Йиллик 3,3 миллиард куб метр табиий газ босимини ошириш қувватига эга станция ишга туширилди

    Энергетика 28 март 2021 666

    «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Зеварда» конидаги сиқув компрессор станциясининг 2-навбати ишга туширилди.

    Қурилиш ишлари «Enter Engineering» (Сингапур) компанияси томонидан амалга оширилди. Замонавий газ-турбина ускуналари ва компрессорлар «Baker Hughes General Electric» (АҚШ), «Моторсич» (Украина), «Akcelik» (Туркия), «Denair Energy» (Хитой) компаниялари томонидан етказиб берилди.

    Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида жойлашган «Зеварда» конидаги сиқув компрессор станциясининг янги қурилган паст босимли газларни ўзлаштиришга мўлжалланган 2-навбатини ишга туширишга бағишланган тантанали очилиш маросими ўтказилди.

    Тантанали маросимни «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев очиб берди ва ушбу сиқув компрессор станцияси қурилишида меҳнат қилган барчага миннатдорчилик билдирди.

    – Янги сиқув компрессор станцияси йилига 3,3 миллиард куб метр табиий газ босимини ошириш қувватига эга ҳамда газ таркибидаги суюқ компонентларни ажратиб олиш учун газни комплекс тайёрлаш қурилмасига етказиб беришга хизмат қилади ва кунлик қўшимча 1,5 миллион куб/метр (йиллик 480,0 миллион куб/метр) газ қазиб олишга эришилади, – деди Меҳриддин Абдуллаев.

    Ушбу сиқув компрессор станциясининг 2-навбати 2 та агрегат орқали «Зеварда» кони қудуқларининг саноат миқёсидаги паст босимли табиий газлари босимини кўтариб, «Зеварда» сиқув компрессор станциясига узатиб бериш ва бу орқали табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларини оширишга хизмат қилади.

    Сиқув компрессор станциясининг барқарор ишлашини таъминлаш учун 2021 йилда «Зеварда» конида қўшимча 9 та янги қудуқни бурғилаш, узунлиги 5,2 километр газ коллекторини қуриш ва кондан йиллик 2,9 миллиард куб метр табиий газ қазиб олиш режалаштирилган.

    Ушбу объектни барпо этиш натижасида, «Зеварда» конидаги табиий газ қазиб чиқариш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда назорат қилиниши билан бир қаторда, ушбу кон бўйича кунлик табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларини 1,5 миллион куб метрга ошириш имконияти яратилди.

    Маълумот учун, «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан «Зеварда» кони ҳудудида кўп йиллар давомида олиб борилган геология-қидирув ишлари натижасида 305 миллиард куб/метр атрофида табиий газ ҳамда 18,0 миллион тоннадан ортиқ газ конденсати захиралари мавжудлиги аниқланган.

    Ушбу кон ва ундаги қудуқларнинг жорий ҳолатида Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан 2,27 миллиард куб/метр табиий газ ва 46,6 минг тонна газ конденсати қазиб олинади.

    Бошқарма томонидан 2021 йилда 16,8 миллиард куб/метр табиий газ, 109 минг тонна нефть, 310,7 минг тонна конденсат қазиб олиш режалаштирилган.

    Қазиб олинаётган табиий газ қувурлари орқали «Муборак» газни қайта ишлаш заводига ҳамда нефть ва конденсат хомашёлари «Бухоро» нефтни кайта ишлаш заводига етказиб бериляпти.

    Ҳозирги кунда, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси тасарруфида жами 42 та нефть ва газ конденсат конлари, 12 та сиқув компрессор станциялари ва 14 та газни тайёрлаш қурилмалари мавжуд.

    Таъкидлаш керакки, «Зеварда» конини ишлатиш жараёнида қатлам ва қудуқ устки босими кескин равишда тушиб бориши натижасида, 2007 йилда конда 1-сонли сиқув компрессор станцияси ишга туширилди.

    2008 йилда табиий газ таркибидаги суюқ углеводородларни максимал даражада ажратиш ва кўпайтириш мақсадида 5 та моноблокли турбодетандер агрегатлари фойдаланишга топширилган.

    «Зеварда» кони 1968 йилда очилган бўлиб, дастлабки табиий газ захираси 305 миллиард куб/метрни ҳамда конденсат захираси 18 миллион тоннани ташкил этган. Конни ишлатиш давомида 136 та қудуқ бурғиланиб, ҳозирги кунда 82 та қудуқ ишлатилмоқда, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.

    Эслатиб ўтамиз, ушбу бошқарма томонидан табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш мақсадида, «Денгизкўл» конида ҳам янги сиқув компрессор станцияси барпо этиляпти.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates