Ёш ихтирочиларнинг сунъий йўлдош модуллари синама парвоз қилди

    «Ўзбеккосмос» агентлиги Ўрта Чирчиқ тумани, «Янги Ҳаёт» аэродромида «Cansat» типидаги сунъий йўлдош ишлаб чиқиш ва учириш бўйича синов ўтказди.

    Мазкур тажриба «Ўзбеккосмос» агентлиги, «Сеҳриё» мактаби ва «Uzaerospace» ҳамкорлигида ташкил этилди, дея хабар беради агентлик матбуот хизмати.

    Лойиҳада 100 дан ортиқ ёшлар қатнашиб, ўз билим ва ижодий қобилиятларини синовдан ўтказди. Ёш ихтирочилар томонидан ишлаб чиқилган мини сунъий йўлдош модуллари дронлар ёрдамида 200 метр ва 500 метр баландликка кўтарилди.

    Парвоз давомида модуллар реал вақтда баландлик, ҳарорат, босим ва инклинометрия каби турли муҳим маълумотларни қайд этишга муваффақ бўлишди. Ушбу технологик ютуқлар орқали иштирокчиларнинг космик тадқиқотларга илк қадамлари қўйилди.

    Тадбир доирасида яна бир қизиқарли воқеа – мактаб ўқувчилари томонидан яратилган пневмо-гидро ракеталарнинг учирув танлови ҳам бўлиб ўтди. Ёшларнинг ўз қўллари билан тайёрлаган ракеталари осмон узра кўтарилиб, уларнинг илм-фанга бўлган иштиёқини янада юксакларга олиб чиқди.

    Ушбу тадбир ёш авлодни аэрокосмик технологиялар оламига қизиқтириш, уларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш ва илмий ишланмаларни амалга ошириш учун самарали майдон яратди.