Ёш ўқитувчи Президент ишончини оқлади

    Инглиз тили бўйича юқори даражага эга, 30 ёшида профессор лавозимида ишлаётган Нозима Президентимизнинг Бухорога икки йил олдинги ташрифини айниқса, яхши эслайди.

    Куни кеча шахмат бўйича йирик халқаро мусобақа — “Tata Steel Chess—2023” беллашувларида ёш шахматчимиз Нодирбек Абдусатторов катта ғалабаси ҳақида жориж оммавий ахборот воситаларига инглиз тилида равон интервью берганини кўриб, халқимиз у билан яна бир карра ғурурланди. Табиатан камтар ва камгап ўзбек ўғлонининг ажнабий забонида бурро сўзлаши кўпчилигимизни ҳайратга солди. Бошқа томондан, ҳозир ёшларимиз бир эмас, бир нечта тилда ана шундай эркин сўзлаша олиши, бу ҳам таълим тизимидаги ислоҳотлардан бири экани кишини қувонтиради.

    Ота-боболаримиз иш билганга бир танга, гап билганга минг танга, деб бежиз айтишмаган. Бугунги давримизда буни тил билганга, десак ҳам тўғри бўлади. Нафақат хориж давлатларига чиқиш, балки исталган соҳада кўпроқ билим эгаллаш, чет эл тажрибасини ўрганиш, ўқитишнинг инновацион усулларидан фойдаланиш, қолаверса, ўзга мамлакатлардан бирида ўқиб, ишлаш учун ҳам тил билиш зарур.

    Мамлакатимизда боғча, мактаб давриданоқ бир неча тилларни ўқитишга эътибор ошиб бораётгани боиси шунда. Жорий йил бошиданоқ бу борадаги вазифаларни такомиллаштиришга киришилди. 20 январь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтган мактабларда хорижий тиллар ва касб ўргатиш тизимини ривожлантириш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилишда чет тилларни ўқитиш сифатини ошириш ва ўқувчиларни касбга йўналтириш масалалари кун тартибига чиқарилди.

    Бу тажрибани жорий этиш учун ҳар бир вилоятдан биттадан шаҳар ва иккитадан туман танлаб олинган. Улардаги 2 мингдан ортиқ мактабларнинг шароити, педагоглар малакаси, ўқувчиларнинг касб-ҳунар ва хорижий тилларга қизиқиши ўрганилган. Улар орасида Бухоро вилоятининг Ғиждувон, Шофиркон туманлари ҳамда Бухоро шаҳри ҳам бор. Бу ҳудудларда хорижий тил ва касб-ҳунарга талаб нисбатан юқори. Шу билан бирга, тил ўрганишга қизиқувчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

    — Вилоятимизда хорижий тилларни ўқитиш 2021 йилдаёқ алоҳида тус олган эди, — дейди Бухоро давлат университети профессори Нозима Холикова. — Ўша йили айни шу вақтларда давлатимиз раҳбари Бухорога ташрифлари чоғида вилоят ҳокимига хорижий тилларга алоҳида эътибор қаратилиши ҳамда Бухорони хорижий тилларни ўргатиш бўйича намунали вилоятлардан бири бўлиши кераклиги ҳақидаги илк топшириқни берган эдилар. Шундан сўнг чет тилларини ривожлантиришга доир бирин-кетин Президент қарорлари, Вазирлар маҳкамаси қарори ва бошқа ҳужжатлар қабул қилина бошланди. Гап шундаки, бу қарорлар нафақат таълим тизими, балки нотаълим соҳалар, давлат ташкилотларида ҳам раҳбар ва ходимларга хорижий тилларни ўқитишни йўлга қўйишга қаратилган.

    Топшириқ берилди, натижа эса...

    Инглиз тили бўйича юқори даражага эга, 30 ёшида профессор лавозимида ишлаётган Нозима Президентимизнинг Бухорога икки йил олдинги ташрифини айниқса, яхши эслайди. Ўшанда у фаоллар қаторида ўтирар, сўнг давлатимиз раҳбари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилганди. Суҳбат давомида докторлик ишини инглиз тилида ҳимоя қилганини айтган. Ёш докторантнинг эришган ютуқларидан ҳам қувониб, ҳам ҳайратланган Президентимиз вилоят ҳокимига Нозимани Бухорода хорижий тилларни ўргатиш бўйича раҳбар қилиб тайинлаш ва унинг ғояларини қўллаб, барча шароитларни яратиб беришларига топшириқ берган.

    — Шундан сўнг Вазирлар маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилди, мен эса ана шу агентликнинг Бухоро вилояти вакиллиги раҳбари этиб тайинландим ва 29 ёшимда шундай масъулиятли вазифада ишлай бошладим, — дейди Нозима Холиқова. — Давлатимиз раҳбарининг учрашувда “Мана кўрасизлар, йил якуни бўйича бошқа вилоятдаги раҳбарлардан кўра, мана шу қиз яхши натижа қилиб беради”, деган сўзлари менга ҳозиргача куч ва ишонч бериб туради.

    Фаолиятимизни энг аввало, халқ таълими тизими ўқитувчиларини ўқитишдан бошладик. Тиббиётдан маълумки, касалликни аниқлаш учун, энг аввал, тўғри ташхис қўйиш лозим. Биз ҳам биринчи навбатда, C1 даражадаги халқаро сертификатга эга малакали кадрлар тайёрлаш, хорижий тилларни оммалаштиришга қаратилган вазифалар ижросини ўрганиш мақсадида вилоятдаги барча туман ва шаҳар халқ таълими тизимида фаолият юритадиган ўқитувчиларнинг хорижий тилни билиш бўйича сертификациясини таҳлил қилдик. Ҳар бир туманда энг кучли ўқув марказлари мутахассисларини жалб қилиб, вилоятдаги барча ўқитувчиларни инглиз тилига қайта ўқитдик. Турли давлат ташкилотларида ҳам хорижий тил курсларини ташкил қилдик.

    Ҳозирги кунда вилоят Халқ таълими тизимида 2676 нафар хорижий тил ўқитувчиси фаолият юритаётган бўлса, шундан 977 нафарида халқаро ва миллий тил билиш сертификати мавжуд. Бу 37 фоиз дегани, олий таълимда эса мазкур кўрсаткич 74,40 фоизни ташкил этмоқда. Хорижий тилни билиш сертификатига эга 14—30 ёшдаги йигит-қизлар 1550 нафардан ошиқ. Ушбу статистика вилоятда сертификация олиш даражаси 3-4 баробар ошганидан далолат беради. Мамлакатимиз миқёсида эса Бухоро вилояти бу йўналишда иккинчи ўринга кўтарилди.

    “Онамдан мотивация оламан”

    ... “Нозима, қизим, туринг, сизни буюк ишлар кутмоқда!”. Қаҳрамонимизнинг онаси тонгда қизини доим шундай уйғотарди. Саида Бахранова 40 йил мактабда тарих фанидан дарс бергани учунми, фарзандларига худди тарихий шахслар, буюк инсонларнинг онасидек муомала қилади. Балки мана шу ишонч уларнинг бугунги муваффақиятлари, катта мақсадлар сари дадил интилиб, орзуларига бирин-кетин эришиб келаётганларига сабабдир.

    Бухоро шаҳрида туғилиб ўсган Нозима Холиқова болалигидан хорижий тилларни ўрганишга меҳр қўйган. Мактаб давридаёқ фаоллар сафида эди. Бухоро давлат университети талабаси бўлганидан кейин ҳам турли танловларда қатнашиб, ғолибликка эришди. 2014 йилда ўқишнинг магистратура босқичи талабасига айланди. Кейинроқ оила қурган қаҳрамонимиз илмий фаолиятини ҳам ташлаб қўймади. 24 ёшида ўзи ўқиган университетда ўқитувчи сифатида иш бошлади. Пандемия сабаб жорий этилган карантин даврида эса АҚШнинг Аризона университетида онлайн таҳсил олиб, халқаро ўқитувчилик даражасини қўлга киритди. Орада фарзандли бўлиш баробарида, таълимнинг кейинги босқичларини давом эттирган Нозима ўзи орзу қилганидек, 30 ёшида университет профессори даражасига эришди.

    — Ҳамон эсимда, 2020 йили фан йўналиши бўйича “Зулфия” номидаги давлат мукофотига сазовор бўлганимда, Президентимизнинг шахсан ўзлари мукофотни тақиб қўяр эканлар, “Доктор, профессор бўлинг, қизим”, дея тилак билдирдилар. Бу сўзлар ҳанузгача қулоғим остида жаранглайди ва менга доим куч беради, — дейди қаҳрамонимиз. — Ўшанда юртимиз тарихида илк бор докторант ушбу мукофотга лойиқ кўрилган эди. Бу ҳам биз ёшларга барча имкониятлар эшиклари очиб берилаётганидан далолат эмасми? Имкониятлар ҳақида гапирганда, айрим йигит-қизлар буни кўрмаётганини айтиб нолиб қолади. Лекин бунинг бари изланмаслик, мақсад сари интилмасликдан. Мақсади аниқ, ҳаракатлари дадил бўлган инсон, албатта, имкониятлардан фойдалана олади. Оддий оиланинг фарзанди сифатида бунга ўзимни мисол келтиришим мумкин. Отам ишчи, онам ўқитувчи бўлишган. Аммо бу менинг бугунги даражага эришишим, имкониятлардан фойдаланишимга тўсиқ бўла олмади.

    Албатта, барча муваффақиятлар аввало, Яратгандан. Аммо инсонда ҳам шунга яраша ҳаракат бўлиши керак. Мен доим онамдан куч, мотивация оламан. Бадиий, психологик китобларни кўп ўқийман. Адабиётларнинг бирида сенга етмаётган нарсани бошқаларга илин, шунда сенга икки карра бўлиб қайтади, дейилади. Яъни, ҳаёт мисоли бумеранг, ҳаммаси ўзингга қайтади. Мен бунга ҳаётим давомида гувоҳ бўляпман. Доим атрофимдагиларга ўзим каби натижаларга эришишлари учун ёрдамлашаман ва бу менга икки карра бўлиб қайтади. Бу албатта, фалсафий қарашлар. Аслида эса, шунчаки, ўзим каби ёшларни қўллаб-қувватлашга доим интиламан.

    Нозима ҳаётдаги энг катта ютуқларидан бири — бу оиласи ва фарзандлари эканини таъкидлайди. Турмуш ўртоғини ҳам илмий соҳага қизиқтирган, ҳозир Бухоро давлат университети докторанти. Улар биргаликда икки ўғилни тарбия қилишяпти. Қолаверса, ҳар соҳада бир-бирларини тушуниб, қўллаб-қувватлашади. Нозима 2019 йилда асос солган “Aligenius innovative centre” ўқув-инновацион марказининг яқинда ишга тушиши кутилаётган янги биносининг қад ростлашида ҳам ҳар иккалаларининг тенг ҳиссалари бор.

    Гап шундаки, қаҳрамонимиз марказ ташкил этгунга қадар ижарага бино олиб, турли ёшдаги 20—30 нафар болани инглиз тилига ўқитиб келган. Марказ учун рухсатнома олингач, бошқа тилларда ҳам дарслар ташкил этилди. Айтгандек, Нозима Холиқова инглиз, рус, тожик тилларида эркин сўзлаша олиш билан бирга, француз ва араб тилларини ҳам қисман билади. Ҳозирги кунда турк тилини ўрганяпти. Шундай қилиб, марказ иш бошлаганидан кейин ҳам жой масаласи муаммо бўлиб, у ёқдан бу ёққа кўчиб юришди. Ниҳоят, Нозима “Ёшлар — келажагимиз” давлат дастури иштирокчисига айланди ва унга қўшимча ер ҳамда имтиёзли кредит ажратилди.

    — Кредит чиққунига қадар бино пойдеворини ўзим ва турмуш ўртоғимнинг ойлик маошлари ҳисобига кўтардик, — дейди у. — Ўтган йили марказ қурилишини ниҳоясига етказдик, тез орада очилишини ўтказамиз. Янги бинода босқичма-босқич мингга яқин ёшларни ўқитиш имкониятимиз бор. Инновацион технологиялар ўрнатилиб, хорижий тиллар замонавий методлар асосида ўқитилади. У ерда ўнлаб ёшларни иш билан таъминлашни ҳам режалаштирганмиз.

    Янги метод ўйлаб топиш шарт эмас...

    Нозима хориждаги университетда таҳсил олиш давомида ўзи учун тажриба ҳам тўплади. АҚШнинг Аризона университетида пандемия сабаб онлайн ўқиган бўлсада, дарслар жуда қизиқарли бўлгани, юртимиз таълим тизимидан фарқли тарзда, уларда ижодкорликка кенг урғу берилишини кузатди. Таълим жараёнида ўқувчиларнинг ижодий қобилиятларини намоён этишларига кўпроқ шароит яратиш кераклигига амин бўлди. Унинг фикрича, бунинг учун ўқитувчиларда ҳам ижодкорлик юқори бўлиши, ортиқча вақтни оладиган қоғозбозликка чек қўйиш лозим.

    Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг Бухоро вилояти вакиллиги раҳбари сифатида фаолиятини давом эттираётган қаҳрамонимиз хориж тажрибасини маҳаллий шароитда қўллашга интилмоқда. Нозима инглиз тили бўйича бир қанча дарсликлар, ўқув қўлланмалар, монография ва халқаро илмий мақолалар ҳам ёзган. Аммо у юртимизда инглиз тилини сифатли ўқитиш учун янги методлар, қўлланмалар ишлаб чиқиш шарт эмас, шунчаки мавжудларидан тўғри фойдаланиш керак, деб ҳисоблайди. “Инглиз тили бизнинг она тилимиз эмас ва унинг ўз эгалари бор, демакки, унинг дастур, платформаларини ҳам ишлаб чиқишган, ҳалигача доимий янгиланиб борилади. Биз улардан фақат мақсадли фойдалансак, вақтни ҳам, маблағни ҳам тежаймиз. Асосий метод — бу мунтазамлилик ва муҳитдир. Шуларга риоя этилса, кифоя”, дейди у.

    Мамлакатимизда мактаб ўқувчиларини тил ва касбга ўқитиш, ўқитганда ҳам профессионал таълим бериш, бу уларнинг кейинги ҳаётида асқотишига эришиш каби катта мақсадлар қўйилмоқда. Давлатимиз раҳбари бежиз “Мактабдан касб ва тилни билиб чиққан бола жамиятимизнинг катта ютуғи, билмагани муаммо”, дея таъкидламади. 11 йиллик таълимни тугатган бола бир нечта тилни мукаммал билса, ўқишга кира олмаган тақдирида ҳам, бирор иш топиш имконига эга бўлади.

    Буларга эришиш учун тизимда малакали кадрларга эҳтиёж катта. Қолаверса, чет тилларини сифатли ўргатиш учун мактабларга “тил эгаси” бўлган педагогларни жалб қилиш масаласи ҳам муҳим. Бухоро вилоятида турли дастурлар доирасида ана шундай жами 9 нафар “тил эгаси”, яъни хорижлик мутахассис ишлайди. Масалан, Aлисиа Бредлей мактаб ўқитувчиларининг “ESN” дастури бўйича малакасини ошириш билан бирга, замонавий дастурлардан фойдаланишга доир намунали дарсларни намойиш этиб келмоқда.

    Яна бир жиҳати, вилоятда 2021 йили мактаблар моддий-техник базасини бойитиш мақсадида 1 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бунинг эвазига хорижий тил ўқитувчиларининг ҳатто энг кичик деталларигача харид қилиб бериляпти. Чет тилидаги адабиётларни сотиб олишлари учун ҳар бир тил ўқитувчисига 1 миллион сўмдан пул маблағлари берилди. Мақсад — улар ўз билим ва малакаларини мунтазам ошириб боришларига кўмаклашишдан иборат.

    — Биз нима учун инглиз тили ўқитувчиларини қайта ўқитиш, уларнинг малакасини мунтазам ошириб боришга интиляпмиз? Чунки таълим муассасаларида ўқувчига тил ўргатиш кўрсаткичларини ошириш учун, аввало, малакали кадрлар зарур, — дейди Нозима Холиқова. — Мамлакатимизда инглиз тилини бошланғич тарзда эмас, балки профессионал ўқитишнинг вақти келди. Бу борада тил ўқитувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни мақсад қилганмиз.

    Агентлик фаолияти ҳақида гап борганида, тест тизимидаги янгиланишларга ҳисса қўшаётганини ютуқлардан бири сифатида эътироф этиш мумкин. Олдинлари талабгорлар тил бўйича айрим турдаги тестлар ҳақида билар эди. Агентлик эса юртимизга 10 га яқин тест турлари ва хорижий тилларни ўрганиш методларини олиб кирди. Лингуаскил ва шунга ўхшаган қулай тестлар эндиликда пойтахтда эмас, вилоятимизнинг ўзида ҳар ой ўтказилмоқда. Қолаверса, мамлакатимиз тарихида илк бор мактаб ўқувчиларини таълим саёҳатига олиб бориш йўлга қўйилди. Хорижий тил бўйича ўтказилган мусобақа ғолиблари Лондон шаҳрида бир ҳафталик ўқув-танишувда бўлиб қайтди. Вилоятнинг чекка ҳудудларидаги бир қанча ўқитувчилар ҳам хорижда малака оширди.

    Мақсадим: хорижий тиллар орқали дунёга чиқиб, Ўзбекистон номини танитиш

    Нозиманинг орзулари ва келгусидаги мақсадларини алоҳида қисмга ёзишни истадик. Бу орзулар ниҳоятда катта бўлгани учун эмас, балки уларнинг беғубор, ёш, аммо улкан қалбда яшаётгани, фақат меҳнат, интилиш ортидан бирин-кетин рўёбга чиқаётгани учун.

    Қаҳрамонимизнинг болаликдаги илк катта орзуси инглиз ва бошқа халқаро тиллар орқали дунёга чиқиб, Ўзбекистон номини танитиш бўлган. Бу олов ҳамон шу юракда яшаяпти. Аммо унинг атрофида ҳозир бошқа ният ва мақсадлар ҳам аланга олган.

    — Мендан орзуинг нима, деб сўрасангиз, Ўзбекистон тарихида қолиш, деб жавоб бераман. Бироқ, ўз-ўзидан тарихда қолиб бўлмайди. Бунинг учун катта ишлар қилиш, долзарб масалаларга ечим топиш лозим. Ва мен ана шунга эришишни орзу қиламан. Умуман, инсон дунёга келиб, кичик ниятлар билан эмас, балки катта мақсадлар билан яшаши лозим. Доим мақсадни кенг олиш ва унга интилиш керак. Мунтазам меҳнат ва ҳаракат эса ўша мақсадларга элтувчи калитдир, — дейди қаҳрамонимиз.

    Нозима билан суҳбатлашиш жуда мароқли. Унинг ўзига ишончи, дадил мақсадлари кишига мотивация беради. Балки, ёш бўлишига қарамай, раҳбарлик лавозимига тайинлангани боиси шундадир. Ҳар ҳолда, ўз ортидан кўплаб ёшларни эргаштира олаётганига ишонамиз.

    — Президентимиз билан бўлган иккинчи мулоқотимиз давомида уларнинг “Аёлларни мана шундай илмий соҳага қизиқтира билганлари учун ота-онангизга раҳмат”, деб айтган сўзларидан кўзимга ёш келди, — дейди Нозима Холиқова. — Чиндан, менинг бугунги муваффақиятларимда онамнинг ҳиссалари беқиёс. Афсуски, кўп оилаларда қизларнинг ўқишига етарлича эътибор қаратишмайди. Аммо, менинг назаримда, ўғил болани ўқитсангиз битта оилани ўқитгандек бўласиз, қиз болани ўқитсангиз — бутун жамиятни. Чунки бунинг ўша аёл атрофидаги хотин-қизлар, ўз оиласи, фарзандларига таъсири бўлади. Аждодларимиз ҳам бола тарбиясида ўқимишли аёлнинг ўрни катта экани ҳақида бежиз таъкидлашмаган.

    Қаҳрамонимизнинг жорий йил учун ҳам олдига қўйган мақсадлари талайгина. Ўзи биладиган ва ўрганаётган бир нечта тиллар бўйича юқори C1 даражасини олиш, фан доктори ва Профессор илмий унвонларининг якуний талабларини бажариб, уларни қўлга киритиш ҳамда хорижда малака ошириб қайтишни кўзлаган. Табиийки, бу мақсадлар орасида вилоят, қолаверса, юртимизда хорижий тилларни ўрганиш кўрсаткичларини оширишга ҳисса қўшиш, бу борада янги лойиҳаларни амалга ошириш кабилар ҳам бор.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 02.02.23, 22-сонида эълон қилинди)