Ўзбекистон — ёшлар мамлакати. Шу боис, юртимизда ёш авлод таълим-тарбияси ва камолотига алоҳида эътибор қаратилади. Зеро, ҳар бир мамлакатнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқининг муносиб турмуш шароитида яшаши ва халқаро майдондаги мавқеининг мустаҳкамланиши ёшлар таълим-тарбияси ҳамда келажагига қаратиладиган эътиборга чамбарчас боғлиқ.
COVID–19 туфайли глобал миқёсда давом этаётган иқтисодий тебраниш миллий иқтисодиётимизга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қўймайди. Шунга қарамай, мамлакатимизда ёшларнинг талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш, уларга янгидан-янги имтиёз ва имкониятлар яратиш, бу борадаги ташкилий-ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилаётир.
Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик ҳужжатлари миллий базасига кўра, 2017–2021 йилларда ёшлар ҳуқуқларига бевосита тааллуқли бўлган 140 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Президентимизнинг куни кеча эълон қилинган “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори энг қуйи бўғинда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизими яратилишига замин бўлди.
Бундан буён шаҳар, шаҳарча, қишлоқ, овуллардаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади. Бундан кўзланган пировард мақсад Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” тамойили асосида ёшларнинг билим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, ўз истеъдоди ва қобилиятини рўёбга чиқариши, меҳнат билан банд бўлишида маҳалланинг ўрни ва нуфузини ошириш, оддий қилиб айтганда, ёшлар ўзлари дуч келган ҳар қандай масалада ёрдамни узоққа бормай, маҳалланинг ўзида топа олишига эришишдан иборат.
Ушбу қарор том маънода мамлакатимиздаги ҳар бир ёш тақдирига дахлдор. Қарорга биноан, юртимиздаги маҳаллаларда 9 309 та ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади. Ёшлар ишлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва бўлимларида маҳалла ва таълим муассасаларидаги ёшлар билан ишлаш бўлинмалари ташкил этилади. Бу орқали 10 мингдан ортиқ ёшнинг иш билан таъминланишига эришилади. Шунингдек, давлат олий таълим муассасалари ҳамда уларнинг филиалларидаги ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорларга (директор ўринбосарига) биринчи проректор (директорнинг биринчи ўринбосари) мақоми берилмоқда.
Доно халқимизда пурмаъно, аммо бироз ёдимиздан кўтарилаётган мақол бор: “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она”. Аслида, ёшларнинг камолоти, униб-ўсиши, ривожланиши, қизиқиши, ҳаётига бефарқ қараш эртанги кунимиз, келажагимизга лоқайдлик билан баробар. Азалдан чинакам миллий қадриятлар, эзгу амаллар бешиги бўлган мaҳaллa институтида ёшлар етакчиси лавозимининг жорий этилаётгани маҳаллаларда ёшлар билан ишлашга масъул, фаол фуқаролик позициясига эга, ўз ортидан жуда кўплаб тенгдошларини эргаштира оладиган қатламни юзага келтиришга хизмат қилади.
Муайян муддат ёшлар сиёсатини мувофиқлаштириш соҳасида ишлаган инсон сифатида айта оламанки, ёшлардаги шижоат, садоқат, янгиликка интилиш, ҳар бир масалага креатив ечим топа олишдек хусусиятлардан унумли фойдаланиш керак. Ёшлар етакчилари лавозимининг жорий этилиши, биринчидан, тенгдош — тенгдошга тамойили асосида юзага келадиган масалаларни тизимли ҳал қилишда ёшлар иштирокини янада кучайтиради. Иккинчидан, маҳалла тизими ходимларини ўз хизмат лавозимига кирмайдиган топшириқлар, ортиқча юкламалардан халос қилади.
Тан олиш керак, аксарият маҳаллаларда раислар ва уларнинг маслаҳатчилари турли масалаларга оид ҳисоботларни тайёрлаш билан чекланиб қолиши оқибатида ёшларнинг манфаатини ҳимоя қилиш кейинги даражага тушиб қолганига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Қарорда қайд этилишича, ёшлар етакчиси энди ўз маҳалласида “Ёшлар баланси”ни шакллантириш, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиб бориш, улар билан самарали ишлаш, ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусини рағбатлантириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга кўмаклашишга масъул бўлади.
Шу ўринда маҳаллалардаги ёшлар етакчиси сифатида меҳнат фаолиятини бошлашга шай турган ука-сингилларимизга айтар сўзим бор: билдирилаётган ишончни оқлаган ҳолда, бугунги ислоҳотларга “лаббай” деб жавоб бериш, юрт равнақи, порлоқ келажак қуриш учун ўзингиздаги бор куч-ғайрат ва салоҳият, масъулиятни тўлалигича намойиш қилиш вақти келди. Маҳаллангиздаги оқсоқоллар ва устозлар зиммасидаги муҳим вазифаларни ўз гарданингизга олишдан асло чўчиманг.
Унутманг, маҳалла юртимиз ичидаги кичик юрт ҳисобланади. Демак, маҳалладаги ёшларни рози, оғирини енгил қилиш, уларга муносиб турмуш шароитини яратишга сиз ҳам масъулсиз. Зотан, ёшлар етакчиси маҳалладаги ёшларнинг энг яқин суянчиғи, ишончли ҳамкори, самимий маслаҳатгўйи, чин дўстига айланмоғи керак.









