Фарғонада иккинчи бор бўлиб турганини билдирган Япония ипак ва ипак ипларини ривожлантириш кооперацияси эксперти Юкио Кобаяши ташрифдан мақсад вилоятдаги ипак маҳсулотлари сифати билан яқиндан танишиш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш эканлигини маълум қилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Иқболжон Эргашев ҳамкорликнинг янги босқичи сифатида Фарғона вилояти ҳудудида ипакчилик соҳасига ихтисослашган Япон-ўзбек илмий тадқиқот маркази очиш таклифини билдирди.
Шунингдек, Фарғона вилоятида ишлаб чиқарилган ипак маҳсулотлари учун хорижий давлатларда қизиқиш юқори эканини таъкидлади.
Лекин, япон тажрибасини жорий этган ҳолда маҳсулот сифатини янада ошириш ва Япония бозорлари талабига мослаштириш йўналишидаги ҳамкорлик янада кўпроқ натижа беради.
Бу борада кунчиқар юртдан келган экспертлар ҳамкорлик учун тайёрлигини маълум қилди, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Икки кун давомида меҳмонлар Фарғона шаҳридаги «Фарғона Агропилла» МЧЖ, «Фарғона тут ипак қурти уруғчилиги» МЧЖ, Фарғона туманидаги «Водий Ипак йигирув» шўъба корхонаси ва яна бир қатор объектлар билан танишади.