Таъкидлаш жоизки, асрлар мобайнида тинч, ўзаро келишиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаб яшаб келаётган икки қардош халқ ўртасидаги муносабат кейинги йилларда янада мустаҳкамланди. Бугун ишонч билан айтиш мумкинки, давлатларимиз ўртасидаги кенг қиррали шериклик теран, кўп асрлик қалин дўстлик, ўзаро ҳурмат ва яхши қўшнилик тамойили асосида муваффақиятли ривожланмоқда.
Хусусан, бугунги кунда изчил, ўзаро манфаатли хусусият касб этган, юқори ўсиш суръатини олган икки қардош мамлакат муносабатининг жорий ҳолатига Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга 2017 йил март ойиида амалга оширган илк хорижий ташрифи икки томонлама алоқаларнинг янги ижобий динамикасига мустаҳкам асос яратди.
Айни пайтда юртимизда фаолияти Республика туркман маданий маркази томонидан мувофиқлаштириладиган 6 та туркман маданий маркази мавжуд.
Мамлакатларимиз муносабатида савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг оқилона сиёсати, саъй-ҳаракатлари туфайли савдо ҳажмини ошириб бориш бўйича белгиланган аниқ вазифалар ижроси ўз самарасини бермоқда. Хусусан, 2016 йил ўзаро савдо-сотиқ кўрсаткичи 200 миллион доллардан сал зиёдроқни ташкил этган бўлса, 2021 йил якунида эса бу рақам 902 миллион долларни ташкил этди.
Яна бир эътиборли жиҳат. Ўзбек ва туркманлар мислсиз бой маданий ва илмий меросни, анъаналарни асраб-авайлаб келаётган халқ. Буюк адиб ва мутафаккирлар Алишер Навоий ва Маҳтумқули ижоди халқларимизнинг умумий қадриятидир. Икки халқнинг мустаҳкам дўстлиги, ҳамжиҳатлиги ва маданий яқинлиги рамзи сифатида Тошкент шаҳрида бетакрор туркман шоири, файласуфи ва мумтоз адабиёт намояндаси Маҳтумқули номидаги фаровон кўча бошида унинг тимсоли туширилган барельеф қад кўтарди, “Ашхобод” боғи очилди, Ўзбек–Туркман дўстлик уйи муассасаси ва Хоразм вилоятида “Улли ҳовли” мажмуаси ишга туширилди. Ўз навбатида Туркманистон пойтахтида Маҳтумқули кўчаси билан кесишадиган Алишер Навоий кўчаси очилди, Ашхобод шаҳрида “Тошкент” боғи барпо этиляпти.
Ўзбекистонда яшаётган туркманлар ўз миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини ривожлантириши учун барча шароит яратилган. Бу жараёнда икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшадиган халқ дипломатиясига муҳим ўрин ажратилган.
Республикамиз ҳудудларида туркман халқининг маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаш, тарғиб этиш мақсадида туркман миллатига мансуб аҳоли зич яшайдиган мўъжаз ҳудудларда шерик ташкилотлар билан биргаликда маданий-маърифий тадбирлар уюштирилмоқда. Жумладан, туркман ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган турли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ва Туркманистон муносабатларида БМТ шаъфелигида халқаро ҳамжамият томонидан қабул қилинган кенг кўламли ва узоқ муддатли стратегиялар, концепциялар ва дастурларни амалга оширишда ёндашувларининг яқинлиги муҳим аҳамиятга эга. Томонларнинг қўшни Афғонистонда тез орада фуқаролар тинчлиги ва тотувлигига эришиш учун ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлиги айниқса муҳим аҳамият касб этади.
Бу жараёнда томонлар мазкур мамлакат билан савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва энергетика алоқаларини сақлаб қолиш, инфратизим лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, Афғонистон халқига БМТнинг марказий мувофиқлаштирувчи роли доирасида ҳар томонлама халқаро гуманитар кўмак бериш зарурлиги борасида умумий тушунчага эга.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон — Туркманистон муносабати хусусиятлари минтақавий савдони ривожлантириш, транзит-транспорт ва энергетика соҳасидаги салоҳиятни юзага чиқариш, шунингдек, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш каби йўналишларда манфаатлар яқинлашуви ўсиб боришида намоён бўлмоқда.
Қундуз РОЗИМОВА,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)