Миллий давлатчилигимизнинг уч минг йиллик тарихи ва тажрибасидаги ўчириб бўлмайдиган ёрқин саҳифалардан бири, шубҳасиз, кенгашиб иш тутиш анъанасидир. Буюк Амир Темурнинг “Давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо
келтирилишини англадим”, дея айтгани шунчаки гап эмас, албатта. Йўл қўйган катта-кичик хатоларимиз, бой берилган қатор марраларимизга қарамай, ҳар кимга ҳам насиб қилмайдиган қадим, ноёб ва шонли ўтмишимизни ҳаққоний ва эркин ўрганиш ҳамда ёритишга қўл урганимизга эндигина олти-етти йил бўлди. Бугун узоқ вақт илмимиз, сўнг у орқали халқимиз онгига сингдириб келинган сохта қолипларни чилпарчин этиш имконига эгамиз. Улардан бири буюк Соҳибқироннинг ўттиз беш йиллик ҳукмдорлик фаолияти гўёки тинимсиз уруш-талашларда ўтгани ҳақидаги тўқимадир.
Дунёни Самарқанд атрофида бирлаштиришга эришган донишманд бобомиз мақсадига ҳарбий юришлар эмас, балки чуқур ва ҳар томонлама билим ҳамда кенгашишлар орқали етганини баралла айтишимиз керак. Айтибгина қолмай, ўзбек давлатчилигига хос ушбу анъана — сиёсий маданият янги Ўзбекистонда тиклангани ва натижаларини бераётганини ҳам урғулашдан тортинмаслигимиз лозим.
Мана, тўрт йилдирки, ҳар биримизнинг ҳаётимизда тенгсиз аҳамиятга эга маънавият ва маърифат ҳамда хавфсизлик масалалари таҳлилига бағишланган кенгашлар ишида қатнашиб келмоқдамиз. Ушбу йиғилишларга тегишли мансабдорлардан ташқари барча ижтимоий қатламлар вакилларининг таклиф этилиши бошида янгилик бўлса, энди табиийликка айланди. Энг муҳими, давлатимиз ва жамиятимиз учун ўта долзарб масалалар ечими устида бош қотиришга эл-улуснинг ўзи жалб қилинмоқда.
Янги Ўзбекистонимизда илк кунларданоқ қўллана бошланган бундай ёндашув миллий давлатчилигимизнинг демократия, давлат бошқаруви очиқлиги ва фуқаролик жамиятига асосланган босқичини илҳомлантиришда қандай ўрин тутаётгани алоҳида тадқиқотлар мавзуси эканини урғулаган ҳолда эътиборни тилга олинган кенгашларнинг сўнгги йиғилишларида умуммиллий муҳокамага ташланган бош масалага қаратсак.
Президентимиз Маънавият ва маърифат кенгашининг ўтган йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида:
“...Биз ҳозирги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими?” деган саволларни кўндаланг қўйиб, “Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади”, дея барчамизни сергаклик ва сафарбарликка чорлагани шунчаки эмас!
Чиндан ҳам теран ўйлашга мажбур қиладиган ушбу сўзларни эшитибоқ, дарҳол миямизга мана бу икки фикр келди. Бири “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир” чақириғи бўлса, иккинчиси, Президентимизнинг давлат мустақиллигимизнинг ўттиз икки йиллигига бағишланган нутқидаги “Давлатнинг вазифаси инсонларни бахтли-саодатли қилишдир. Бу мақсадга эса илм ва яхши ахлоқ ёрдамида эришилади”, деган гаплардир.
Улуғ бобомиз Абдулла Авлонийнинг юз йил бурунги даъвати бир аср вақт ўтиб ҳам тарихий қимматини йўқотмаганини тан олиш керак. Билим, изланиш, ўз устида ишлаш тақозоси янги Ўзбекистонимизнинг илк пайтларидан ҳозиргача кун тартибидан тушган эмас. Бироқ айнан мазкур омил эндиликда долзарблашувининг ўз сабаблари бор, деб ўйлаймиз.
Ким нима деса-десин, лекин халқаро муносабатларда ўзига хос ўринга эга фаранг давлатининг етакчиси Макрон жанобларининг Ўзбекистонга келиб, Регистонни яна бир кўрсам, дейишида шунчаки бир тасодиф ва рамзий нимадир бор, демаган бўлардик. Ё бўлмаса, ер ости, ер усти бойликлари учун босиб олиниб, бир юз эллик йил пахтаси ва гази четга ташиб кетилиши, сотилишига “ихтисослаштирилган” ўлкада уларнинг тескари “оқишлари”га эришиш кўпчилик ўйлаётганидек, аниқроғи, хаёлига ҳам келтирмаётганидек оддий бир кўрсаткич эмас. Хўш, бунинг сабаби нима?
Сабаби, ўзбек давлати кучга айланмоқда, борган сари ўз тарихий ҳақ-ҳуқуқини қайтариб олмоқда. Кимлардир бошида янги Ўзбекистон ғоясига ишонмаган, кўп йиллик ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ботқоқликдан чиқиб кетишимизга ақллари етмаган ёки буни истамаган бўлиши мумкин. Аммо 2016 йил кузида бошланган ўзгаришлар ва янгиланишлар жараёни уларни биз билан ҳисоблашишга, ютуқларимизни тан олишга мажбур этмоқда.
Ушбу ҳақиқатнинг бошқа, парда орти томони ҳам бор. Ҳали у ёқда, ҳали бу ёқда “Ўзбекистон ким томонда?” деган сиёсий саволлар пайдо бўлган пайтда давлатимиз раҳбари томонидан ўтган йил кўкламда Термиздаги чиқишида айтилган “Миллатим, халқим, буюк Ўзбекистон томонидаман”, деган дангал жавобнинг мағзини худди шу нуқтаи назардан чақиб кўрсак, вазият янада ойдинлашади.
Уч минг йиллик тарихга эга ўзбек давлати ўз табиати илигидан қувват олиб, янгиланиш кучидан бўй-басти улғайиб боргани сари ташқи хуружлар ҳам жонланишдан тинмаётганини илғамаслик мумкин эмас. Ахир Марказий Осиё — Туркистон ва туркий дунёни бирлаштириш, Афғонистон билан муносабатларни яхшилаш, ислом оламидаги азалий мавқеини тиклашни бошлаш, манаман деган давлатлар билан тенгма-тенг гаплашиш биз дунё ишларидан юз эллик йил узилиб қолганимиз шароитида халқаро миқёсдаги азалий ва меросий ўринларимизни бўлишиб олганларга ёқадими? Албатта, ёқмайди.
Инсон ҳақ-ҳуқуқлари, сўз, эътиқод эркинлиги, эркин сайлов, мажбурий меҳнатни тугатиш, мулк дахлсизлигини таъминлаш сингари ўнлаб омиллар, энг аввало, ўзимизга керак. Негаки, уларсиз замонавий давлатчилигимизни ярата олмаймиз, илғор ва рақобатбардош турмуш тарзимизни йўлга қўёлмаймиз. Янги Ўзбекистондан бош муддао ҳам аслида шу! Бироқ уларнинг кимларнингдир қўлида бизга қарши қурол ўлароқ хизмат қилиши, бошимиз узра уртўқмоқ бўлиб туришига ҳам ҳеч қачон кўнмаймиз! Бошқача айтганда, қандайдир етти йил ичида мазкур неча асрлик муаммоларни бартараф этиш борасида эришган тарихий ва инқилобий ютуқ ҳамда марраларимиз кимларнингдир қистови билан эмас, балки миллатимизнинг юксалиш манфаатларига кўра амалга оширилди ва шундай давом этажак!
Жараённи умумлаштириб таҳлил этсак, ушбу ўта қисқа муддат яна бир ҳақиқат — ўзбекнинг қўлидан анча-мунча ишлар келишини, агар қаттиқ киришса ва оқилона сиёсат юритса, ҳар қандай тўсиқни босиб ўта олишини аёнлаштирди. Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида тилга олинган соҳаларни рақамлаштириш, “яшил” ва инновацион технологияларнинг жадал кириб келиши, бутунлай янгича ва замонавий саноат, энергетика мажмуалари, автомобиль ва темир йўллар, технопарк ва IT-парклар, “ақлли” ва электрон бошқарув тизимлари барпо этиш сингари жиҳатлар бугунги миллий иқтисодиётимиз учун табиийликка айланиб улгурган, бироқ улар ўн йил бурун орзу-ҳавас экани кўзда тутилса, “жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир” тенгламаси моҳиятини чуқурроқ англаш имконини туғдиради. Яъни миллий иқтисодиётнинг кўлам ва сифат даражаси маънавий-маърифий муҳитнинг мазмунини белгилаб беради.
Демак, “Бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас” экан, биз учун ҳаёт-мамот масаласи саналмиш яхши ахлоқни тарбиялаш ишини ҳам эскича қараш ва ёндашувларда давом эттиришга ҳаққимиз йўқ! Шу маънода, кенгашда “Маънавият ва маданият соҳасидаги ишларимиз учун методик асос бўлиб хизмат қиладиган миллий ғоямизни ривожлантириш бўйича алоҳида дастурий ҳужжат ишлаб чиқишимиз лозим”лиги бежиз урғуланмади. Негаки, она сути оғзидан кетмасданоқ ахборот технологияларини ўзлаштиришни эплаётган, яшаб турган шаҳри, қишлоғи ҳавосининг тозалиги ҳақида қайғуришга ўтган, электр автоулов миниб, уйини қуёш қуввати билан ёритиб, кечагина тушига ҳам кирмаган очиқ бюджетнинг қаловини топиб, боласининг келажаги ҳақида куйина бошлаган авлод билан энди эскича гаплашиб бўлмайди!
Боғчага қамров етти йил деганда 27 фоиздан 74 фоизга етишини ҳар қанча олқишласак арзийди. Бу ишни манаман деган унча-мунча давлат ҳам эплай олмаслигини бемалол айтишимиз мумкин. Негаки, давлатимиз раҳбарининг қатъий ва оқилона сиёсати ўлароқ эришилган ушбу тарихий марра ортида жуда катта ташкилий, ҳуқуқий, иқтисодий ишлар кўламию машаққати бор. Бироқ яна бир, кўпчилик эътиборидан панада қолаётган жиҳат борки, энг улкан ютуғимиз ҳам аслида шудир: ота-оналар, бува-бувиларнинг камида чорак кам юз фоизи бола-чақалари ҳақида қайғуришни бошлади. Демак, келажагимиз ҳақида куйинишни ўрганаётган эканмиз, умуммиллий даражадаги яхши хулқ омилидан кўз юммасликка ҳам тайёрмиз. Бу эса, ўз ўрнида, Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишининг сўнгида “...бугунги учрашув маънавий ҳаётимизда янги ислоҳотлар даврини бошлаб беради”, деб билдирилган ишончнинг негизи бўла олади.
Ушбу пойдеворнинг бош ғояси эса минг йиллар ичра синовдан ўтиб келаётган омил — юртсеварлик ва миллатсеварлик бўлиб қолишига ҳеч бир шубҳа йўқ. Зеро, барча улуғ ишлар худди шу кучдан, завол топишларнинг ҳаммаси айнан шу қудратнинг йўққа чиқарилганидан бошланган. Илм-фан қанчалар илгарилаб кетмасин, иқтисодиёт нақадар юксалмасин, юртсеварлик ва миллатсеварлик қимматининг оҳори ҳеч қачон тўкилмайди. Шу маънода, Соҳибқирон бобомиз сиёсий фаолияти бошланган палладаги ўта муҳим, бироқ темуршунослар томонидан илғанмай ёки атайин четлаб келинаётган бир жиҳатга диққатни тортган бўлардик.
1360 йили тарихий Мўғулистон ҳукмдори Туғлуқ Темурхон қўшин тортиб келаётганини эшитган барча йирик сиёсий кучлар тумтарақай бўлган пайтда ҳали йигирма бешга тўлмаган Темурбекнинг Ўғуз (Амударё) дарёси бўйида туриб, амакиси Ҳожи барлосга қарата айтган мана бу сўзларини ўзбекнинг ҳар бир авлоди ва боласи ҳеч қачон унутмаслиги шарт: “Агар биз Ватанни ташлаб кетсак, ота юртимиз бегоналар қўлига тушажак”.
Айнан мазкур сиёсий қараш — эл-юрт қайғуси ўлароқ қўйилган илк ботир ва оқил қадам ўн йил деганда ватанни келгиндилардан буткул тозалаш ва яна ўттиз беш йил деганда буюк салтанат қуриш, Самарқандни дунё марказига айлантириш, Иккинчи Уйғониш даври пойдеворини қўйиш имконини туғдирганини ҳеч ким инкор эта олмайди!
Агар чуқурроқ ўйлаб кўрилса, ўзимиз ва жаҳон халқлари тарихидаги ҳамма улуғ ишлар ватан омилидан бошлангани, барча қаҳрамонликлар Юртни асраш йўлида юз бергани аёнлашади.
Шу маънода, Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишидан йигирма кунлардан кейин Хавфсизлик кенгашининг галдаги йиғилиши бўлиб ўтгани ва унда ҳам маънавиятнинг ўзак масаласи — ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси ҳақида сўз кетгани тасодиф эмас. Ватан бор экан, уни асраш, қўриқлаш бурчи ҳеч қачон ўлмайди!
Демак, юқорида тилга олинганидек, маънавий ҳаётимизда янги ўзгаришлар даври бошланаётган экан, ҳарбий-ватанпарварлик омили унинг тожи бўлиши, яъни барчага — ҳам ўзимиз, ҳам ташқаридагиларга кўриниб туриши лозим!
Очиғини тан олсак, ўзимиз деганда ва юрт ҳимоясини кўзда тутганда, одатда ушбу муқаддас бурчни кўпинча ҳарбийлар ва эркаклар билан боғлаб келамиз. Бизнингча, мустамлака замонидан қолган бундай “мерос”га чек қўйиш пайти аллақачон келди. 14 январь — Ватан ҳимоячилари кунини хотин-қизларнинг эр-йигитларга нимадир совға қилиши маросимига айлантириб юбораётганимизни ҳам тушуниш қийин. Юрт, унинг ҳар бир қаричи, мулкини қўриқлаш ёши, жинси, эътиқоди, маслагидан қатъи назар, бутун миллатнинг ҳар кунлик, ҳар дақиқалик муқаддас бурчи ва иши бўлмоғи ҳам фарз, ҳам қарздир! 3000 йиллик миллий давлатчилигимиз тарихида шундай бўлиб келган.
Тилимиз, кўзимиз ва демак, тарихий онгимиз кўникиб кетган Тўмарис, аслида, Томир хотунни эронлик Курушга қарши урушган малика ўлароқ биламиз. Бироқ унинг ботирлиги замирида эркак ва аёлларнинг юрт учун жавобгарликдаги тенглик омили бор. Буни ўша кезларга оид, хотин-қизларга тегишли қабрлардан қурол-яроғлар ҳам топилгани исботлайди. Агар ўша кезлар тушунчаларига кўра, дунёдан ўтганларни улар тириклигида энг азиз ва зарур саналган нарсалари билан кўмиш одати бўлгани кўзда тутилса, киндик қони тўкилган тупроқ ҳимояси бурчи жонсиз момоларимизнинг арвоҳларида ҳам яшагани ойдинлашади.
Орадан 2000 йил ўтиб ҳам, хусусан, Амир Темур қўшинида найза санчиш, қилич ўйнатиш, ёйдан ўқ узишда моҳир эркаклардан қолишмайдиган хотин-қизлар бўлганига доир гувоҳликлар эса жанговарлик руҳи ўзбек аёлларини ҳеч қачон тарк этмаганига ёрқин тасдиқдир.
Давлатимиз раҳбари вазирнинг юраги мен ўзбекман дея фахрланиб, ватанпарварларча уриши борасида бекорга куйиниб сўзламади. Биз бугун нозиктаъб, жисмоний уринишларга йўқдек қабул қиладиган ижод ва дин аҳлини ҳам кўзда тутиб айтадиган бўлсак, ўтмишда миллатимиз бошига тушган синовли кунларда мен давлат амалдориман, мен ижодкорман, мен имомман, дея четга чиқишлар бўлган эмас.
Мавқеидан қатъи назар, барча амалдорлар, жумладан, ҳокимлар, вазирлар, ғазначидан баковулгача қўлда қурол билан уруш майдонларида жавлон урганига оид мисоллар манбаларда етарлича топилади. Энг муҳими, улар болаликдан ҳарб иши — қилич чопиш, ёйдан ўқ узишга ўргатилган ва бу борада ўз устида тинимсиз ишлаган.
Нажмиддин Кубронинг Чингизхон қўшинига қарши жангда кафтида байроқни қаттиқ тутганича жон берганини зўрға айтамиз-ку, бироқ дин пешволаримизга ибрат ўлароқ урғуламаймиз. Турли енгил-елпи баҳоналар орқали Дукчи Эшон жасоратини ҳам йўққа чиқардик. Ҳолбуки, унга баҳони мустамлакачи ҳарбий прокурорнинг ўзи бериб қўйган эди: “Дукчи Эшон ўлкада рус ҳукмронлигини ағдариш мақсадида қишлоқ ва шаҳар аҳолисини қурол билан бош кўтаришга отлантирди”. Мана, бизнинг дин пешволаримиз қандай бўлган — миллат, юрт учун дорга тик боққан!
Босқинчиларга қарши урушларда олимлар, ижод, қалам аҳли ҳам четда турмаган. Бунга оид мисоллар етарли. Улардан бири ўзбекнинг улуғи Маҳмуд Чағминий билан боғлиқ. Қуёшни ўзидан нур тарқатувчи сайёраларнинг маркази, деб ҳисоблаш мумкинлиги, атом ва молекулалар ҳақида илмий қарашларни илгари сурган буюк олимимиз ҳам 1221 йили Чингизхон қўшинига қарши курашда шаҳид кетганини барчамиз, айниқса, зиёлиларимиз ҳеч қачон эсдан чиқармаслиги керак.
Келаси йил 160 йил тўладиган Тошкент ҳимоясининг гувоҳи бўлган тарихчининг “Шаҳар аҳлининг етти ёшидан етмиш ёшгача эркак-хотин, ёш-қариси хизмат камарини белларига боғлаб, пишган таомларни бошларига кўтариб, қатиқ, сут, шарбат, иссиқ нон ва ширин меваларни саватларга солиб, юрт қўриқчилари турган жойларга олиб бориб, илтижо, тавалло ва дилдорлик қилиб, кўзларидан ҳасрат ёшларини оқизиб, кўз ёшлари билан улар юзларидаги чангу ғуборларни ювиб, кўзгудек артиб-тозалаб, келтирган нарсаларини еб битиришларини илтижо қилдилар”, деб ёзганини изоҳлаш ортиқча, албатта.
Жадидларимиз-чи? Уларнинг ўн тўққизинчи юзйиллик охирларидан йигирманчи юзйиллик ўттизинчи йиллари сўнгигача — қирқ йилни мустамлакачилик шароитидаги ғоявий-сиёсий майдонда тинимсиз курашларда ўтказганининг аҳамиятию уқубатларини ҳали ҳам тушуниб етмадик! Улуғ ёзувчи ва шоир Чўлпоннинг “Қуллик қўшиғини тинглағон менмен... Ҳайвон қаторида саналғон менмен” сатрлари ортида миллатимиз бошига тушган не-не савдолар фарёди борлигини бугунги ёшларимиз онгига сингдиришимиз ўта-ўта зарур ишдир!
Ҳуррият туйғуси ва давлатчилик бор экан, ватанпарварлик руҳи ва тарбияси масаласи, ундаги жанговарлик, юрт учун жондан кечиш мавзуси ҳеч қачон ўлмайди! Негаки, энг замонавий қуролни ҳам инсон бошқаради. Инсонни эса иродаси!
Ғарблик кўпни кўрган бир донишманднинг айтиб беришича, Вьетнам урушида ютқазилгани учун ўтган аср етмишинчи йиллари иккинчи ярмида АҚШ ёшларининг ҳарбий хизматга қизиқиши ўта сусайиб кетгану саксонинчи йиллардан яна жонлана бошлаган. Бунинг сабабини эшитиб ҳайрон қолдик: 1982 йили катта-кичик экранларга “Рембо” фильми чиққан, аниқроғи, чиқарилган! Яъни миллий қаҳрамон пайдо бўлган. Кейинги йилларда ушбу рукнда яна бешта киноасар, болалар учун мультсериал ишлангани, қанчадан-қанча видеоўйинлар ўйлаб топилгани ҳам бежиз эмас.
Шу маънода, Маънавият ва маърифат кенгашида “Тирик тарих” рукни остида Ватанимизнинг шонли ўтмишига бағишланган 50 та бадиий фильм яратиш масаласи ўртага ташланганини алоҳида урғулаган бўлардик. Тарихда ўтган улуғ шахслар ва ўтмишда юз берган буюк воқеаларнинг кўлами борасида унча-мунча миллат ва давлат бизнинг олдимизга тушолмайди, десак хато гапирмаган бўламиз. Бироқ Томир хотун, Широқ, Маҳмуд Торобий, Мавлонзода, Абдураҳмон жевачи, Иброҳимбек сингари ўнлаб миллий қаҳрамонларимиз бўла туриб, яқин-яқингача уларни оммалаштириш, айниқса, миллионлар эмас, миллиардлар онгига етиб бориш куч-қудратига эга нодир ва ўткир қурол — кино орқали ушбу устунлигимизни юзага чиқаролмай келганимиз ҳам ҳақиқатдир.
Сўнгги йилларга келибгина бу борада илк қадамларни ташлаш имкони туғилди. Бугунги эркин ҳаётимиз учун бошларини кундага қўйган жадид боболаримизга бағишланган киноасарлар, жумладан, “Авлоний”, “Ибрат”, шунингдек, “Имом Термизий”, “Исломхўжа”, “Илҳақ”, “Мендирман Жалолиддин” сингари фильмлар дунёга келди. Шу тариқа собиқ шўро мафкураси қон-қонига сингиб кетган, Станиславский-Данченко “тизими”дан бошқасини тан олмайдиган соҳага ҳам янгиланиш еллари кириб борди. Тўғри, улар мукаммал эмас. Бўлиши ҳам мумкинмас. Негаки, бу борада бизда, юмшоқроқ айтганда, тажрибанинг ўзи йўқ эди. Демак, йўл-йўлакай ўрганишимизга тўғри келяпти.
Президентимизнинг корхона ва муассасаларда ойнинг бир кунини “Театр куни” деб эълон қилиб, ходимларнинг “ибратхона”ларга боришини йўлга қўйиш ташаббуси бежиз эмаслигини таъкидлаган бўлардик. Гап шундаки, биз ҳам институтимиз жамоаси билан Миллий театрга бордик. Илмий қизиқишларимиз доирасида бўлган “Усмон Носир” томошасини танладик. Аввало, саҳналаримизга қатағон қурбонлари мавзуси чиққанининг ўзи катта бир воқеадир. Шу билан бирга, ўша куни яққол кўзга ташланган бир жиҳатга тўхталмаслик мумкин эмас, деб ўйлаймиз.
Усмон Носирни қамоққа олиш саҳнасидаги қий-чувлар, ўзини оқлашлар, отанинг юрагини чангаллаб, ўзидан кетиб қолишию онанинг фарёдлари киши туйғуларига таъсир этади, бироқ онги ва феълини тарбиялашга хизмат қилмайди, деб ишонамиз. Бунинг ўрнига Усмон Носир “Сенлар босқинчи, қонхўрсан, миллатим душманларисан”, деса, отаси қаддини тик тутган ва ўзини йўқотмаган ҳолда “Усмон, сендек ўғлим борлигидан фахрланаман, бир бошга бир ўлим, юрт учун ўлмоқ шарафдир”, деганда, онаси “Мана бу жаллодлар олдида тиз чўкканингда, ўзбек йигити шаънига доғ туширганингда, берган сутимдан рози бўлмасдим, бор, сени Худога топширдим”, деса, тарбиявий аҳамияти бутунлай ўзгача бўларди, назаримда. Бу шахсий фикримиз, албатта.
Масаланинг айнан ушбу — ғаним олдида бош эгмаслик, таҳдидлардан қўрқмаслик, қийинчиликларга чидамлилик, ҳар қандай шароитда юксак ва эзгу мақсадлардан қайтмаслик, эл-юрт бирлигига хиёнат қилмаслик сингари омилларига бежиз урғу бермаяпмиз. Негаки, ўтган қисқа муддатда жамиятимиз ва давлатимизнинг барча ҳал қилувчи йўналишларида туб ўзгаришлар юз бериб бўлди. Юз берибгина қолмай, бизни бошқача ишлаш ва яшашга ундамоқда, дунё миқёсидаги кескин рақобатга чорламоқда. Демак, энди барчаси ўзимизга боғлиқ бўлмоқда: ё ҳаёт, ё мамот — ё бугун, ё ҳеч қачон! Бу ёруғ дунёда яшаб қолишимизнинг ушбу шарти бажарилишини эса Президентимизнинг мана бу даъвати кафолатлашига қаттиқ ишонамиз: “Халқимиз, айниқса, фарзандларимиз онгида Ватанга муҳаббат, юртимиз келажагига дахлдорлик, тинч, эркин ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш туйғусини кучайтириш”.
Азамат ЗИЁ,
ФА Тарих институти директори,
академик