетидан бошқа спорт туридан жаҳонда тенгсиз бўлишяпти.

    Юртдошларимиз бошқа соҳаларда ҳам катта муваффақиятга эришмоқда. Масалан, ёшлар таълим-тарбиясида китобсеварлик, санъат ва маданиятнинг аҳамияти катта. Бу йўналишда мунтазам ўтказиб келинаётган кўрик-танловларда иштирок этишни истовчилар сафи тобора кенгайиб бормоқда. ­Чунки ёшлар ўз тенгдошлари ютуқларини кўриб, уларга етиб олишга ҳаракат қилмоқда. Энди бундай орзули ёшлар сони янада ортади. Негаки бу каби танловларда ғолиб бўлганлар чекка-чекка ҳудудлардаги мактабларга бориб, чиқишлар қилади.

    Танловнинг республика босқичи ғолибларига маданият ва санъат олийгоҳларига киришда имтиёз берилади. “Иқтидор” мактаб ансамбли танловининг вилоят босқичи ғолиблари болалар мусиқа ва санъат мактабларида бепул ўқитилади.

    Хуллас, мисоллар кўп. Санасак, кўксимиз ғурур ва ифтихорга тўлиб, ватанпарварлик туйғумиз жўшиб кетаверади. Ватанпарвар, халқини, юртини севувчи инсон аслида шундай бўлади. Юртдошининг кичкина бўлса-да ютуғидан хурсанд бўлиб кетаверади. Хурсандчилик сабабчиларини улуғлашдан, мадҳ этишдан чарчамайди.

    Хулоса. Сўнгги йиллардаги ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, мамлакатимиздаги ёшларга оид сиёсат моҳияти фақат уларни қўллаб-қувватлашга қаратилмаганини тобора чуқур англай бошлаймиз. Бунинг замирида катта сиёсий ирода, машаққатли меҳнат, улкан ташаббус ва истиқболли ғоя мужассам. Бунинг ортида янги Ўзбекистон тараққиётини таъминловчи юксак марралар ётибди. Президентимиз ушбу марраларни аниқ факт ва далиллар билан батафсил асослаб берди.

    Қайд этганимиздек, булар бошланиши. Ҳали қилинажак ишлар олдинда. Ёшларимизни янада юксак чўққилар кутиб турибди. Уни забт этиш учун барча шарт-шароитлар яратиб бериляпти.

    Давлатимиз раҳбари ўз нутқи сўнгида яна бир зўр гапни айтди: “Сизларнинг ҳар бир ютуғингиз — бутун халқимизнинг ютуғидир. Азму шижоатингиз, соғлом дунёқарашингиз, бахту иқболингиз — миллионлаб ота-оналар, устоз-мураббийлар, яқинларингизнинг ҳам бахту саодатидир”.

    Дарҳақиқат, ёшларимиз эришаётган ютуқлар барчамизники. Улар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Янги Ўзбекистонда яратилаётган шарт-шароит, имконият, салоҳият бизга ана шундай ёқимли туйғуларни тақдим этмоқда.

    Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates