Сўнгги йилларда ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга кўтариш борасида бир қатор ижобий тенденцияларга эришилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 14 сентябрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Мамлакатимизда бандлик, ҳуқуқ, сиёсат, фан ва таълим, маданият ва спорт, соғлиқни сақлаш, давлат ташкилотлари ва жамоат институтлари билан ўзаро алоқалар соҳасида ёшлар сиёсатини амалга ошириш бўйича комплекс вазифаларни ҳал қилишга қаратилган кенг кўламли ҳамда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Барча ҳокимият ва идораларда, маҳаллаларда ёшлар масалалари бўйича раис ўринбосарининг штат бирлиги жорий этилди.
Чуқур билим ва малакага эга рақобатбардош кадрларни тайёрлаш мақсадида мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари сони 127 тага етказилди,
26 та хорижий университетларнинг филиаллари очилди. Ўтган 5 йил ичида олий ўқув юртларига қабул квоталари уч баробар ошди, бу йил 182 минг ёш талаба бўлиши мумкин бўлади. Шундай қилиб, олий маълумотли ёшларнинг умумий қамрови 28 % фоизга етади. Тўрт йил олдин бу кўрсаткич атига 9 фоиз эди.
Шу билан бирга, глобал дунёдаги ўзгаришлар билан боғлиқ бўлган янги муаммоларнинг ўсиш тенденцияси кузатилмоқда, улар тизимли янгиланишни, ёшларга оид давлат сиёсатининг вазифалари ва механизмларини ишлаб чиқишни талаб қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида 2021 йилнинг Ўзбекистонда "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб эълон қилиниши ҳамда 2021 йил 30 июнь Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузалари мамлакат раҳбариятининг соғлом авлоднинг баркамол вояга етишини таъминлашга, ёшларни қўллаб-қувватлашга ва уларнинг ўзини англашига, шароит яратишга бўлган муносабатини яққол намойиш этади.
Шубҳасиз, Янги Ўзбекистоннинг асосий мақсади, ёшларни ҳар томонлама қўллаб -қувватлаш ва тарбиялаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёш истеъдодларнинг кучли салоҳиятини тўла-тўкис амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратишдир.
Бироқ, давлат бошқаруви тизимига замонавий ёндашувларни қўлламасдан туриб мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини шакллантириб бўлмайди. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари раҳбарият кўрсатмаларини бажариш самарадорлигини белгиловчи, мамлакатимиз олдига қўйган мақсад ва вазифаларини амалга оширишда ташаббус кўрсатувчи асосий омиллардан биридир.
Ҳозирги рақамлаштириш даврида давлат органлари томонидан илғор қарашлар, янгича ғоялар, фаолиятдаги юқори самарадорликка қизиқиш билдириш билан бирга, мамлакатнинг ижтимоий ва сиёсий ривожланиши жараёнларига ёш ташаббускор шахсларни жалб этишни ўз эътиборларини қаратишган.
Шу билан бирга мантиқий савол туғилади: давлат идоралари иқтидорли ёшларни давлат хизматига боришга ундашга қодирми?
Давлат хизмати тизими ёшлар нигоҳида
Ёшларни иш билан таъминлашнинг ҳозирги тенденцияси шуни кўрсатадики, ёш авлод касбларни "ўз хоҳишига кўра" яъни қизиқишидан келиб чиққан холда, танлашни афзал кўради ҳамда танлаган касбида мартабасининг ўсиши ва молиявий мустақилликка эришишига умид қилади. Барқарор равишда иш билан таъминланганлик ва шу билан бирга "беташвиш нафақа" каби омиллар энди унчалик аҳамият касб этмайди. Шу сабабли, иш ҳақи миқдоридан қониқмаслик ва иш жойларини тез-тез алмаштириш тенденцияси юзага келмоқда.
Яқинда, 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган Ўзбекистон ёшларининг давлат хизматига бўлган муносабатини аниқлашга қаратилган "Ижтимоий фикр" социологик тадқиқотининг натижалари маълум қилинди. Унга кўра, респондентларнинг деярли ярми 49,4 фоизи давлат идораларида ишлашга хоҳиш ва истаклари борлигини билдирди. Олинган маълумотларнинг таҳлил натижаларига кўра, респондентларнинг гендер хусусиятларига қараб афзалликларининг фарқланишини кўрсатди. Шундай қилиб, қизларнинг 55,6 фоизи ва йигитларнинг 44,6 фоизи давлат органлари таркибида ишлашни афзал кўришади.
Ҳар иккинчи респондент давлат хизмати тизимида ишлашнинг энг жозибали шартини муҳим бошқарув қарорларини ишлаб чиқишда қатнашиш, шунингдек, мамлакат ва бутун жамият ривожига ҳисса қўшиш имконияти деб билади. Шуни таъкидлаш керакки, бугунги кунда давлат хизматидаги ёшларнинг улуши 25 фоизни ташкил этади, шундан 15 фоизи ишончли тарзда етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда.
Ўз навбатида, давлат органларида ишлашни режалаштирмаган респондентлар ўзларининг мавқеларини иш ҳақининг етарли эмаслиги билан оқлашади. Бундан ташқари, сўровда қатнашган фуқароларнинг 27,4 фоизига кўра, давлат хизмати истиқболсиз, бир хилдаги ва одатий иш деб таъкидлашган.
Қандай қилиб ёшларни давлат хизматига жалб қилиш мумкин?
Ҳозирги шароитда, сўров натижаларига кўра, давлат идоралари ва ташкилотларига ёш кадрлар билан ишлаш форматини ўзгартириш, менежмент ёндашувлари, ходимнинг ижодий салоҳиятини очишга қаратилган вазифаларни бериш усулларини қўллаш, қулай меҳнат шароитларини ташкил этиш ва меҳнатига яраша моддий рағбатлантириш тизимини жорий қилиш лозим.
Шунингдек, тажрибали раҳбар томонидан ёш кадрлар учун устозлик институтини амалда кўллаш, битирувчиларнинг касбий мослашуви ва ёш мутахассисларнинг мартаба ўсиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ҳужжатларни расмийлаштиришни минималлаштириш учун давлат хизматини иложи борича рақамлаштириш зарур.
Ёш кадрларнинг давлат хизматига кириш мотивациясини ошириш учун ҳукумат ва ёшлар ўртасида ўзаро алоқани ўрнатиш муҳим. Масалан, БАА ҳукуматининг юқори мансабдор шахслари мунтазам равишда "вазир билан соат" ўтказадилар, сухбат давомида, бўлим раҳбарлари ўзларининг мартабага эришиш сари босиб ўтган йўлларини, давлат хизматида ишлашнинг ўзига хос хусусиятлари ва истиқболлари тўғрисида суҳбат уюштиришади, қизғин савол-жавоблар ва дадил ташаббуслар муҳокама қилинади.
Шу билан бирга, "Ижтимоий фикр” томонидан ўтказилган сўровнома кўра иштирокчиларнинг 27,9 фоизининг, истеъдодли ёшларни аниқлаш ва саралаш учун интеллектуал мусобақаларни мунтазам ўтказиш, университетлар ва давлат идоралари ўртасида яқин алоқаларни ўрнатишга замин яратади.
Бундан ташқари, мавжуд бўлган ёш мутахассисларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор бериш муҳимдир. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат органлари ва ташкилотларининг малакали ходимларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун энг истиқболли давлат хизматчиларининг чет элларда доимий равишда стажировкаларини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Халқаро тажриба
Хорижий мамлакатлар тажрибаси маҳаллий меҳнат бозори талабларига мувофиқ касбий тайёргарлик бўйича давлат идоралари ва таълим муассасаларининг яқин ҳамкорлигини, бўш иш ўринлари ярмаркаларида пиар-акцияларни ташкил этишни таъминлайди.
Масалан, Европа мамлакатларида давлат фуқаролик хизматида иқтидорли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида университет битирувчиларига давлат идоралари ва ташкилотларида ихтисослик бўйича маош тўланадиган амалиёт ўташ (стажировка) ва кўнгиллилар дастурлардан ўтиш имконияти берилмоқда.
Сингапурда иқтидорли кадрларни жалб қилиш мақсадида давлат фуқаролик хизмати соҳасида меҳнат фаолиятини бошлашга қарор қилган энг яхши ўрта мактаб битирувчиларига давлат грантлари ажратилади. Грант совриндорлари мазкур тўрт йиллик бошқарув менежментини ривожлантириш мутахассислик бўйича дастур орқали тегишли таълим олишади. Аммо, ёш мутахассис, агар 35 ёшга қадар, масалан, вазир ўринбосари бўлишлиги имкониятини намойиш этмаса, у ушбу ҳолатларда давлат хизматидан кетиши тавсия этилади.
Қозоғистонда давлат аппаратида юқори даражадаги раҳбар лавозимларга тайёргарлик кўриш ва тарғиб қилиш мақсадида турли соҳалардан истиқболли кадрларни жалб қилишга қаратилган "Президентнинг ёшлар кадрлар заҳираси" лойиҳасини амалга ошириш бошланди.
Давлат органларда қандай кадрларга талаб мавжуд?
Меҳнат бозорида юқори касбий маҳоратга, интеллектуал ва ижодий салоҳиятга эга, яхши билим даражаси ва АКТ саводхонлиги, одоб-ахлоқий фазилатларга эга, жамоада ишлашга ва ностандарт қарорлар қабул қилишга қодир бўлган ёш ва шижоатли кишиларга талаб ортиб бормоқда. Маълумки, малакали кадрлар мамлакатнинг рақобатдошлиги ва халқаро обрўсининг кўрсаткичини белгилаб беради.
Жорий йил февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Давлат бошқаруви академиясида ташкил қилинган “Келажак лидерлари” номли махсус малака ошириш дастури ўз ишини бошлади. Мазкур курс давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ўрта бўғин бошқарув раҳбарлари орасидан (21-30 ёшдаги) янги авлод раҳбар кадрларини шакллантиришга йўналтирилган. Тингловчилар қарийб 2 ой давомида замонавий таълим усуллари асосида нафақат Академия профессор ўқитувчилари балки, вазирлик ва идоралар раҳбарлари томонидан ҳам ўтиладиган ўқув-тренингларда қатнашадилар. Уларга Лидерлик, Жамоани шакллантириш, Тайм-менежмент, Лойиҳа бошқаруви, Стратегик таҳлил, Низоларни бошқариш, Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш каби фанлардан сабоқ оладилар. Дастурни мувффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификат тақдим қилинади, лавозимда ўсиши мониторинг қилинади ҳамда миллий кадрлар захирасига киритилади.
Бундан ташқари, дастлаб Самарқанд вилоятида “Келажак лидерлари” клуб фаолияти пилот лойиҳа сифатида ташкил этилди. “Келажак лидерлари” клуби аъзолигига эълон қилинган танловга 20-35 ёш оралиғидаги 518 нафар ҳужжат топширган номзодлардан ҳужжатларни саралаш, тест, иншо ёзиш ва суҳбат босқичлари натижаларига кўра 50 нафар ғолиб танлаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 июндаги Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида республика миқёсида клубга аъзолик учун танлов эълон қилинди. Республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган “Келажак лидерлари” клубига аъзолик учун 20-35 ёш оралиғидаги 6 246 нафар ёш давлат фуқаролик хизматчилари ва талабалар рўйхатдан ўтди.
Номзодларни ҳужжатларини малака талабларига кўра саралаш, тест, иншо ёзиш ва суҳбат ўтказиш каби синов босқичларидан иборат танловларнинг энг сўнгги натижасига кўра республиканинг ҳар бир ҳудудидан 50 нафардан ғолиб танлаб олинди.
Асосий мақсад – фаол, ташаббускор, креатив ва теран фикрлайдиган, мустақил фикр ва дунёқарашга эга иқтидорли ёшларни давлат фуқаролик хизматига кенг жалб этишдан иборат.
Ўзбекистонда давлат хизматига кадрларни танлаш тизими ҳақида.
Ёш кадрлар мамлакатнинг барча асосий тармоқларига жалб этилиб, вазирлик ва идораларда масъул лавозимларни эгаллаши керак.
Президент ташаббуси билан вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳар йили ҳоким, вазир, идоралар ва банклар раҳбарлигига камида 2 нафар номзоддан иборат ёш кадрлар захирасини тасдиқлайди.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат аппарати фаолияти самарадорлиги ва ошкоралигини ошириш, шунингдек уларнинг касбий фазилатлари ва хизматларини адолатли ва холисона баҳолаш асосида давлат хизматига энг муносиб ва қобилиятли шахсларни танлаш мақсадида электрон тизимни ишга туширди (www.vacancy.argos.uz).
Хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси шуни кўрсатадики, номзодларни очиқ танлов асосида саралаш давлат хизматига истиқболли ёш кадрларни жалб қилишнинг асосий механизми ҳисобланади.
Номзодларни танлаш тизимида турли хил процедуралар ва баҳолаш мезонлари бўлиши мумкин, аммо асосий шарт ўзгаришсиз қолади - унинг барча босқичларининг мутлақ очиқлиги ва шаффофлиги таъминланади.
Ўз навбатида, номзодлар бўш лавозимларга даъвогарларга қўйиладиган асосий талаблар, масъулиятларнинг хажми, жавобгарлик доираси, иш фаолиятини баҳолаш мезонлари ва иш фаолиятини назорат қилиш билан олдиндан танишиш имкониятига эга.
Бугунги кунга қадар, Агентлик томонидан давлат идоралари ва ташкилотларида 8 388 та бўш иш ўринлари бўйича танлов ўтказилди. Аризаларнинг умумий сони 133 200 тани ташкил этди. Танлов натижаларига кўра 2 404 нафар номзод танлаб олинди, шундан 779 нафари (32%)фоизи 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Қолган 3 679 та бўш иш ўринларига танлов тадбирлари қайтадан ташкил этилади.
Иқтидорли ёшларни давлат хизматига жалб қилиш, айниқса маҳаллий даражада, давлат олдига қўйган энг муҳим вазифалардан биридир. Зеро, ёш авлод вакиллари янги ғояларни илгари суриши ва уларни амалга ошириш учун битмас-туганмас кучга эга эканлиги ҳеч кимга сир эмас.
Ёшларга ўзларини намоён этиш, дадил ташаббусларни илгари суриш ва уларни амалга оширишда бевосита иштирок этиш имкониятини бериш орқали биз ёшларни мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши жараёнига жалб этишга эришамиз.
Наргиза Мухторова
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш
агентлиги етакчи инспектори









