Айниқса, қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш жараёни нафақат замонавий талаб, балки инсониятнинг истиқболини белгилайдиган муқаррар воқелик сифатида намоён бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, гидроэнергетика экологик тоза энергия манбаи бўлиши баробарида, мураккаб геосиёсий ва иқтисодий шароитларда стратегик аҳамиятга эга тизим ҳамдир.
Сўнгги йилларда юртимизда ушбу йўналишда қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётгани халқаро майдонда ҳам қизиқишларга сабаб бўлаётир. Жумладан, жаҳондаги нуфузли “Sustainable Fitch” (Лондон) халқаро рейтинг агентлиги “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятини фаолияти тўлиқ экологик барқарорликка ҳисса қўшаётган компания сифатида эътироф этди.
Экологик барқарорликни таъминловчи, қайта тикланувчи энергия манбалари инсон ва табиат ўртасидаги мувозанатни таъминлашда стратегик аҳамиятга эга. Бу жараёнда “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг ўрни беқиёс. Унинг сўнгги йиллардаги фаолияти Ўзбекистоннинг янги даврдаги экологик ва иқтисодий сиёсатининг ёрқин ифодасидир.
Шу билан бирга, “Sustainable Fitch” халқаро рейтинг агентлиги “Ўзбекгидроэнерго”нинг ESG рейтинги (экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув самарадорлиги)ни “2” даражада тасдиқлади ҳамда умумий баллини 72 дан 79 га оширди. Бундай юқори кўрсаткич компаниянинг иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга қўшган улкан ҳиссаси, шунингдек, 2024 йилда ишлаб чиқилган “Иқлим стратегияси – 2050” орқали иссиқхона гази чиқиндисини қисқартириш бўйича аниқ мақсадлар белгилаганини англатади.
Бу, аввало, мамлакатимизда иқлим ўзгаришлари масаласи бўйича халқаро майдонда эътироф этиларли даражада тизимли ишлар қилинаётганининг яққол далилидир. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг келажагини таъминлаш йўлида экологик тоза энергетика тизимига устувор аҳамият қаратилаётгани, барқарор ривожланиш тамойилларига содиқ қолинаётганини ҳам англатади.
“Sustainable Fitch” агентлиги таъкидлаганидек, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бугун Марказий Осиёдаги энг юқори ESG рейтингига эга компания сифатида тан олинди. Бу натижа нафақат компания фаолиятининг самарадорлиги, балки Ўзбекистонда барқарор энергетика, экологик масъулият ва узоқ муддатли ривожланиш тамойилларига амал қилинаётганини ҳам яққол тасдиқлайди.
“Ўзбекгидроэнерго” ҳозир мамлакатимиздаги асосий гидроэнергетика ишлаб чиқарувчиси бўлиб, 75 та гидроэлектр ва 1 та шамол электр станциясини бошқаради. 2024 йил якунларига кўра, умумий қуввати 2256 мегаваттни ташкил этади. Бу рақам ортида нафақат энергия таъминоти, балки барқарор ривожланиш, инфратузилмани модернизация қилиш ва “яшил” иқтисодиёт тамойилларини ҳаётга жорий этишдек улкан мақсад мужассам.
Акциядорлик жамияти 2050 йилгача мўлжалланган иқлим стратегиясини қабул қилган. Унда Scope 1 ва Scope 2 туркумига кирувчи иссиқхона гази чиқиндисини 2028 йилгача 20 фоиз камайтириш режалаштирилган. Бу ҳужжат нафақат техник дастур, балки фалсафий жиҳатдан ҳам муҳим қадриятларга асосланади. Чунки иқлимни асраш бугун инсоният олдида турган энг масъулиятли вазифалардан биридир. Ўз навбатида, декарбонизация бўйича бундай узоқ муддатли стратегия Ўзбекистонда илк бор амалга оширилаётгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
“Ўзбекгидроэнерго” ижтимоий йўналишда ҳам мустаҳкам позицияга эга. Ходимлар қўнимсизлиги кўрсаткичи пастлиги — компаниядаги барқарор кадрлар сиёсати, самарали бошқарув ва соғлом иш муҳитининг ёрқин исботидир. Бу ҳолат эса, ўз навбатида, ишлаб чиқаришда самарадорлик ва корпоратив маданиятни оширишга хизмат қилади.
Корпоратив бошқарувда ҳам “Ўзбекгидроэнерго” АЖ мукаммал тизим яратган. Икки босқичли бошқарув структураси, халқаро ISO стандартлари жорий этилиши, самарали риск-менежмент механизми — буларнинг барчаси компаниянинг очиқлик ва шаффофликка содиқлигини англатади. Янада муҳим жиҳати — ҳисобот даврида бирорта ҳам бошқарув инциденти ёки қонунбузарлик ҳолати қайд этилмаган.
Бундай ютуқлар тасодиф эмас. Улар давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, яъни экологик тоза энергия, инсон капитали ва масъулиятли бошқарув моделини ҳаётга татбиқ этиш орқали амалга оширилмоқда. Бу ютуқлар нафақат бугунги иқтисодий манфаатдорлик, балки эртанги авлодга тоза муҳит, барқарор энергетика ва масъулият ҳиссини мерос қилиб қолдиришга хизмат қилади.
Сардор ТОЛЛИБОЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири









