Бу ҳақда бугун АОКАда ўтказилган брифингда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқарма бошлиғи маълумот берди.
Унинг таъкидлашича, Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 8 та лойиҳа бўйича 6,3 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, бу кўрсаткич 6,8 миллиард сўм ёки 108,1 фоизга бажарилган. Шунингдек, кооперация алоқалари доирасида 1,5 миллиард сўмлик харидлар кўзда тутилган бўлиб, амалда бу кўрсаткич 1,7 миллиард сўм ёки 116,2 фоизга етган.
Импортни қисқартириш масаласида ҳам юқори натижалар қайд этилган. 583 минг АҚШ доллари иқтисод қилиш мақсад қилинган бўлса, бу кўрсаткич 657 минг АҚШ долларига етказилди ёки режа 112,6 фоизга бажарилди. 2025 йилда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан 17 та инвестиция лойиҳалари доирасида 701,93 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилиши кўзда тутилган. Жорий йилнинг январь ойи учун 35,2 миллион АҚШ доллари ўзлаштириш режалаштирилган бўлиб, бу кўрсаткич 42 миллион АҚШ долларига етди ва ижро 119,3 фоизга уддаланди.
Айни пайтда Сергели ва Юнусобод туманларида когенерация лойиҳалари доирасида янги газ-поршенли қурилмалар қурилмоқда. Шунингдек, “Талимаржон“ ва “Навоий“ ИЭСларда умумий қуввати 1715 МВт бўлган замонавий буғ-газ қурилмаларини барпо этиш ишлари давом эттирилмоқда.









