Бу “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳасида келтириб ўтилган.
Кимларга берилади?
Лойиҳага кўра, кўкаламзорлаштиришга ҳисса қўшган, жумладан, корхонани “яшил белбоғ” билан ўраган, суғориш тизимларини ўрнатган, томчилатиш, ёмғирлатиш ва контейнерли (қопли) суғориш тизимини жорий қилган, энергия тежамкорлиги, жумладан, энергия тежовчи ускуналар ва технологияларни амалда қўллаган тадбиркорларга “Яшил тадбиркор” мақоми берилади.
Шунингдек, бундай тадбиркорлар корхонанинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириши, жумладан, экологик ҳуқуқбузарлик содир этмаслиги, атмосферага ташламаларни онлайн мониторинг қилиш тизимидан фойдаланиши ва ишлаб чиқаришга циркульяр иқтисодиётни жорий қилиш (“7R”) тамойилини татбиқ этиши лозим.
Қандай имтиёзлар тақдим этилади?
“Яшил тадбиркор” мақомини олган тадбиркорлик субъектлари “Шаффоф қурилиш” платформасида устуворликка эга бўлади. Шунингдек, муаян муддат давомида экологик текширувлардан озод этилади ва халқаро бозорларга чиқиш учун қўллаб-қувватланади. Қолаверса, тақдирлаш учун “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишонига тавсия этилади ва тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги доирасида қўшимча балл берилади.
Қандай фойдали томонлари бор?
“Яшил тадбиркор” платформасининг ишга туширилиши Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси доирасида "яшил” ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини оширади. Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳамда иқтисодиётнинг барча тармоқларида ресурсларни тежашни янада кенгайтиришга ёрдам беради.