Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Самарқандда

    Халқаро ҳамкорлик 22 январ 2025 1186

    Шу йилнинг 22 январ куни Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтига Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Акихико Танака бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

    Дастлаб меҳмонлар институт фаолияти билан таништирилиб, институтда хурмони қуритиш лойиҳасида олиб борилаётган ишлар тақдимот қилинди.

    Маҳаллий шароитда етиштирилган хурмо мевасини қандай қуритиш усули бугун институтда синов-тажрибадан ўтказиляпти. Бир ой давомида қуритилиб, сотишга тайёр бўлган хурмо мевасидан япониялик меҳмонлар ҳам татиб кўришди ва аъло баҳо беришди. Ушбу қуритилган хурмоларни шартнома асосида маҳаллий савдо дўконларига сотиш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида институт ходимлари томонидан маҳаллий аҳолига хурмо мевасини қандай қуритиш бўйича тавсиялар бериб бориши меҳмонларда қизиқиш уйғотди.

    — Институтимиз қишлоқ хўжалиги ва аграр соҳада мутахассислар тайёрлашга ихтисослаштирилган, — деди институт ректори Ш.Ҳасанов. — Биз жаҳон стандартларига мос етук кадрлар тайёрлаш йўлида хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатиб, улар билан турли лойиҳаларда самарали ишлар олиб бормоқдамиз. Масалан, институт Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ҳамда Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети билан ҳамкорликда “Самарқандда хурмо мевасини қуритиш орқали қишлоқ аҳолиси даромадини ошириш” лойиҳаси устида иш олиб боряпти. 2023-2026 йилларда амалга ошириш режалаштирилган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 1 млн. АҚШ долларини ташкил этади.

    Япониялик меҳмонлар институтда амалга оширилаётган бошқа лойиҳалар билан ҳам танишиб, институт ҳовлисига манзарали дарахт ўтқазишди. Институт раҳбарияти келгусида Япония олий таълим муассасалари билан янада истиқболли лойиҳалар устида ишлаш истаги борлигини билдирди.

    Дарҳақиқат, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) Президенти Акихико Танака бошчилигидаги делегациянинг бугун Ўзбекистонга ташрифининг тўртинчи куни. Делегация вакиллари шу кунга қадар пойтахтда Ўзбекистон-Япония давлатларининг самарали ҳамкорлиги борасида нуфузли доираларда учрашувлар ўтказди.


    Ҳамкорлик материали