Педагог ходимларни моддий-маънавий рағбатлантиришни кучайтириш мақсадида ижтимоий ҳимояга муҳтож профессор-ўқитувчилар рўйхати шакллантирилиб, тегишли маълумотлар банки яратилди. Ушбу рўйхатда қамраб олинган профессор-ўқитувчилар доимий ижтимоий ҳимояга муҳтож, вақтинчалик муҳтож ва меъёрий ҳолатда бўлган оилаларга бўлиниб, яшаш шарт-шароити инобатга олинган ҳолда институт бюджетидан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва талабаларнинг ижтимоий аҳволи бўйича ахборот базаси янгиланди, институтда таҳсил олаётган ногиронлиги бўлган, чин етим, ижтимоий ҳимояга муҳтож, “Темир дафтар”га киритилган оила фарзандлари учун моддий ёрдам пуллари ажратилди.
Талабаларга ҳомийлик ёрдами асосида тўлов шартнома пулини тўлашда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадини кўзлаган “Эзгулик фонди” иш бошлади. Фондга Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси, “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзчармсаноат”, “Ўзбекипаксаноат” каби ташкилотлар ҳомийлик қилиб келмоқда. Талабалар турар жойидаги шарт-шароитлар тубдан яхшиланди. Бундан ташқари, институт раҳбарияти ташаббуси билан ижара-шартнома асосида яшаётган талаба-ёшларга енгиллик яратиш мақсадида ижара банки тузилиб, 133 нафар талабанинг ҳар бирига 1 880 минг сўм моддий ёрдам берилди. Ижарада яшаётган талабаларнинг ижтимоий яшаш ҳолатлари ўрганилиб, қизил, сариқ, яшил ҳудудларга ажратилди ҳамда яшаш шароитларини яхшилаш чоралари кўрилди.
Италиялик рассом, ҳайкалтарош олим Леонардо да Винчи жадаллашиб бораётган замон ҳақида сўз юритар экан: “Агар темир ишлатилмаса, занглайди. Агар сув ҳаракатланиб турмаса, айнийди. Агар киши фикрламаса, ақлда ҳам шундай ҳолат юз беради”, дея таъкидлайди. Ҳақиқатан, шамолданда тез ўтаётган сониялар биздан жуда катта фаоллик ва шижоатни, мақсадга эришишнинг энг осон ва яқин йўлини танлашни талаб қилмоқда. Бизнинг энг катта вазифамиз, албатта, юксак маънавиятли, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқарашга эга фидоий ва ватанпарвар ёшларни тарбиялашдир. Бунда Президентимиз раҳбарлигида кенг жамоатчиликка тақдим этилган беш муҳим ташаббус тизимини институтда мустаҳкамлаш асосий роль ўйнайди. Институт талаба-ёшлари ўртасида ҳар бир байрам арафасида мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр, музей ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш мақсадида турли тадбирлар ўтказилиб турилади. Айниқса, талаба-ёшларнинг бой тарихимизни ўрганиш, уни асраб-авайлаш, музей ва театрларга ташрифи масалаларига жуда катта эътибор қаратилади. Талаба-ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, спорт билан мунтазам шуғилланишларини йўлга қўйиш мақсадида институтда “Ректор кубоги”, “Дўстлик спартакиадаси”, шунингдек, ўқув йили давомида “Спорт билан оғусиз ҳаёт” шиори остида бир қатор тадбирлар, миллий ўйинлар ҳам ўтказилди.
2020 йил 20 май куни Президентимиз Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида барпо этилган Адиблар хиёбони мажмуаси зиёрати чоғида миллат адабиёти тарихида муносиб ўрин тутган адиблар асарларини ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларнинг онгига сингдириш вазифасини олий ўқув юртларига топшириш ғоясини илгари сурди. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти жамоаси олдига ўзининг роман ва қиссалари, илмий-назарий, сиёсий, бадиий-публицистик асарлари, таржималари, ажойиб шеърлари, достонлари, ҳикоялари билан ўзбек адабиёти хазинасини бойитган атоқли сўз санъаткорларидан бири Ойбек ҳаёт ва ижод йўлларини ўрганиш, ёзувчининг қўлёзма асарларини тадқиқ этиш ҳамда ўлмас ғояларини талаба-ёшлар онгига сингдириш вазифаси қўйилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августда қабул қилинган “Атоқли адиблар ва мутафаккирлар ижодий меросини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш ҳамда Адиблар хиёбонидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Адиблар хиёбонида кўплаб тадбирлар ўтказилди. Шунингдек, Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек ҳаёти ва ижодини ўрганиш, фаолиятини ёритиш, илмий тадқиқ қилиш ҳамда тарғиб этиш йўналишида изланаётган, алоҳида фаоллик кўрсатган талабаларни рағбатлантириш мақсадида институт ректори буйруғига асосан Ойбек номидаги стипендия ва кўкрак нишони таъсис этилди. Айни вақтда институтдаги Иқтидорли ёшлар академияси томонидан ушбу стипендия ва нишоннинг ҳақиқий эгаси бўла оладиган қобилиятли, адиб ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганувчи фаол талабалар саралаб олинмоқда.
2021 йил 19 январь куни Президентимиз бошчилигида маънавият масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси юзасидан институтда ректор бошчилигидаги янгиланган Маънавият кенгаши тузилди. Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида Чиноз ҳамда Яккасарой туманларида институтга бириктирилган МФЙларга кафедра мудирларидан иборат профессор-ўқитувчилар масъул этиб тайинланди.
Президентимизнинг 2021 йил 20 апрелдаги “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан Яккасарой туманидаги “Дилбулоқ”, “Муҳандислар”, “Қушбеги”, “Мерос”, “Тўқимачи”, “Шоҳжаҳон, “Ракат”, “Белариқ” ҳамда Сергели туманидаги “Олтин водий” маҳаллалари институтга бириктирилди. Бу маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш мақсадида ишсиз ёшлар сони аниқланиб, кам таъминланган, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган хонадонларнинг 123 нафар фарзанди учун инглиз тили, рус тили, физика, математика ва информатика, компьютер саводхонлиги, дизайн, 3Д моделлаш, компьютер графикаси ўқув курслари ташкил қилиш имкониятини берувчи бепул ваучерлар тарқатилди. Ҳозирги пайтда бу курслар машғулотларига жалб этилган профессор-ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақига йигирма фоиздан устама тўлаб берилмоқда. Институт раҳбарияти ҳамда намунали ва иқтидорли талабалар томонидан маҳаллалардаги “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар билан учрашувлар ташкил этилди.
Маҳаллалардаги умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш ва аниқ фанларнинг ўқитилишини такомиллаштириш ҳамда ёшларнинг олий таълим муассасаларида таълим олишга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида АКТ ва педагогик технологиялардан фойдаланиш бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.
Улуғбек АБДУЛЛАЕВ,
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти
ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий
ишлар бўйича проректори