Ёш дастурчилар оиласи: биргаликдаги ғоялар катта лойиҳаларга айланмоқда

    "Кўплаб маҳаллий ва халқаро лойиҳаларда ментор, эксперт сифатида иштирок этиб кўрдимки, Ўзбекистонда иқтидорли ёшлар жуда кўп. Улар истиқболли лойиҳаларини яратиб, амалиётда қўллашяпти".

    “Уч йил олдин бир неча кишидан иборат кичик жамоам билан илк стартап лойиҳам — “EPOS” устида ишлашни бошладик. Барчамиз дастурчи бўлганимиз учун лойиҳани яратиш унчалик қийинчилик туғдирмади. Онлайн касса мобил иловасини дўконларга бепул ўрнатдик, қисқа вақтда дастур учун буюртмаларимиз сони ортиб борди. Орада бошқа лойиҳаларга ҳам қўл урдик. Аммо уларнинг кўпи зарар келтираётганди ва компаниямиз катта миқдорда қарзга кириб қолди. Шундан сўнг бор эътиборимни билимларимни янада мустаҳкамлаш, бизнес кўникмаларимни оширишга қаратдим. Ниҳоят, компания қарзлардан чиқди, бу орада эса кучли жамоа шаклланди. Ҳозир 60 кишидан иборат компания — IT соҳасида юқори билим ва кўникмага эга, кўплаб лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошираётган катта жамоага раҳбарлик қиляпман”.

    Маъмуржон Қодиров дастурчи бўлишни мақсад қилганидаёқ муваффақиятга эришиш йўлида ана шундай ютқазишлар ҳам бўлишини билган ва бунга тайёр турганди. Ўз хатоларини кўриб, уларни тўғирлашга интилгани учун ҳам бугун шу соҳанинг етакчиларидан бирига айланди. Дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи “Novalab Tech” ҳамда “EPOS systems” IT компанияларининг асосчиси бугунги кунда АҚШда ўз фаолиятини кенгайтириш ҳаракатида, янги лойиҳалар устида ишламоқда.

    ... Ёшим 27 да. Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг IT йўналишини тамомлаганман. Ўқиш даврида талабалар алмашинув дастури бўйича АҚШ, Корея давлатларида таҳсил олиб қайтдим. Хориж давлатлари тажрибаси, айниқса, улардаги ахборот технологиялари соҳасидаги сўнгги янгиликлар, замонавий технологияларни ўрганиш фаолиятимда катта маҳорат мактаби бўлди, ўз лойиҳамни яратишга қизиқишим янада ортди. Юртимиздаги “MyTaxi” компаниясида ишлаб, тажриба оширдим. Дастурчиликдан жамоа етакчиси даражасига кўтарилдим. Илк лойиҳамни эса ўз юртим — Ўзбекистонда ташкил қилдим.

    Чет элда ўқиш билан бирга, бўш вақтларимда ишлаб, у ердаги касса тизимини ўрганганим менга фойда бўлди. Мамлакатимизда 2019 йилда бошлаган илк лойиҳам ҳам онлайн касса иловаси эди. Бу “EPOS systems” лойиҳасининг бир қисми. Албатта, иш аввалида қийинчиликлар бўлган. Чунки дастур яратиш ва уни амалиётга жорий этиш осон иш эмас. Муваффақиятга эришиш учун доимий изланиш, кўникма ва бозорни ўрганиб бориш талаб этилади. Биз ана шу мезонлар асосида лойиҳамизни ривожлантириб боряпмиз. Яъни, “EPOS” лойиҳаси савдони электрон таҳлил қилиш, жараёнда фойда ва зарар ҳақидаги барча маълумотларни олиб, тизимга солишни назарда тутади. Бизнинг асосий мижозларимиз ҳар қандай йўналишдаги савдо дўконлари ҳисобланади. Ушбу тизимга талаб йилдан йилга ошиб боряпти. Бугунги кунга келиб 2 мингдан ортиқ дўконлар мижозларимизга айланган.

    Рақамли дастур ҳар жойда керак

    Инсон ҳаётида болаликнинг ўрни алоҳида ўрин тутади. Маъмуржон билан суҳбатлашиб, ўйлаб қолдим “агар унинг оиласида ўқишга, аниқ фанларга бўлган қизиқишини рағбатлантириш бўлмаганида, бугунгидек ўз севимли касбида қунт билан ишлаган бўлармиди?” Менимча, йўқ. Ҳар ҳолда, Маъмуржоннинг ўзи ҳам ота-онасининг қўллаб-қувватлаши сабаб ўз устида кўпроқ ишлагани, танлаган йўналишида қатъий борганини таъкидлайди. “Мантиқий масалаларни ечишга бўлган қизқишим дастурлашни ўрганишга етаклаган бўлса, савдо-сотиқ, бизнесга иштиёқим тадбиркорликка олиб борди ва ҳозир шу йўналишда тадбиркорлик билан шуғулланяпман”, дейди у.

    Компания дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариб, харидорларга тақдим этади. Дастурий таъминот атамаси инглиз тилида “software” деб ҳам аталади. Бу компъютерда маълум бир турдаги вазифани бажариш учун ишлаб чиқилган воситадир. Аниқроғи, дастурий таъминот деганда, ҳисоблаш техникаси воситалари билан маълумотларни қайта ишлаш тизимини яратиш ва улардан фойдаланиш учун қўлланиладиган дастурий ва ҳужжатли воситалар йиғиндиси тушунилади.

    Ҳозирги рақамлаштириш жараёнларида бундай маҳсулотларга талаб бошқа давлатлар қатори юртимизда ҳам ўсиб бормоқда. Биламизки, 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 5 баравар, уларнинг экспортини эса 10 баравар ошириб, 500 миллион АҚШ долларига етказиш вазифалари қўйилган. Бунинг учун Маъмуржон каби ёшларга барча зарур имконият ва шароитлар яратиб бериляпти. Натижада, дастурий таъминот яратиш ва дастурлаш ҳозирги вақтда энг талабгир ҳамда сердаромад соҳалардан бирига айланди. Бундай кадрларга талаб ҳам аввалги йилларга нисбатан бир неча баробар ўсган.

    Қаҳрамонимиз асос солган “Novalab tech” копанияси дастурий маҳсулотларнинг кўплаб турлари — махсус мобил иловалар, IT платформалар, веб-сайтлар ишлаб чиқариш бўйича етакчилар қаторида туради. Жамоа ишлаб чиқарувчилар, веб-дизайнерлар, лойиҳа менежерлари ҳамда бизнес таҳлилчилардан иборат. Улар асосан, дастурий таъминот яратиш, корхоналарда “POS” иловаси ёрдамида савдо жараёнини қўллаб-қувватлаш ва автоматлаштиришга кўмаклашиш билан шуғулланади.

    Энг яхши дастурчилар жамоаси сифатида қатор маҳаллий ва халқаро танловларда тақдирланиб келмоқда. Улар шу соҳа бозорида меҳнати ва имкониятларини намоён қилишга улгурган, аммо ўз устиларида ишлаш, билим олишга инвестиция киритишдан тўхташмайди. Ўзлари каби ёшларни доим қўллаб-қувватлашади.

    — Бизнинг асосий қадриятимиз сифатли дастурий таъминот яратишдан иборат, — дейди Маъмуржон. — Доим харажат ва сифат ўртасидаги оптимал мувозанатни сақлашга интиламиз. Ҳозирги кунда АҚШнинг Калифорния штатида яшаб, фаолиятимни давом эттиряпман. Калифорния дунёнинг IT маркази ҳисобланади ва бу ерда Google, Salesforce, Facebook сингари жаҳонга машҳур гигант компаниялар фаолият олиб боради. Мен ана шу бой тажрибани ўрганиб, билимларимни ошириш ва юртимизда қўллашни мақсад қилганман. Ҳозирги кунда компанияларимиз фаолиятини халқаро даражага олиб чиқиб, чет элдан инвестициялар жалб қилиш, янги ҳамкорлар топиш устида ишлаяпмиз. Қолаверса, дастурий таъминот ишлаб чиқаришга асосланган янги стартап лойиҳамни бошлаш арафасидаман. Уларни кейинчалик Ўзбекистонга олиб кириб, сунъий интеллект ривожига ҳисса қўшишни кўзлаганман.

    Дастур яратиш ҳам стартап лойиҳанинг бир тури. Аниқроғи, бу лойиҳа ҳам ишлаб чиқариш жараёнидан, то амалиётга жорий этишгача бўлган босқичларни ўз ичига олади. Бу ғояга аниқлик киритиш, уни яратишга тайёргарлик, шакли, дизайни ва ҳар қандай икир-чикиригача ишлаб чиқиш бўлиши мумкин. Стартап лойиҳалар айнан шу босқичлардан ўтади. Ва босқичлар лойиҳа мазмун-моҳиятига қараб бошқача номланиши ҳамда кичикроқ босқичларга бўлиниши мумкин. Аммо асосийси, дастурий таъминот яратишда бошқарув методологияларини билиш муҳим аҳамиятга эга. Акс ҳолда, катта бозор ва рақобат майдонида мижоз топиш ҳамда унинг ишончига кириш қийинлашади.

    Мендан кўп сўрашади, яхши дастурчи бўлиш учун нима қилиш керак, деб. Бунинг учун инсондан аввало, шу соҳага бўлган катта қизиқиш, сабр ва меҳнат талаб этилади. Булар ўз-ўзидан кўпроқ ўқиб-ўрганиш, доимий изланишга ундайди. Ҳозир IT бозорида ишлар жуда кўп, дастурчиларга талаб катта. Лекин профессионал дастурчи бўламан, деган инсон кўпроқ пул тўланадиган эмас, балки уни ўстирадиган лойиҳаларда ишлаши керак.

    Кўплаб маҳаллий ва халқаро лойиҳаларда ментор, эксперт сифатида иштирок этиб кўрдимки, Ўзбекистонда иқтидорли ёшлар жуда кўп. Улар истиқболли лойиҳаларини яратиб, амалиётда қўллашяпти. Замонавий соҳалар мамлакатимизда ишсизликни камайтиришга ҳам ҳисса қўшаётгани қувонарли. Компаниямизнинг асосий фаолияти Ўзбекистонда бўлгани боис, дастурчиликка қизиқадиган, иқтидорли йигит-қизларнинг бир қанчасини иш билан таъминлашга эришганмиз. Қолаверса, олган барча билимларимни ёшлар билан бўлишишга ҳаракат қилиб келяпман. Хорижда ўқиш, ишлаш истагидаги йигит-қизлардан ҳам маслаҳатларимни аямайман. Чет давлатга чиқишда, биринчи навбатда, ўша юртнинг тили, маданиятини билишлари зарурлигини таъкидлайман. Чунки жаҳон бозорида рақобат жуда кучли ва тил билмаган дастурчи ўз имкониятларини тўлиқ намоён эта олмайди. Шу боис, ўз лойиҳаларимга жалб қилаётган ёш дастурчиларни, аввало, тил ўрганишларига шароит яратамиз. Кўплаб иқтидорли ёшларимизнинг дунё миқёсига чиқишларига кўмаклашишни мақсад қилиб, шу йўлда ҳаракат қиляпмиз.

    Уйда ҳам, ишда ҳам ёнма-ён...

    Халқимизда беозоргина нақл бор: ўхшатмасдан — учратмас. Гап Маъмуржон Қодировнинг ўзи каби тиниб-тинчимас, яхшигина дастурчи ва лойиҳалар бошқарувчиси бўлган турмуш ўртоғи, 24 ёшли Мадина Қодирова ҳақида боряпти. Уларни кўпчилик ёш дастурчилар оиласи, дейди. Балки уларни дунёқарашлари, бир-бириникига ўхшаш қизиқишлари бирлаштиргандир. Ҳар ҳолда, ҳаёт йўлларини ўзаро боғлаган ёшлар, иш фаолиятларида ҳам доим ёнма-ён, бир-бирига кўмакчи.

    Мадинанинг касби менежер. Айни пайтда Тошкент давлат Иқтисодиёт университетининг магистратура йўналишида 2-босқич талабаси. Ўқиш билан бир вақтда, “Novalab tech” компаниясида лойиҳа бошқарувчиси бўлиб ишлайди. Ўз жамоаси билан бир қанча лойиҳаларни ишлаб чиқиб, амалиётда синовдан ўтказмоқда.

    — Зиёлилар хонадонида туғилганман, оилада 4 фарзандмиз, — дейди Мадина. — Ота-онам болалигимиздан ўқишга, турли йўналишларда ўзимизни синаб кўришга қизиқтиришган. Отам ҳар гал ишга кетаётиб, бирор китобни ўқишимизни вазифа қилиб берардилар. Онам уй бекаси бўлганлари учун таълим-тарбиямизни доим назорат қилганлар. Бирга дарс тайёрлардик, математик масалаларни ечардик...

    Аниқ фанларга қизиқишим сабаб, кўпроқ математика, физика фанлари, мантиқий масалалар ечишни хуш кўрардим. Бу қизиқишим шахматни ўрганишимга ҳам сабаб бўлган. Турли танловларда иштирок этиб, юқори ўринларни олганман. Кандидат мастер даражасигача чиққанман.

    Янгилик яратишга бўлган қизиқишим ҳам йўқ эмасди. Бу мени дастурчи бўлишимга туртки берди. 17 ёшимда шу соҳани ўрганишни бошладим. Ўқиш билан бир вақтда, катта бир компанияда амалиётчи бўлиб ишладим. Менинг асосий қизиқишим иқтисодиёт йўналиши ва дастурчилик орқали шу соҳадаги муаммоларга замонавий технологиялар орқали ечим топишни мақсад қилганман. Шахматда ўрганган стратегия, тактикаларим эса лойиҳа яратиш жараёнидаги мураккаб вазифаларни ҳал этишимда қўл келади.

    Мадина илк лойиҳасини 18 ёшида яратди. “Eatmore” деб номланган лойиҳа овқатланиш масканларидаги барча иш жараёнларини автоматлаштириш ва мижозларга юқори ҳамда сифатли хизмат кўрсатишга мўлжалланган платформа. Бунда мижозлар таомларни планшет орқали буюртма қилиш баробарида, егулик таркибидаги ўзларига ёқмаган маҳсулотларни олиб ташлаш ёки, аксинча, қўшишлари мумкин бўлади. Дастурни ишлаб чиқишда Мадина ўзи ўрганган илк кодларидан фойдаланган. Лойиҳа эса ёмон натижа бермади. Ҳатто, Турин Политехника университетида ўтказилган танловда бизнес йўналиши бўйича фахрли 1-ўринни қўлга киритган.

    Кўзлар учун фойдали илова

    Шахматда бир қоида бор: агар пиёда рақиб катакларининг биринчи қаторига етиб борса, шохдан ташқари ҳохлаган фигурасига айланиши мумкин. Лекин от ёки фил бундай қила олмайди. Ҳаётда ҳам шундай. Биз ким бўлиб туғилишимиздан қатъий назар, келажакдаги муваффақиятларимиз фақат ўз меҳнат ва ҳаракатларимизга боғлиқ. Ва буни уддалаётганлар орамизда миллионлаб топилади.

    Мадина лойиҳалар устида ишлаётганида, аввало, уларнинг одамлар учун фойдали бўлишини истайди. “Yoshlarforumi”, “Mycareer” каби стартап лойиҳалари шулар жумласидан. “Eyecaria” дастури эса болаларда учрайдиган кўз саратони касаллигига эрта ташхис қўйиш мақсадида ишлаб чиқилган.

    — Бу кичик ёшдаги болаларнинг кўз тўр пардасида ҳосил бўладиган саратон касаллигини аниқлаш ва шифокор-бемор алоқасини инновацион йўлга қўйишга мўлжалланган платформа, — тушунтиради Мадина. — Лойиҳа мобил илова тарзида ишлаб чиқилган ва смартфонларга юклаб олиш орқали фойдаланилади. Илова юклаб олингач, махсус тугмалар орқали кўз сканер қилинади. Махсус технология эса фойдаланувчида касаллик бор ёки йўқлигини кўрсатади. Агар касаллик мавжуд бўлса, иловада беморга энг яқин масофадаги соҳа шифокорлари рўйхати чиқариб берилади. Бундан ташқари, иловадан кўз учун ҳар кунлик машқлар, фойдали маълумотларни топиш мумкин.

    Афсуски, кўз соҳасидаги бу касаллик дунё бўйича кам учрайди ва жиддий оқибатларга эга. Жаҳоннинг кўплаб ривожланган давлатларида унинг давосини топиш бўйича доимий изланишлар олиб борилади. Давоси мураккаб бўлгани боис, касалликни эрта босқичларда аниқлаш ниҳоятда муҳим. Илова эса кўздаги ўсмаларни аниқлашдек мураккаб жараёнда яхшигина ёрдам беради. Жамоамиз билан дастур ёрдамида ретинобластомага дуч келган болалар ҳаётини сақлаб қолишни мақсад қилганмиз. Бу лойиҳанинг тайёр бўлишида жуда кўп кишининг меҳнати, ёрдами теккан. Кичик маслаҳати билан бўлсада иштирок этган ҳар бир инсонни жамоамиз аъзоси, деб биламан.

    Тиббиётда фойдали бўлган бу лойиҳа қатор танловларда ғолибликни қўлга киритди. Россиянинг “Qvant” журналида “Йилнинг энг яхши стартап лойиҳаси”, деб эътироф этилган. Лойиҳани юртимиз амалиётида тўлиқ фаоллиштириш учун эса катта маблағ зарур. Шу боис, ҳозирча жамоа уни илова сифатида синовдан ўтказиб, такомиллаштириш устида иш олиб боряпти.

    Оила ёки карьера?!

    Тан олишимиз керак, кўп аёллар ана шу савол қаршисида қолади. Айниқса, бирор лойиҳа яратиб, унинг устида ишлаш эркакларга нисбатан, аёллар учун қийинроқ. Қолаверса, ёш она учун уй юмушлари, фарзандга доимий эътибордан ортиб, илм қилиш, нимадир яратиш осон эмас. Аммо Мадина буларнинг барига улгуради. Чунки у қимматли вақтини тартибга солиб олган ва айтишича, бу 80 фоиз ҳолларда ижобий натижа беряпти. Ҳамма нарсага улгуришининг энг катта сири эса турмуш ўртоғининг доимий қўллаб-қувватлови, уни тушунишида бўлса керак.

    — Ўзимни энг бахтли аёллардан бири, деб биламан. Чунки шу вақтгача ҳаётимда учраган ва ёнимда бўлган инсонларнинг бари мени тушуниб, қизиқишларимни ҳурмат қилиб, доим ишонч ва ёрдам бериб келишган, — дейди Мадина. — Келинлик уйимда ҳам шундай. Бирор иш бошлашдан олдин ҳамиша яқинларимнинг маслаҳати, дуосини оламан. Бу менга кўпроқ куч беради. Турмуш ўртоғимга келсак, улар менинг ҳам устозим, ҳам ишдаги раҳбарим. Лойиҳаларимиз устида биргаликда ишлаймиз, бир-биримиздан ўрганамиз, фикр алмашамиз. Доим бирор лойиҳа устида иш бошлаганимда, уни мукаммалроқ ўрганишим учун зарур китоблар, ўқув курслари олиб берадилар. Бу инсондан ҳамиша янги бошқарув усуллари, лойиҳани тўғри молиялаштириш, бизнесга оид билимларни ўрганаман. Уларнинг ёнимда туришлари мени интилишга, ўсишга ундайди.

    Мадина лойиҳаларни асосан жамиятдаги муаммолардан келиб чиқиб яратади. Ўзи дуч келаётган қийинчиликларни ён дафтарига ёзиб боради ва уларнинг ечимини топишга интилади. Ҳозирги кунда ёш она бўлгани сабабли, ўзи каби аёллар учун “BabyMom” лойиҳасини тайёрлаш устида ишлаяпти. Унинг айтишича, бу илова ёш оналарнинг бола парваришидаги билимларини ошириш орқали гўдакларнинг ривожланишига кўмаклашади. Мадина келажакда шундай лойиҳаларни янада кўпайтирмоқчи. Энг катта мақсадларидан бири эса юртимизга билимли, олим инсонларни етказиб берадиган болалар мактабини очиш эканини айтди. Қолаверса, ўзи каби ёшларга дастурчилик йўналишида инвесторлик қилишни кўзлаган.

    Қаҳрамонимиз ўқишнинг кейинги босқичларини хорижда давом эттирмоқчи. Ҳатто, кириш имтихонларидан муваффақиятли ўтиб, Бостон, Техас, Аризона, Линколн давлат университетларига ўқишга қабул қилинган.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 24.02.23, 38-сонида эълон қилинган)

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates