Яқин Шарқдаги фуқароларимизни ҳимоя қилиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?

    ТИВ матбуот котиби ОАВ вакилларидан келиб тушган саволларга жавоб берди.

    Савол:

    Ўзбекистон делегациясининг БМТ Бош Ассамблеяси юқори ҳафталигидаги иштирокининг асосий натижалари ҳақида сўзлаб берсангиз.

    Жавоб:

    БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессиясининг юқори ҳафтаси Ўзбекистон дипломатияси учун жуда самарали бўлди.

    Мамлакатимиз ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегация 50 дан ортиқ икки томонлама учрашувлар ўтказди, халқаро ташкилотлар иштирокидаги 10 дан зиёд кўп томонлама тадбирларда иштирок этди ва маърузалар қилди.

    Турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 15 та ҳужжат имзоланди.

    Учрашув ва музокаралар якунлари бўйича аниқ келишувларга эришилиб, уларни амалга ошириш бўйича Ташқи ишлар вазирликларининг тегишли бошқармалари томонидан ишлар бошлаб юборилди.

    7 давлат (Кабо-Верде, Сейшел ороллари, Бурунди, Ботсвана, Либерия, Того, Багама ороллари) билан дипломатик алоқалар ўрнатилди.

    Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистон дипломатияси кенгайиб бораётганидан далолат беради.

    ***

    Савол:

    Бирлашган Араб Амирликлари Элчисининг Хартумдаги қароргоҳига қилинган ҳужумга қандай изоҳ берасиз?

    Жавоб:

    Шубҳасиз, Бирлашган Араб Амирликлари дипломатик миссияси раҳбарининг Судан пойтахтидаги қароргоҳига қилинган ҳужум қабул қилиб бўлмас ҳолат.

    Дипломатик ваколатхоналар аъзоларининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид соладиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмайди.

    Дипломатик ваколатхоналар биноларининг дахлсизлигини сақлаш ва дипломатик фаолиятни тартибга солувчи қоидаларга қатъий риоя қилиш муҳимдир.

    ***

    Савол: Яқин Шарқдаги вазият кескинлашаётганини кўряпмиз, бу минтақада фуқароларимизни ҳимоя қилиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?

    Жавоб: Ўзбекистоннинг Исроилдаги Элчихонаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, ушбу мамлакатдаги ватандошларимиз билан алоқани мустаҳкамлаб, кучайтирилган тартибда ишламоқда.

    Элчихона веб-сайти ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида шахсий хавфсизлик бўйича тавсиялар тарқатилмоқда. Хусусан, ракета ҳужумлари пайтида бомба бошпаналарига беркиниш, расмий ахборотларга риоя қилиш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ва Ўзбекистон Элчихонасининг алоқа маълумотларини доимо олиб юриш зарурлиги бўйича тегишли маълумотлар бериб борилмоқда.

    Ёрдам ёки маслаҳатга муҳтож фуқаролар дипломатик миссияга 24/7 тартибида ижтимоий тармоқлар ва телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.

    Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вазиятни доимий равишда кузатиб бормоқда.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates