Ёруғ кунларга ёруғ юз билан

    Ўтган кунларимни эсласам, юрагим ўртаниб, бағрим эзилиб кетаверади. Нолишни истамайман, лекин бой бўлмасак-да, тўкин яшашни истардим.

    Мамлакатимизда аёлларнинг жамиятдаги нуфузи ва ролини оширишда муҳим қадамлар қўйилмоқдаки, бу юртимизнинг ҳар бир жабҳасини ривожлантиришда, тараққиёти ва равнақида ўз самарасини бермоқда. Хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлиги муҳитини яхшилаш йўлидаги ислоҳотлар ишсиз аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш, бизнес юритишлари билан боғлиқ барча жараёнларни соддалаштириш, молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда имкониятлар яратиб беришга қаратилган.

    — Президентимизнинг “Одамларнинг меҳнат қилиб, бой бўлиши ва яхши ҳаёт кечириши учун барча шароитларни яратишимиз зарур”, деган сўзларини телевидение орқали эшитиб, ҳар бир инсон ўзи туғилиб ўсган она юртида бой-бадавлат, бахтли-саодатли ва осуда ҳаёт кечиришга ҳақли эканига, иш излаб ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлмаслиги кераклигига яна бир бор амин бўлдим, — дейди хатирчилик тадбиркор Мунира Ҳамроева.

    “Аёллар дафтари”

    Давлатимиз раҳбари жорий йил 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида янги иш тизими жорий этилиши, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” шакллантирилишини ва бу “темир дафтар”дан алоҳида бўлишини, унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилишини таъкидлади.

    Бунинг натижасида улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилиши қайд этилиб, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш тажрибаси Хатирчи тумани ва Янгиер шаҳри мисолида муҳокама этилди. Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги 68 та маҳалла фуқаролар йиғинида “темир дафтар”га киритилган 340 нафар хотин-қиз 18 та йўналиш бўйича касб-ҳунарга ўқитилмоқда. Ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган 30 нафарга яқин хотин-қиз эса лойиҳа доирасида ишга жойлаштирилди.

    Тадбиркорлик фаолиятини бошлаган Мунира Ҳамроеванинг мурожаати ҳам ўрганилиб, фаолиятини ривожлантириши учун 30 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиб берилди. Мақоламиз қаҳрамони, оддий қишлоқ оиласида вояга етган хатирчилик Мунира Ҳамроева ёшлигиданоқ онасининг ёнида чопон тикиш, гилам ва кашта тўқиш ишларига қарашиб, вояга етди. Меҳнатдан бўйин товламаслик унга онасидан мерос.

    “Ишлайман, кўп даромад йиғиб, келажакда оилам билан фаровон яшайман”, деган орзу-умидлар қуршовида Россияга иш излаб кетган Мунира 6 йил давомида ўзга юртда мақсадига ета олмай, ватанига қайтиб келди. Мунира билан суҳбатлашар эканман, юртимизда хотин-қизлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ва имкониятлардан унумли фойдаланиш даражаси уларнинг ўзигагина боғлиқ бўлиб қолаётганига амин бўлдим.

    Гиламларингизни кимга сотасиз?

    Аёллар ўзларини нафақат она, рафиқа, балки жамиятга керакли шахс сифатида кўриб, салоҳиятини тўғри йўналтира олса, фақат оила қуриш, фарзандлар туғиб, тарбиялашни эмас, балки ўз иқтидори, ҳалол меҳнати билан юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши лозимлигини теран англаб етса ва шунга интилса, хаёлидаги барча эзгу мақсадлари ҳақиқатга айланарди. Мунира туман мутасаддиларидан гилам цехини очиш масаласида ёрдам ва маслаҳат сўраганида, юрагидаги армонларини ҳалол меҳнати билан юзага чиқаришни ният қилганди.

    Туман ҳокими унинг қарорини қўллаб-қувватлаб, “тўқиган гиламларингизни қаерда ва кимларга сотмоқчисиз”, деб сўраганида, умрининг олти йилини Россияда сарсонгарчиликда, оғир меҳнатда бесамар ўтказган аёл: “Агар керак бўлса, елкамда кўтариб, уйма-уй юриб сотаман”, дея қатъий жавоб берган эди. Мунира Ҳамроевага ўз тадбиркорлигини ривожлантириш учун дастлаб шу йилнинг май ойида 60 миллион сўм кредит ажратилди.

    У турмуш ўртоғи билан бирга бу маблағга ўзлари яшайдиган “Боғчакалон” маҳалласидаги ташландиқ бинони тўлиқ таъмирдан чиқарди ва гилам тўқиш дастгоҳларини сотиб олиб келиб ўрнатди. Сўнгра гиламчилик соҳасида етарли даражада кўникмага эга бўлиш учун Қашқадарё вилоятининг Косон туманига бориб, 10 кун давомида тажриба орттириб келди. Қишлоғидаги ишсиз аёлларни йиғиб, ўзининг “Хатирчи асл ипак гиламлари” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини йўлга қўйди. Натижада ҳамқишлоқ хотин-қизлардан 20 нафарининг бандлиги таъминланди.

    Ҳозир гилам цехида соф, бўялмаган жундан гиламлар, жойнамоз ва пояндозлар қўл меҳнати билан тўқилмоқда. — Президентимиз халқимизга кенг имкониятлар эшигини очиб берди, — дейди Мунира. — Айниқса, тадбиркорлик қиламан, янги иш ўринлари яратаман, деган одамга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Тадбиркорни ҳамма, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда. Яратилган ана шу имкониятлар ўз ишини эндигина бошлаган мен каби тадбиркорларга қанот бўлмоқда.

    Яқинда яна 30 миллион сўм кредит олиб, қолипли нон цехини ишга туширдик. Кунига 600 дона нон ишлаб чиқариб, тумандаги 11 та мактабгача таълим муассасасига нонларни шартнома асосида етказиб беряпмиз. Келгусида жун йигириш ва сут маҳсулотлари цехларини ҳам очмоқчиман. Режаларим ва орзуларим жуда кўп. Аммо юрагимда бир армон ва бир кемтик борки, уни ҳеч қачон тўлдира олмасам керак. Сабаби, шундай кунларга етганимни онам кўра олмади. Онам 6 йил мобайнида менинг боламни оқ ювиб, оқ тараб, меҳр бериб қаради, кўз тикиб йўлларимни пойлади-ю, келганимдан сўнг оғир хасталик сабаб бизни ташлаб кетди...

    Бахтга чўмгандим, лекин унга тўймадим

    — Болалигим бошқа болаларникидек шўх-шодон, ўйин-кулгиларга йўғрилган ҳолда ўтмаган, — дейди Мунира. — Оилада тўрт фарзандмиз. Мен тўнғичиман, дадам эрталабдан кечгача тиним билмай далада ишлар, лекин жуда кам маош оларди. Онам раҳматли эса рўзғорга ёрдам бўлсин, кам-кўстимиз тўлсин, деб ҳамма ухлар чоғида ярим тунгача, баъзан эса тонггача хира чироқ ёғдусида таниш-билишлар, қўни-қўшниларга чопон, жойнамоз, каштали сочиқлар тикиб, чеварлик қиларди. Кундуз кунлари рўзғор юмушларини саранжомлаб, жун йигириб, гилам тўқирди. Кимлардир пул берса, бошқа бировлар пул ўрнига 5-6 килограмм ёнғоқ, майиз ёки туршак ташлаб кетарди. Онам ким нима берса индамай олар ва жуда ҳам мамнун бўларди.

    Болалик, ёшлик чоғларимда ва улғайиб катта бўлганимда ҳам ҳеч қачон ортиқча пулимиз бўлмаган, ўзимга, укам ва сингилларимга хоҳлаган нарсаларини сотиб олиб беришга қурбимиз етмаган. Бир куни 10-синфда ўқийдиган укамни йўловчи машинаси уриб кетган ва ҳеч қандай ёрдам бермаган. Биз эса бисотимиздаги телевизоримизни сотиб, пулини укамнинг даволанишига сарфлаганмиз. Ўшанда сингилларим жавдираб, роса йиғлаган. Ўтган кунларимни эсласам, юрагим ўртаниб, бағрим эзилиб кетаверади.

    Нолишни истамайман, лекин бой бўлмасак-да, тўкин яшашни истардим. Ўнинчи синфни тугатганимдан сўнг Каттақўрғон туманидаги педагогика касб-ҳунар коллежига ўқишга кирдим. Лекин уй ишлари ва чеварчиликда онамга кўмаклашиш учун ўқишимни охиригача давом эттира олмадим. Турмушга чиққанимдан сўнг ҳам яна моддий қийинчиликлар ичида яшадим. Ичимдаги бир овоз, эрта бир кун ҳаммаси яхши бўлади, дерди. Ўғлим туғилганидан сўнг оиламизда қуёш чарақлаб, бахтга чўмгандек бўлдим.

    Оналик ўзи ҳақиқий бахт эди мен учун. Шу қувонч билан икки йил қандай ўтганини билмай қолдим. Болам туфайли бахтга чўмгандим, лекин унга тўймадим. Катта рўзғорга келин бўлганман. Оилада кўпчиликмиз, ишлай десак иш, алоҳида ҳовли қуриб чиқиб кетишга эса маблағимиз йўқ эди. Мен келин бўлиб тушган уйга яна келин келиши, қайним уйланиши лозим бўлди. Ўғлим 2 ёшга тўлгач, болагинамни онамга ташлаб, турмуш ўртоғим билан Россияга ишлашга кетишга мажбур бўлдик...

    Ўғлим онамда, кўзларим эса йўлдақолганди

    Муниранинг турмуш ўртоғи билан хорижда кечган йиллари қалбида оғриқли ва озорли хотираларнигина қолдирган. Ёшгина келинчакнинг ўзга диёрда кўрган азобларини тасвирлаб беришга қалам ҳам ожизлик қилмоқда назаримда. Нам, ёмғирли кунларда картошка ва сабзи терганлари-ю, аёл бошига 50 килолик қопларни кўтариб, улкан машиналарга ортганини ёки савдо дўконларида ишлаб, бир сўм бўлса ҳам жамғариб, уй олишни ният қилгани ҳақидаги ҳикояларни тинглар эканман, баъзи бир ёшларимизнинг ҳою ҳавасларга берилиб, хорижда енгил ҳаётни касб қилиб олганларига ачиндим.

    “Садоқатли аёллар уруш даврларидагина бўлган, улар ҳамма қийинчиликка чидаган, ҳозирги ёшлар ундай эмас”, дейди баъзи бировлар. Йўқ, аслида инсоннинг қандай яшаши унинг маънавиятига боғлиқ. Болалигидан йўқчиликда қийналиб ўсган Мунира ростгўйлиги билан ўша ердагиларнинг ҳам кўнглидан жой олиб, ишончига кирди. Турмуш ўртоғи ва ўзининг ҳалол меҳнатлари туфайли хорижлик тадбиркорлар уларга масъулиятли ишларни топширар эди. Бироқ ишлаб топганларини емай-ичмай жамғарсалар-да, қўллари пул кўриб, чўнтаклари қаппаймади.

    Йиллар ўтган сари юрт соғинчи, онасининг мунгли қарашлари, боласининг чирқираб йиғлаб қолган чеҳраси бир зум бўлса-да кўз ўнгидан кетмади. Турмуш ўртоғининг “озгина сабр қил, чида”, деган сўзлари сўнгги вақтларда қулоғига ҳам кирмай қолди. “Юринг, юртимизга кетамиз, ўғлимиз яқинда мактабга чиқади, наҳотки уни қўлчаларидан ушлаб, мактабга ўзимиз олиб бора олмасак”, дея зорланаверди. Ниҳоят, турмуш ўртоғи билан жонажон қишлоғига қайтиб келди. Тўплаган пуллари ҳар ҳолда чоғроққина ҳовли сотиб олишга етди. Бу ёғига яна на иш бор, на рўзғор юритишга ортиқча бир сўм маблағ. Боши қотиб, нима қилишни билмай ўйланиб юрганида, хотин-қизлар учун яратилаётган имкониятлар унинг умидсиз кўнглига умид чироғини ёқиб, нурли манзилларга етакловчи ёруғ ва истиқболли йўлга кенг бир эшик очиб берди.

    Мақсад билан яшаш керак

    Бир замонлар аёлларга заифа, ожиза сифатида менсимай қарашган. Бу сўзлар ҳозир ҳам учраб туради. Аслида ҳеч бир даврда аёл ожиза бўлган эмас. Мунира каби ўз оиласи, фарзандининг бахти-саодати учун минг бир машаққатга тайёр аёллар бунинг исботидир. Мен унинг ёт элнинг аёзли, изғиринли, қорли-қировли кунларида ишсиз, пулсиз, бошпанасиз қолганларини, на ётишга жой, ейишга нон тополмай аросатда ўтказган азобли кунларининг озорларини қоғозга туширишни истамадим. Чунки аянчли ўтмиш ортда қолди. Ёруғ истиқболли кунлари эса чиндан ҳам олдинда турибди.

    Энг асосийси, биз яшаб турган жамиятда Мунира сингари меҳнаткаш, қатъиятли, шижоатли аёлларнинг борлигида. Мунира Ҳамроева келгусида жун йигириш ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехларини ҳам очмоқчи. Тадбиркорлик қилиб кам бўлмаяпти. Оиласи тинч, топаётган даромади ҳам ёмон эмас, одамларга нафи тегяпти. Асосийси, яқинларининг ёнида. Фарзандининг камолини кўриб, дийдорига тўйиб, куч олиб яшаш ўзбек аёли учун энг олий бахт, бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.

    Аёлнинг қадами теккан саҳро бўстонга, қўли теккан тикан гулга айланиши бежиз эмас. Юрагида минг битта умид ва эзгу ниятлар билан ўз фаолиятини бошлаган тадбиркор аёлнинг бошида ­Ўзбекистон деган жаннатмонанд диёри бор, елкасига бош қўйишга муносиб турмуш ўртоғи ва ҳаётининг мазмуни — ўғли бор.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates