Янги Уйғониш даврини ёшлар бунёд этади

    Давлатимиз раҳбарининг “Ҳеч қачон унутманг, сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкорисизлар” деган гапидан сўнг гулдурос қарсак янграганида умримни ёш авлод тарбиясига бағишлаб адашмаганимни яна бир карра юракдан туйдим.

    Давлатимиз раҳбарининг мактаб битирувчиларига табригини чуқур ҳаяжон билан тингладим. Мурожаатдаги ҳар бир сўз, ҳар бир жумла эртанги кунимиз эгалари учун яратилган шароит, таълим тизимидаги ислоҳотлар самараси ва олдимизда турган вазифалар ҳақида эслатиб турувчи ўзига хос дастур вазифасини бажаради.

    Сўнгги қўнғироқ тадбири аввалида Президентимиз табриги қайта ўқиб эшиттирилганда ўқувчиларим нигоҳида порлаган ғайрат ва шижоат учқунини кўриб, беҳад руҳландим. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “Ҳеч қачон унутманг, сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкорисизлар” деган гапидан сўнг гулдурос қарсак янграганида 57 йиллик педагогик фаолиятим бесамар кетмагани, умримни ёш авлод тарбиясига бағишлаб адашмаганимни яна бир карра юракдан туйдим.

    Ҳозир умумтаълим мактабларида билим олиш учун энг сўнгги технологияларга асосланган яхлит тизим шаклланиб улгурган. Унинг самараси йилдан йилга тобора яққол кўзга ташланмоқда. Айниқса, кейинги икки йил давомида ўқувчиларнинг пандемия шароитида ўқиб ва яшаб, қийинчиликларга қарши курашиш кўникмасини ҳам эгаллашида ҳам масофавий ўқитиш борасидаги имкониятлар қўл келди.

    Мактабимизда таълим олаётган 887 нафар ўқувчига таълим бераётган саксон нафар педагогнинг тенг ярми олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар. Яқинда бўлиб ўтган аттестацияда ёш муаллим Сардор Оллоёров юз фоизлик натижага эришди. Унинг битирувчи синф ўқувчиси Зиёдулла Абдукаримов ТАТУ Урганч филиалида киберхавфсизлик бўйича ўтказилган танловда энг юқори балл тўплаб, биринчи ўринни эгаллади. Ўқувчиларимиз “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида қатнашиб, 150 та сертификатни қўлга киритди. Бундан ташқари турли, фан олимпиадалари ва танловларда муваффақиятли иштирок этяпти. Ўтган йили мактабни тугатган 11 “А”-синф ўқувчиларининг ярмидан кўпи олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Эришган барча муваффақиятларимиз замирида, шубҳасиз, юртимизда таълим-тарбия соҳасига қаратилган юксак эътибор мужассам.

    Бу йил 53 нафар йигит-қиз мактабимизни битиряпти. Улар ўтган йилги кўрсаткични янада ошириш ниятида. Битирувчилар орасида замонавий фикрлайдиган, олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириши истагидагилар ҳам, ҳозирги кунда жуда керакли касб-ҳунарларни эгаллашни орзу қилганлар ҳам бор. Муҳими, уларнинг ниятини амалга ошириш учун мамлакатимизда имконият кенг. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, қалбидаги эзгу орзу-интилишларни рўёбга чиқаришда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 137 та олий ўқув юрти, 339 та касб-ҳунар мактаби, 193 та коллеж ва 196 та техникум ёшларга мунтазир.

    Президентимизнинг битирувчиларга қарата “Сизларнинг ҳаётда ўз муносиб ўрнингизни топишингиз учун давлатимиз ва жамиятимиз бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларини тўла сафарбар этади”, деган сўзлари ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, ўзи танлаган касб-ҳунар ва мутахассисликни эгаллашида қанот беради. Зеро, янги Уйғониш даврини бугун мактаб партасида билим олаётган ва мактабни тугатиб, ҳаётга эзгу мақсад билан йўл олаётган ёшлар бунёд этади.

    Анора МАҲМУДОВА,

    Гурлан туманидаги 5-мактаб директори,

    Ўзбекистон Қаҳрамони

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates