Ёшлик даҳоси фарзандларимиз сийрати ва тийнатида акс этсин

    Абдурауф Фитрат “Нажот йўли”да “Болалар ахлоқий тарбияни муҳитдан (яъни, атрофдан) оладилар, бошқача қилиб айтганда, болалар сувга ўхшайдилар, сув идишнинг шаклини олганидек, болалар ҳам муҳитнинг одоб-ахлоқини қабул қиладилар”, дейди.

    Ўз Мурожаатномасида: “Таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”, дея таъкидлаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев, “Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз”, дейди ва “Бунинг учун нафақат масъул ташкилотлар, балки барчамиз биргаликда муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, фарзандларимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича оила, маҳалла ва таълим масканларида иш олиб боришимиз зарур”лигини куюнчаклик билан уқтиради.

    Миллатимизнинг икки фидойиси илгари сурган бу даъваткор фикрлар ҳар биримизни ёш авлод тарбияси ҳақида қайғуришга чорлайди. Чунки бугунги замон талаби шундай.

    Агар атроф-муҳитимизда юз бераётган воқеа-ҳодисалар моҳиятини таҳлил қиладиган бўлсак, мамлакатлар тақдирини ёшлар сиёсати ва маънавий-маърифий жабҳадаги ислоҳотлар белгилаб бераётганига амин бўламиз.

    Тарбия йўли – ҳаёт йўли

    Яқинда журналист Салим Дониёровнинг “Янги Ўзбекистон” газетасида “Руҳ ва ахлоқ тарбияси – ҳаёт ғоясининг асоси” сарлавҳали жиддий таҳлилий мақоласини ўқидик. Унда, жумладан, шундай дейилади: “XXI асрга келиб ахборот макони – ҳақиқий жанг майдонига айланди. Ғоялар, мафкуралар ғолиблиги, маънавий қурбонлик жанги.

    Бу жанг қаҳрамонлари ҳам, жабрдийдалари ҳам, қурбонлари ҳам ўзимиз бўлиши ҳар биримизни жиддий ташвишга солмоқда. Бунда яна бир жуда муҳим ҳақиқатни асло унутмаслигимиз зарур ва шарт. Гап шундаки, бугун дунёда “Ёш авлод онги учун жанг” кетмоқда. Буни теран англашимиз, азиз фарзандларимизга бўлаётган ҳар бир таҳдидни олдиндан сезишимиз лозим.

    Шундай мураккаб вазиятда нажот йўлини қаердан изламоғимиз керак, деган табиий савол туғилади. Албатта, хавф ва таҳдидларнинг чораси ҳам бор. Бунинг учун, аввало, ёш авлод онгига қандай ташқи таҳдидлар хавф солаётганини ўрганиб чиқишимиз керак бўлади.

    Журналист, бу ўринда, ёшларимиз онгига олтита хавфли таъсирни санар экан, уларга қарши Билим ва Ватан ғоясини мустаҳкамлашимиз кераклиги ҳақида асосли фикрларни илгари суради.

    Агар ёшларимиз тарбияси билан боғлиқ жорий вазиятга шу нуқтаи назардан ёндашадиган бўлсак, аввало, таъкидлаш жоизки, XXI асрда маърифат ва маънавият масаласи ҳар қандай давлатнинг бугуни ва келажагини белгилаб беради. Яъни, ёшларга мақсадли ва сифатли таълим-тарбия бермасдан туриб, бошқа соҳаларни ривожлантириш мумкин эмас.

    Албатта, Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг аниқ мақсади ҳам шу. Бу борада кейинги йилларда кўп саъй-ҳаракатлар бўляпти. Ҳар жабҳада ёшларимизга кенг имкониятлар беряпмиз, зарур шароитлар яратиб, уларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.

    Моҳиятан олганда, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини, айниқса, виждон эркинлиги ва динга эътиқод ҳуқуқини тарғиб этиш ва ҳимоя қилиш борасида самарали ишлар қилинмоқда. Ўзбекистон саноқли давлатлар қаторида муаммоларни бартараф этишда халқаро институтлар ва экспертлар ҳамжамияти билан конструктив мулоқотга мутлақо очиқ эканини намойиш этмоқда. Айниқса, ёшлар сиёсатига доир минтақавий ва халқаро ташаббуслари кенг сиёсий доирада алоҳида эътибор қозониб, қизғин қўллаб-қувватланмоқда.

    Бу ҳам Ўзбекистоннинг янгича сиёсий маконга интилиши ва дунё халқлари ҳамжиҳатлик, ўзаро тушуниш ва тинчликпарвар йўлда бирлашиши тарафдори эканини англатади.

    Таъкидлаш жоизки, сўнгги олти йилда Ўзбекистон аҳолиси 13 фоизга кўпайди. Бу йил нуфусимиз 36 миллиондан ошди. Ҳар йили сафимизга қарийб 900 минг ёш авлод қўшилмоқда. Бу эса давлат ва ҳукумат олдига янги-янги вазифалар қўйиши табиий.

    Шу боис, 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном берилди. Йил номи билан боғлиқ инсон ҳурмати бевосита мактаб, боғча ва шифохоналарни кўпайтириш, таълим ва тиббиёт сифатини ошириш, маҳаллада йўл, сув, электр, транспорт муаммоларини ҳал қилиш, иш ўринларини кўпайтириш, тадбиркорликка янги имкониятлар яратиш билан чамбарчас боғлиқ.

    Мана шундай бир шароитда олдимизда яна бир жуда муҳим вазифа борки, у сўзсиз – фарзандларимизни бугунги замон руҳи ва янгиланаётган дунё тамойилларига бардошли қилиб тарбиялаш. Бу ўринда бизни мушоҳадага чорлайдиган, ташвишлантирадиган масалалар ҳам оз эмас.

    Жадид бобомиз Абдулла Авлоний тарбия хусусида шундай дейди: “Боланинг саломати ва саодати учун яхши тарбия қилмак, танини пок тутмак, ёш вақтидан маслакини тузатмак, яхши хулқларни ўргатмак, ёмон хулқлардан сақлаб ўсдурмакдур. Тарбия қилгувчилар табиб кабидурки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилган каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл маразига “яхши хулқ” деган давони ичидан, “поклик” деган давони устидан беруб, катта қилмоғи лозимдур. Зероки, “Ҳассину ахлоқикўм” амри шарифи узра хулқимизни тузатмакға амр ўлинганмиз. Лекин хулқимизнинг яхши бўлишининг асосий панжаси тарбиядур”.

    Бу фикрлар фарзанд тарбиясида қандай йўл тутмоғимиз ва ҳозир қайси йўлда эканимизни рўй-рост англатиб туради. Масалан, айтайлик, бугунги кунда катта авлод томонидан бот-бот “ёшлар тарбияси саёзлашиб қолди, биз бошқача эдик”, қабилидаги эътирозли фикрлар билдирилаётганини эшитиб қоламиз. Бундан ташқари, ҳозирда дунёнинг турли нуқталарида геосиёсий муаммолар кучайи, давлатлар ўртасида ўзаро ишонч йўқолиб бораётган бир даврда радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар кучаймоқда.

    Бундай таҳликали даврда маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаслик мақсадида зиёлилар амалий ҳаракатлари билан фаоллик кўрсатиши сув ва ҳаводек зарур. Айниқса, рақамлаштириш шароитида ёшларни турли зарарли хуружлардан ҳимоя қилиш бўйича янгича самарали воситаларга эҳтиёж сезилмоқда.

    Табиийки, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга қарши қаратилган контентларни аниқлаш ва уларни тақиқлаш жуда зарурий талаб. Лекин уларнинг ўрнига ахборот маконини миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашга оид фойдали контент билан тўлдириш масаласи турибди.

    Чўпчак айтсак ҳам ўйлаб айтайлик!

    Эртаклар кичик ёшдаги болалар онгининг шаклланишида муҳим ўрин тутади. Айнан шу ёшда болалар онгига эзгулик уруғи қадалади. Лекин бугунги кунда болалар адабиёти мазмуни ҳам кўнгилдагидай эмас.

    Бугун миллийлигимизга ёт ғоялар ва ахлоқсиз қарашлар тарғиб қилинаётган эртаклар бот-бот болаларимиз китоб жавонига етиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Менталитетимиз ва инсонийликка мос келмайдиган эпизодлар, сюжетлар, қаҳрамонлар, диологлар ва бошқа салбий жиҳатларни кўриб беихтиёр ёқа ушлайсиз.

    Масалан, эртакларда боласини ўрмонда адаштириб келаётган отани тасаввур қилинг. Шундай ҳолатни ўқиган мурғак қалб қай ҳолатга тушади. Ёки бошқа кўплаб эртакларда оилавий хиёнатлар, найрангбозлик, фитна ва фасодни оддий ҳолдек ўқувчига етказишга ҳаракат қилинади. Бундай нобоп китоблар нима мақсадда ва ким томонидан ёзилаётгани эътибордан четда қолмоқда.

    Шундай экан, эртакларнинг мазмунини қайта кўриб чиқиш ҳам жуда муҳим. Оддий мисол, эртакда шоҳ ёки бойнинг қизи учун уч оға-ини рақиб бўлиб, якунда кенжа ботир салтанатнинг ярмини қўлга киритиши ғояси ўғил болаларга нотўғри тарбия беришга омил бўлади. Бундай мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин.

    Шунингдек, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда тарих, адабиёт ва санъат каби соҳалар бўйича ёшларнинг умумий дунёқарашини оширадиган платформалар деярли йўқ. Ён қўшнимиз Қозоғистонда Youtube каби энг оммабоп платформаларда давлатчилик тарихи, буюк тарихий шахслар ва миллий мафкуравий контентлар сони тобора ортиб бормоқда.

    Тўғри, мазкур 2–3 дақиқалик видеороликлар ёшлар учун бадиий ёки илмий асар ўқишнинг ўрнини боса олмайди. Лекин мазкур ёндашув ёшларнинг тафаккурини ошириши билан бир қаторда китоб ўқишга рағбатлантира олади.

    Миллий ахборот маконида миллий бирдамлик ғоялари асосида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк уламолар, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Бобур, Абдуллахон каби давлат арбоблари ҳаёти ва уларнинг миллий давлатчилигимизга қўшган ҳиссасини креатив тарзда ёшларга етказиб бориш муҳим ҳисобланади.

    Бундан ташқари, бугунги кунда биз тарихни ўрганишда замонавий Ўзбекистон ҳудудидан келиб чиқиб эмас, балки ўзбек халқининг шаклланишида муҳим бўлган кўплаб туркий халқларнинг тарихини мукаммал ўрганишимиз лозим. Бу, ўз навбатида, қардош халқлар умумий тарихга эгалиги, ўтмиши ҳам, эртаси ҳам бир-бири билан узвий боғлиқлигини ўрганишга ёрдам беради.

    Сабоқ ҳам, ўрнак ҳам ўзимизда

    Давлатимиз раҳбарининг 2020 йилда Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида амалдаги меъёрий ҳужжатларга асосан ўқувчини таълимнинг навбатдаги босқичига тайёрлашга йўналтирилгани танқид қилиниб, асосий мақсад ўқувчиларни эркин фикрлаш ва мустақил ҳаётга тайёрлаш бўлиши лозимлиги таъкидланди.

    Тан олишимиз керак, ёшлар ахборот олишда асосан уяли алоқа воситалари ва рақамли технологиялардан фойдаланишда анча илғор. Шу сабабли, инновацион усулда ёш психологиясидан келиб чиққан ҳолда фарзандларимизга амалий дарсларни турли инфографикалар, видеолар, расмлар, тестлар ва мантиқий саволларни визуал кўринишда тақдим этиб бориш мақсадга мувофиқ.

    Оддий мисол, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида болалар психологиясидан келиб чиқиб, суперқаҳрамонлар иштирокидаги комикслардан фойдаланиш мумкин. Бунда мазкур персонажлар орқали болалар онгига бошқаларга ғамхўрлик қилиш яхши экани, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузиш ёмонлиги сингдириб борилади.

    Яна бир муҳим масала, болалар ўзига қаҳрамон ёки идеал қидиради. Тан олайлик, бугунги кунда шундай вазифани эстрада хонандалари, турли ижтимоий тармоқ блогерлари ёки бошқалар бажармоқда. Лекин жамиятга фойда келтирадиган шифокор, ўқитувчи, ахборот технологиялари соҳаси мутахассиси ёки архитектор каби касб эгалари замонамиз қаҳрамони сифатида кўрилмайди.

    Ёки ёш авлодга уларнинг тенгдош қаҳрамонларини ҳам ўрнак қилиб кўрсатиш мумкинми? Ҳа, албатта. Мана, шу кунларда бутун дунё икки ўзбек ўғлони – Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоровга ҳавас билан боқмоқда. Ўзимиз ҳам уларнинг ҳар бир ғалабасидан ғурур ҳиссини туямиз. Лекин буни фарзандларимизга намуна сифатида айтиб беришимиз, оила, мактабда улар эришган ғалабаларни, инглиз тилида берган интервьюларини қўйиб бериб, ҳавас ҳиссини шакллантиримиз керак эмасми?! Халқимизда бежизга “Ҳасад билан эмас, ҳавас билан яша”, деган ақида юрмайди. Бунинг замирида жуда катта тарбиявий хулосалар турибди. Шундай экан, биз – ота-оналар, аввало, ўзимизни ислоҳ қилиш фурсати аллақачон келган.

    Яна бир гап. Агар биз фарзандларимизнинг муайян мақсад йўлида ҳаракатланишини рағбатлантирмоқчи бўлсак, аввало, шу касбга нисбатан меҳр уйғотишимиз зарур.

    Биз ўзимизни “болажон халқмиз” деб атасак-да, лекин охирги вақтлари шу нисбатга мос бўлмаган ҳолатларга ҳам дуч келаяпмиз. Болаларга шавқатсизларча муносабат ижтимоий тармоқларда тез-тез кўриниш бермоқда.

    Бугунги дунёдаги глобал ўзгаришлар қачонлардир муқаддас саналган “оила” тушунчасига ҳам таъсир ўтказмоқда.

    Тан олиб айтайлик, бугун айрим ота-оналар ишга берилиб, пул кетидан қувиб болалар тарбиясини эсдан чиқариб қўймоқда. Бирор кор-ҳол бўлса, ота-оналар мактабни, ўқитувчини айблаш одатий ҳолга айланди. Бу тўғри эмас, фарзандни дунёга келтирдингми, тарбиясига ҳам, ўқишига ҳам ўзинг масъулсан. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.

    Дарҳақиқат, шарқ мутафаккирлари халқларнинг буюклиги унинг маънавий даражасига ва оила қадриятларига боғлиқ, деган фикрни айтган. Ахлоқий ва маданий фазилатлар, дунёқараш ҳамда тафаккур эса болалар тарбия оладиган оилада, яқинлари яшайдиган муҳитда шаклланади, куртак ёзади.

    Ўқитувчи мақоми – таълимга берилаётган эътибор кўзгуси

    Ҳар қандай ривожланган жамиятда ўқитувчининг мақоми ва меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, маънан ва жисмонан баркамол авлодни тарбиялашнинг асосий омили ҳисобланади.

    Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 20 йил олдин саводхонлик асосан фақат китоб ёки бирор матнни ўқиш, деб тушунилган. Бугунги кунда билим билан биргаликда уни амалиётга жорий эта олишингиз лозим. Яъни, биз яшаётган шиддатли ахборот замонида кечаги билим бугунги кунга тўғри келмаяпти. Бугунги кунда замонавий кадрнинг асосий индикатори, бу – малака.

    Япония, Хитой каби Осиё давлатларидаги иқтисодий мўъжиза таълим ислоҳоти билан боғлиқ. Ёки ўтган асрнинг 60-йилларида Корея ва Сингапур жуда қашшоқ мамлакат бўлган. Улар инвестицияни таълимга жуда оқилона сарфлаган. Халқона айтсак, бизда ҳам энг иқтидорли ёшларни ўқитувчилик касбига жалб қилсаккина вазият тубдан ўзгариши мумкин.

    Тан олиш керак, сўнгги йилларда бу борада салмоқли ўзгаришлар амалга оширилди. Биринчи навбатда, ўқитувчилар мажбурий меҳнатдан – пахта терими, ободонлаштириш ишларига жалб қилишдан озод қилинди.

    Бу борада ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш ҳам таклиф этилмоқда.

    Ўзбекистонда 2 миллиондан зиёд педагог фаолият юритмоқда. Инновацион ривожланиш ва “ахборот жамияти”нинг асосий манбаси ҳисобланган сифатли таълим-тарбия беришга эришиш бевосита ўқитувчининг мақомига боғлиқ, десак янглишмаймиз. Бу борада немис олими Андреас Шляйхер айтган қуйидаги фикр жуда ўринли: “Таълим сифати ҳеч қачон ўқитувчи сифатидан ошиб кетолмайди”.

    Таълим — жамият келажаги ва миллат иши ҳисобланади. Ўзбекистон 2030 йилга бориб PISA тадқиқотлари бўйича кучли 30 таликка киришни мақсад қилган. Бу мақсадларга эришишда ўқитувчилик касбини нафақат молиявий, балки интеллектуал жиҳатдан ҳам жозибадор қилиш муҳим ҳисобланади. Яъни, таълим сиёсати доимо иқтисодий сиёсат билан чамбарчас боғлиқ. Бу эса, ўз ўрнида, ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш бўйича барча куч ва ресурслар, саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш заруратини кўрсатмоқда. Бу борада, хориж тажрибаси асосида ҳар бир таълим муассасасида битирувчиларнинг таълим ва инновацияни ривожлантиришга қаратилган инвестиция фондларини (ENDOWMENT FUNDS) ташкил этиш амалиётини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.

    Масалан, дунёнинг машҳур университетлари бўлган Стенфорд, Ҳарвард каби университетларда ҳам инвестиция фонди ташкил этилган бўлиб, ушбу университетни тамомлаган, ўз карьерасида катта муваффақиятларга эришган битирувчилар ўз ихтиёри билан ўзларидан кейин таълим олаётган авлод учун моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида пул маблағларини хайрия қилади.

    Агар университет ёки мактаб ҳузурида шундай фонд тузилса, донорларнинг жамғарма фонди фақат стипендиялар, профессорлар ёки тадқиқот дастурларини молиялаштириш учун ишлатилиши мумкин.

    Хулоса сифатида айтиш мумкинки, илм-маърифат, тарбия беришда танаффус бўлиши мумкин эмас. Бунда биз эскича ишлашга, эскича фикрлашга ҳаққимиз йўқ. Бундай дейишимизга жуда катта сабаб ва мустаҳкам асос бор. Зеро, биз “Янги Ўзбекистон орзуси” билан яшаяпмиз. Қолаверса, ёшларни – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сафида кўрмоқдамиз. Президентимиз таъбири билан айтганда, биз ёшлар сиймосида умримиз мазмунини, ҳаётимизнинг асосий самарасини кўрамиз. Янги Ўзбекистонни азму шижоатли ёшлар билан бирга бунёд этамиз!

    Бекзод НАРИМОНОВ,

    Тошкент давлат юридик университети доценти

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates