Яхлит жойлашув ва қулай инфратузилма саноат корхоналари ривожига катта туртки бермоқда

    Эркин иқтисодий зоналар юртимиз иқтисодиётининг таянч устунларига айланиб бормоқда. Яхлит жойлашуви ва қулай коммуникация мавжудлиги эндигина иш бошлаётган тадбиркорларга айни муддао бўлмоқда. Қолаверса, кўплаб янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланмоқда.

    Сўнгги йилларда ҳудудларда махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари ташкил қилиш, уларни зарур инфратузилма билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Ўтган беш йил давомида юртимизда қўшимча 19 та эркин иқтисодий зона ва 400 дан зиёд кичик саноат зонаси ташкил этилиб, мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Натижада 100 мингта иш ўрни яратилиб, йилига 45 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шунингдек, саноат зоналаридаги корхоналар йилига 750 миллион долларлик экспорт ва 1 триллион сўмдан зиёд солиқ тушумларини таъминламоқда. Яна бир муҳим жиҳати, ҳар бир туманга, олис ва чекка ҳудудларга саноат кириб бормоқда. Хусусан, илгари саноат умуман бўлмаган 11 та туманда 205 та янги корхона иш бошлади.

    Рақамларда акс этган натижа

    Тошкент вилоятида жойлашган “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси ҳам мамлакатимиздаги йирик ишлаб чиқариш салоҳиятига эга марказлардан биридир.

    “Ангрен” ЭИЗ Ангрен ва Оҳангарон шаҳарлари, улар орасидаги Оҳангарон тумани бўш ер майдонлари, Бекобод шаҳри ҳудудларида жойлашган. Жами 4125 гектар майдондан иборат иқтисодий зона ишлаб чиқаришни модернизациялаш, маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқариш, энг асосийси, экспорт географиясини кенгайтиришда ўз ўрнига эга. Табиий ресурслар, ишчи кучининг асосий қисми шу ерда жойлашганидан унумли фойдаланган ҳолда, ҳудудда хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш орқали саноатни ривожлантириш ва ишсизликни бартараф этишда салмоқли натижаларга эришилмоқда.

    2021 йилда “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси корхоналарининг Тошкент вилояти саноат маҳсулотлари ҳажмидаги ҳиссаси 6,4 фоизни, экспортидаги улуши эса 3,1 фоизни ташкил этди. Ўтган йили ушбу ЭИЗдаги корхоналар томонидан 5 376,4 миллиард сўмлик 180 дан зиёд турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган. Шундан 62,6 миллион долларлик, яъни қарийб 13 фоизи хорижга экспорт қилинган.

    Ушбу маълумотлар “Ангрен” ЭИЗ мамлакат макроиқтисодий кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатиб, юртимиз иқтисодиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётганидан далолатдир.

    Сўнгги йилларда “Premier Electrotech” (кир ювиш машиналари ва совиткичлар), “East Mining Invest” (автоклав газобетон блоклар), “Angren Pack” (картон, қоғоз, гофраидиш), “National Ceramics” (глазурланган керамик плитка), “Quality Devices” (“Artel”, “Shivaki” ва “Samsung” савдо белгиси остида телевизор, монитор ва микротўлқинли печлар) сингари саноат ва маиший рўзғор буюмлари ишлаб чиқарадиган корхоналар ишга туширилди.

    Инвестицион жозибадорлик ва имтиёзлар маҳсули

    Ҳозирги кунда бир қатор етакчи хорижий давлатлар билан ҳамкорлик иқтисодиётимизнинг илғор тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришга инновацион технологияларни кенг жорий қилиш имкониятини бермоқда.

    Ана шундай ҳамкорлик натижасида “Ангрен” ЭИЗда хорижий корхоналар сони ҳам йилдан-йилга кўпайиб бораётир. Кейинги йилларда хорижий инвесторларга яратиб берилган қулай бизнес муҳити туфайли иқтисодий зона ҳудудида “Limax gold textile” (пайпоқ), “Dal heavy industries” (турли мураккабликдаги металлоконструкциялар), “Li Da metal technology” (А-500 маркали пўлат арматура), “Teploizolyatsionnaya kompaniya” (иссиқлик изоляцияли материаллар), “Ahangaranskiy trubniy metallurgicheskiy zavod” (кенг қамровдаги металл маҳсулотлар) корхоналари ишга туширилди.

    Бугунги кунда қишда иситиш ва ёзда совитиш харажатларини сезиларли даражада камайтирадиган замонавий иссиқлик изоляцияли материалларга эҳтиёж кўпаймоқда. Эркин иқтисодий зона ҳудудида жойлашган “Teploizolyatsionnaya kompaniya” МЧЖ “Пеноплекс” савдо белгиси остида ана шундай иссиқлик изоляцияли материаллар ишлаб чиқармоқда. Корхонада Европадан олиб келинган, 500 килограмм/соат қувватга эга замонавий ишлаб чиқариш линияси мавжуд. Корхона нафақат мамлакатимиз қурилиш бозорини маҳсулот билан таъминлайди, шунингдек, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Афғонистонга экспорт қилади.

    — Мазкур эркин иқтисодий зонада 2019 йилнинг декабридан буён фаолият юритиб келмоқдамиз, — дейди корхона директори Александр Сиделёв. — ЭИЗдаги бу корхона бугунги кунда Россияда 8 та ва Қозоғистонда битта ишлаб чиқариш майдончасига эга йирик иссиқлик изоляцияли материаллар ишлаб чиқарувчи “Пеноплекс” компаниясининг ўнинчи заводи ҳи- собланади. Корхона йилига маҳаллий бозорга импорт ўрнини босувчи 100 минг куб метр иссиқлик изоляцияли плиталар ишлаб чиқармоқда. Бу ерда меҳнат қилаётган 116 ишчининг аксар қисмини ёшлар ташкил этади.

    Кейинги йилларда Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳит шакллантирилиши, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонун йўли билан кенг кўламдаги имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар тизими белгиланиши ўз самарасини беряпти.

    — Эркин иқтисодий зона иштирокчилари киритилган инвестициялар ҳажмига қараб мол-мулк, ер ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлардан озод этилиши каби қатор имтиёзлар хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни мазкур ҳудудда бизнес юритишга ундамоқда, — дейди “Ангрен” ЭИЗ директори Муталлибжон Ҳожимуродов. — Натижада ЭИЗ ҳудудида корхоналар сони ошмоқда, маҳаллий бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш имконияти яратилмоқда, экспорт ҳажми кенгаймоқда.

    2013-2017 йиллар давомида 488,8 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилди. Унинг 198,7 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициядир. 2018-2021 йилларда эса 600,7 миллион, хусусан, 221,7 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинди. Умуман олганда, агар 2016 йилда “Ангрен” ЭИЗ ҳудудида 15 та корхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 113 тага етди.

    Видеоселектор йиғилишидан кейин нималар ўзгарди?

    Президентимиз раислигида шу йил 26 май куни ҳудудларда махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари ташкил қилиш, уларни зарур инфратузилма билан таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда жорий йилнинг ўзида махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналарида 2 мингта лойиҳани амалга ошириш, 110 мингта янги иш ўрни яратиш ва 1 миллиард доллар экспортни таъминлаш учун имкониятлар борлиги таъкидланди. Бу борадаги вазифалар белгиланди.

    Видеоселектор йиғилишидан келиб чиқиб, “Ангрен” ЭИЗ ўз олдига қандай мақсадлар қўйди, бу ерда энди нималар ўзгаради?

    — Видеоселектордан сўнг “Ангрен” ЭИЗ дирекцияси ўз олдига 2022 йил учун салмоқли вазифалар белгилади, — дейди М.Ҳожимуродов. — ЭИЗ иштирокчи корхоналари томонидан қиймати 8,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, шундан 83,1 миллион долларлик маҳсулотни экспортга чиқариш, 174 миллион долларлик, жумладан, 85,6 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилишни режалаштирганмиз. Умумий қиймати 182,7 миллион долларлик 24 та лойиҳани амалга ошириш олдимизда турган муҳим вазифалардан саналади.

    Ана шу вазифалар доирасида Ангрен шаҳрида “Central Asia chemicals” (кимёвий хомашё ва кир ювиш кукуни), “Intisoar near” (синтетик цеолит), “Ecoton Sharq” (автоклавланган газобетон блоклар), “Angren insulation” (шиша толасидан минерал пахта), Оҳангарон шаҳрида “Ahangaranskiy trubniy metallurgicheskiy zavod” (металл рулон лист), “Yuanxin” (томчилаб суғориш полимер қувурлари ва фитинглари), Оҳангарон туманида “Pak-Merit bleaching clay” (активлаштирилган оқартирувчи гил) ва “Elmuraz” (ун маҳсулотлари) корхоналари ишга туширилиши кутилмоқда.

    “Ангрен” ЭИЗ дирекцияси ишлаб чиқарилаётган ҳар бир маҳсулот хорижий стандартларга мослаштириш, иштирокчи корхоналарни зарур инфратузилма, жумладан, электр, сув, газ, йўл ва канализация билан тўлиқ таъминлаш, янги лойиҳаларни ишга туширишни мақсад қилган.

    Яна бир гап. Жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра, “Ангрен” ЭИЗ иштирокчи корхоналарда 10 200 та янги иш ўрни яратилди. Шу йил якунига қадар янги лойиҳалар ишга туширилиши натижасида қўшимча 2 600 та иш ўрни очилиши кутилмоқда.

    “Ангрен” ЭИЗда лойиҳалар жойлаштириш учун мўлжалланган 430 гектарга яқин бўш ер мавжуд. Ушбу майдонга умумий қиймати 145 миллион долларлик (шундан, 32 миллион доллари тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари) 10 та истиқболли лойиҳани жойлаштириш масаласида музокаралар олиб борилмоқда ҳамда лойиҳалар бизнес режалари ишлаб чиқилиб, экспертизадан ўтказилмоқда. Лойиҳалар доирасида қўшимча 3150 та янги иш ўрни яратилиши бўйича истиқболли режалар кўзда тутилган.

    Келгусида амалга ошириладиган лойиҳалар ишлаб чиқариш қамровини янада кенгайтириб, аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиб, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

    Шаҳзод Ғаффоров,

    "Янги Ўзбекистон" мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates