Июнь жуда катта тарихий воқеаларга бой бўлди. Табиат қонунига кўра, кунлар исий бошлаган бу паллада мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳаётида ҳам қайноқлик кузатилди. Ойнинг илк ҳафтасида мамлакатимиз мусулмонлари Қурбон ҳайитини нишонлади. Давлатимиз раҳбари байрам муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик йўллади. Унда “Бу байрамнинг инсонпарварлик, аҳиллик, саховат ва олижаноблик каби фазилатлари юртимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, кексалар, ёшлар ва хотин-қизлар ҳақида алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурларимиз самарасини оширишга хизмат қилаётгани” алоҳида таъкидланди.
Яна бир қувончли воқеа — футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиёнинг энг кучли жамоалари иштирок этган жаҳон чемпионатига саралаш ўйинларида чинакам жасорат ва матонат намунасини кўрсатди. Футболчиларимиз том маънода улкан ғалабага эришиб, Ватанимиз тарихида биринчи марта жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани миллий футболимизда янги олтин саҳифани очиб берди. Шаҳарлар, узоқ қишлоғу овулларда спортсевар ва тинчликсевар халқимиз қалбида чинакам ғурур туйғулари жўш урди.
Давлатимиз раҳбари футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларига йўллаган табрикка юртимиздаги миллионлаб спорт мухлислари жўровоз бўлди. Миллий спортимиз солномасидаги бундай ёрқин тарихий ютуқ халқимизни эзгу мақсадлар йўлида янада бирлаштирди, минг-минглаб ёшларимиз учун илҳом манбаига, ибрат тимсолига айланди, янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада оширди.
Шу ўринда табиий савол туғилади: ушбу маррага етишишимизга нималар асос бўлди? Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 16 мартдаги қарори билан 2018-2022 йилларда футболни янада ривожлантириш дастури қабул қилинган эди. Истеъдодли ёшларни танлаш, кейинчалик профессионал этиб тайёрлаш ҳамда миллий терма жамоалар захирасини яратиш мақсадида 14 та ҳудудда болалар ва ўсмирлар футбол академиялари ташкил этилди. Машғулот ва мусобақалар сифати ошди. Мураббийлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларга эътибор кучайди.
2019 йил 4 декабрда Президентимиз “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унда клублар фаолиятини ривожлантириш, халқаро даражадаги мутахассислар тайёрлаш, терма жамоаларнинг ўқув-машғулот жараёнини замонавий ташкил этиш, мамлакатимизда нуфузли мусобақалар ўтказиш мақсадлари белгиланган эди. 2023 йил 8 апрелда қабул қилинган оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришга оид Президент қарори ҳам бу йўлда катта аҳамиятга эга бўлди.
Шундай эътибор ва тизим туфайли бирин-кетин натижалар кела бошлади. Мамлакатимиз номини мундиаль йўлланмасига ёзиб қўйишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган бир гуруҳ юртдошларимизнинг давлат мукофотлари билан тақдирланиши эса барчанинг кўнглидаги иш бўлди. Давлатимиз раҳбари “Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ва мураббийларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.
10 июнь куни “Бунёдкор” стадионига ташриф буюрган кўпмиллатли халқимизнинг минглаб вакиллари Президентимиз билан бирга футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Қатар жамоасига қарши ўйинини томоша қилди. Жаҳон чемпионати саралаш босқичининг сўнгги учрашуви оддий ўйин эмас, ўзбек футболининг катта байрамига айланиб кетди.
Шу куни давлатимиз раҳбари қаҳрамон спортчиларимизга “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони, “Фидокорона хизматлари учун”, “Дўстлик”, II даражали “Саломатлик” ордени, “Соғлом турмуш”, “Шуҳрат” медалларини топширди. Шунингдек, терма жамоамиз аъзолари ва мутахассисларига автомобиллар совға қилинди.
Дўстинг кимлигини айт...
Халқаро ҳамкорлик бобида ҳам сермаҳсул учрашув ва мулоқотлар, келишув ва ўзаро шериклик бўйича илғор қадамлар ташланди. “Al Mirqab Capital” компанияси бошқаруви раиси Ҳамад бин Жассим Ол Соний, “Blackrock” инвестиция компанияси катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлеси, Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган БРИКС Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русеф, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Финляндия ташқи ишлар вазири Элина Валтонен, “Euronews” медиа холдинги директорлар кенгаши раиси Педро Варгас бошчилигидаги нуфузли делегациялар давлатимиз раҳбари қабулида бўлди.
“Дўстинг кимлигини айт, мен сенга кимлигингни айтаман”, деган мақол бор. Шу маънода, бир-бирини дўст деб қабул қилган томонлар ўртасидаги мулоқотлар давомида ҳар бир йўналиш бўйича ўзаро манфаатли ҳамда беғараз ҳамкорликни ривожлантириш ва мамлакатимизда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, Ўзбекистон билан нуфузли халқаро молиявий институтлар ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш ва бошқа кўплаб муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Масалан, “Euronews”дек етакчи компания билан ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси, мамлакатда рўй бераётган муҳим сиёсий-иқтисодий жараёнлар, шунингдек, инвестицион ва туризм салоҳият тўғрисида унинг кенг аудиториясини кенгроқ хабардор қилиш масалалари келишиб олингани, шу асосда айни кунларда Тошкент шаҳрида янги ваколатхонаси очилгани икки томон учун ҳам бирдек манфаатлидир.
Июннинг биринчи декадасида Президентимиз таклифига биноан Словакия Республикаси Бош вазири Роберт Фицо ва Болгария Республикаси Президенти Румен Радев расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Ҳар икки мамлакат етакчилари билан бўлиб ўтган олий даражадаги музокараларда кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Устувор йўналишлар — савдо, инвестиция ва инновациялар, қишлоқ хўжалиги, саноат, энергетика, туризм соҳаларида шерикликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Халқаро аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан, кўп томонлама майдонларда ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, етакчиларнинг музокаралари, расмий ва ишбилармонлик тадбирлари, қатор икки томонлама битимлар имзолаш маросимлари кун тартибидан жой олди.
Ташриф доирасида Словакия Бош вазири ва Болгария Президенти IV Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этди. Мазкур тадбир ҳамда ундан сўнг ўтказилган Хорижий инвесторлар кенгаши мажлисида давлатимиз раҳбари нутқ сўзлади.
Ҳар ерда миллий манфаат устувор
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан “Марказий Осиё — Хитой” иккинчи саммитида иштирок этди. Остона шаҳрида бўлиб ўтган тадбир кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни устувор йўналишларда кенгайтириш истиқболлари, долзарб халқаро ва минтақавий масалалар кўриб чиқилди.
Айтиш керакки, Марказий Осиё мамлакатларининг Хитой билан товар айирбошлаш ҳажми ортиб бораётир, жорий йилда бу кўрсаткич 100 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Ўзбекистон Президенти ўз нутқида 2023 йилда Сиань шаҳрида ўтган биринчи саммитдан сўнг “Марказий Осиё — Хитой” форматидаги ҳамкорликда катта муваффақиятларга эришилганини мамнуният билан қайд этди.
— Бизнингча, бир томондан, ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айланган Марказий Осиёнинг ўзидаги чуқур трансформация жараёнлари, бошқа томондан, Хитой раҳбариятининг қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ва “Белбоғ ва йўл” глобал концепциясини илгари суришга қатъий содиқлиги ушбу форматдаги ҳамкорликнинг ривожланишига имкон бермоқда, — деди давлатимиз раҳбари.
Сўнг Президентимиз минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ўз нуқтаи назарини баён қилди. Аввало, бу галги учрашув халқаро вазият сезиларли даражада ёмонлашган бир шароитда ўтаётгани таъкидланди. Рақобатнинг ортиши кескинликнинг зўрайишига, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга янги хавф ва таҳдидлар пайдо бўлишига олиб келмоқда.
— Низоли халқаро масалалар ва зиддиятли муаммоларни ҳал қилиш учун куч ишлатиш воситаларидан фойдаланиш ўзини оқламайди ва бунга йўл қўйиб бўлмайди деб ҳисоблаймиз, — деди Президентимиз. — Барча низо ва зиддиятлар суверенитетни ҳурмат қилиш, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низоми асосида фақат дипломатик саъй-ҳаракатлар йўли билан — музокаралар столида ҳал этилиши шарт.
Шу муносабат билан саммит давомида минтақавий барқарорликни таъминлашга умумий ҳисса қўшадиган Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома қабул қилиниши тарихий аҳамиятга эга экани таъкидланди. Ушбу шартномани ривожлантириш мақсадида аниқ механизм ва лойиҳаларни киритган ҳолда Узоқ муддатли шериклик концепциясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Ўзбекистон етакчиси иқтисодий салоҳиятни самарали рўёбга чиқариш учун саноат ва инфратузилмавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш зарурлигига алоҳида тўхталди. Шу мақсадда “Марказий Осиё — Хитой” саноат ва инфратузилма макони” узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Хитой инвестициялари, технологик ва илмий ечимларини жалб қилган ҳолда, ўзаро боғланган саноат кластерлари, технопарклар ва логистика хаблари тизимини яратиш шулар жумласидан.
Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай, давлатимиз раҳбари Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. Мўғулистон Давлат саройида икки мамлакат етакчиларининг тор доирадаги ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари икки томонлама муносабатлар тарихида биринчиси бўлган ушбу ташриф кўп қиррали Ўзбекистон — Мўғулистон алоқаларини ривожлантиришда янги босқични бошлаб беришини таъкидлади. Дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларига эътибор қаратди.
Давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар тарихий, маданий ва иқтисодий алоқаларга асосланган, сўнгги йилларда мазкур ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Икки ўлка етакчиларининг интилиши мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, минтақавий ҳамкорлик ва тараққиёт учун кенг имкониятлар очмоқда.
Халқаро экспертлар ҳам 24-25 июнь кунлари бўлиб ўтган мазкур ташриф якунлари ва Ўзбекистон — Мўғулистон муносабатларининг замонавий ҳолати, истиқболи ҳамда аҳамияти хусусида кўплаб чиқишлар қилди. Масалан, сиёсий таҳлилчи Адиякҳуу Батбазар (Мўғулистон) шундай дейди:
— Иқтисодиёти бўйича минтақада юқори ўринда турувчи Ўзбекистонни айрим таҳлилчилар “Бешинчи Осиё йўлбарси” деб атаётгани бежиз эмас. Олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш, халқаро майдондаги таъсирини кучайтиришга қаратилган. Қисқа вақт ичидаги бу муваффақиятларнинг ўз омиллари бор, албатта. Инсон ресурслари салоҳияти бўйича Ўзбекистон Марказий Осиёда энг юқори кўрсаткичга эга. Шу билан бирга, ривожланишга тўсқинлик қилувчи айрим омиллар ҳам мавжуд. Мамлакат денгизга чиқа олмайди, икки-уч давлат ҳудуди орқали денгизга чиқиш имконига эга дунёдаги икки давлатдан бири ҳисобланади. Ушбу муаммони бартараф этиш учун транспорт тизимини 2035 йилгача ривожлантириш бўйича стратегик сиёсат ишлаб чиқилиб, маҳаллий маҳсулотларни имкон қадар тезроқ денгиз портларига етказадиган транспорт йўлаклари яратишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Масъулиятни ошириш — муваффақиятга эришишнинг ишончли йўли
Бугун Ўзбекистондаги кенг қамровли ислоҳотлар мамлакат тараққиёти, жамият фаровонлиги ва фуқаролар ҳаётини яхшилашга қаратилган. Ислоҳотларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилиши эса, аввало, ижро интизомига боғлиқдир. Шу жиҳатдан қаралганда, ижро интизоми ислоҳотларнинг муваффақиятига асос бўлиб хизмат қилади.
Президентимиз раислигида 16 июнь куни ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши ва аҳолини қийнаётган масалалар таҳлили бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ижро интизомини мустаҳкамлаш, аҳоли муаммолари билан ишлаш бўйича янги тизимни йўлга қўйиш масалалари диққат марказида бўлди. Энди ижро интизомига Ҳисоб палатаси масъул бўлиши, унинг ваколатлари кенгайтирилиб, берилган маблағларнинг фақат тўғри сарфланиши эмас, балки нима самара бергани, аҳоли бундан қанчалик рози бўлгани ҳам ўрганилиши таъкидланди.
Қонун ижроси билан мукаммал. Вазирлар, ҳукуматдаги масъуллар тартиб-интизомга қаттиқ эътибор бермагани учун ислоҳотлар ижроси чўзилиб кетаётгани танқид қилинди.
Вазиятни кескин ижобий томонга ўзгартириш мақсадида Тошкент шаҳрида ўзини оқлаган “Халқ назорати” электрон портали бутун республикада ишга туширилади. Бу тизим мурожаатларнинг ягона платформаси бўлади ва унга барча вазирлик, идора, ҳокимликлар уланади. Президентимиз аҳолининг дарду ташвишларини эшитиб, одамларга шароит яратиб бериш раҳбарларнинг асосий вазифаси эканини қайд этди.
— Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг дарди ва умиди турганини унутмаслигимиз керак. Халқнинг дарди билан яшаш биз учун мажбурият, — деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда ҳудудларда бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, инвестиция ва экспорт ҳамда муҳитни яхшилаш масалаларига эътибор қаратилди. Солиқ маъмурчилигини яхшилаб, аҳоли тадбиркорлиги ва иш ўрни яратишни қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди.
Маҳаллаларга сув олиб бориб, мева-сабзавот етиштириш, замонавий агротехнологиялар орқали экспортни кўпайтириш имкониятлари кўрсатиб ўтилди. Ўрмон ва яйловлардан чорвачиликда фойдаланиб, гўшт ва сут маҳсулотларини кўпайтириш, озиқ-овқат инфляциясини жиловлаш чора-тадбирлари белгиланди.
Шаҳарларда жамоат транспортини ривожлантириш, йўл ҳаракатини тўғри ташкил қилиб, тирбандлик ва автоҳалокатларни камайтиришнинг аҳамияти қайд этилди. Одамлар сайр қиладиган жойлар, яшиллик ва болалар майдончаларини кўпайтириб, халқни рози қилиш талаби қўйилди.
Ҳудудлар ислоҳотларимиз кўзгусидир
18 июнь куни Тошкент вилоятининг Паркент туманига ташриф давомида давлатимиз раҳбари аҳоли ҳаёти, ҳудудларнинг иқтисодий ривожи ва янги лойиҳалар билан танишди. Дастлабки манзил “Паркентсой” турар жой массиви бўлди. Экошаҳар сифатида қаралаётган ва умумий майдони олти гектарни ташкил этувчи ҳудудда жами 5200 хонадонли 125 та кўп қаватли турар жой қурилади. Улар барча замонавий коммунал тармоқлар, энергиятежамкор технологиялар билан таъминланади. Жумладан, уйлар тепасига гелиоколлекторлар ўрнатилиб, сув иситишда фойдаланилади. Аҳоли нисбатан зич яшайдиган ҳудудлар учун бундай массивлар муҳим ижтимоий аҳамиятга эга. Уйларнинг шинамлиги, таннархи халқимизга мос.
Давлатимиз раҳбари туманни янада ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди. Бу борадаги муҳим лойиҳа — “Байтқўрғон — Паркент” электрлаштирилган темир йўли. Ҳозирда унинг қурилиши жадал кетмоқда. Қарийб 24 километрлик бу йўл фойдаланишга топширилгач, Паркентдан пойтахтимизга бориш учун катта қулайлик яратилади, туманнинг хушманзара гўшаларига саёҳатга келиш осонлашади.
Президентимиз паркентлик фаоллар билан дилдан суҳбатлашди. “Бизнинг энг катта бойлигимиз юртимиз тинчлиги, халқимизнинг осойишталиги. Тинчлик барқарор бўлса, мана шундай бунёдкорлик бўлади, режалар амалга ошади. Давлат ташкилотларини сафарбар қилиб, имкониятларни юзага чиқариб, ҳамма ҳудудларни ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз. Паркентга ҳам истиқлол шабадаси, ислоҳотлар натижаси етиб келганини кўриб, хурсанд бўлдим. Халқимиз мана шундай фаровон шароитда яшашга муносиб”, деди давлатимиз раҳбари.
Президентимиз Қашқадарё вилоятида ҳам бўлди. Ҳудуддаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган ишлар билан танишилгач, Кўкдала туманида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказилди. Унда вилоятда улкан ўзгаришлар бўлаётгани, ислоҳотлар одамлар ҳаётига кириб бораётгани қайд этилди.
Олдинлари вилоят саноатининг ярмидан кўпи нефть-газ ва кимё тармоғига тўғри келарди. Сўнгги йилларда электр техникаси, қурилиш материаллари, тўқимачилик, мебелчилик соҳаларида “катта сакраш” бўлди. Ҳозир бу тармоқларнинг саноатдаги улуши 54 фоизни ташкил этяпти.
Таҳлилларга кўра, Қашқадарёда ишга солинмаган камида 15 миллиард долларлик салоҳият бор. Бу имкониятларнинг учдан бири лойиҳага айлантирилса ҳам, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотини келгуси беш йилда бемалол 10 миллиард доллардан ошириш мумкин. Давлатимиз раҳбари вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича қўшимча имкониятларни кўрсатиб ўтди.
— Қаранг, энг катта захира қишлоқ хўжалиги ерлари, — дейди меҳнат фахрийси, “Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Шодиёр Хўжаназаров. — Ҳа, вилоятимизда ишга солинмаган имкониятлар жуда кўп. Кўкдаладаги йиғилишда Қашқадарё ишга солинмаган камида 15 миллиард долларлик салоҳиятга эга экани таъкидланди. Яйлов ва ўрмон ерларидан самарали фойдаланиш фурсати етди. Энди бўш турган 1,3 миллион гектар яйлов ва ўрмон ери ишга солинади. Инвестиция жалб қилиниб, лойиҳалар молиялаштирилади. Шунинг ҳисобига икки йилда вилоятдаги камида 200 минг гектар ер лазерли текисланиб, сув тежовчи технологиялар жорий этилади.
— Қашқадарёда режалаштирган ишларимиз кўп. Амир Темурдек буюк аждодимиздан жасорат, матонат, бағрикенглик каби фазилатларни мерос қилиб олган меҳнатсевар, самимий ва олижаноб вилоят аҳли билан олдимизга қўйган улкан марраларга албатта эришамиз. Аминманки, қашқадарёликлар барча ислоҳотларимизнинг олдинги сафида бўлади, — деди Шавкат Мирзиёев.
Фикр айтиш ва етказиш масъулияти билан...
27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни мамлакатимиз қалам аҳли ўз касб байрамини нишонлади. Сана арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони имзоланди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик тамойилини мустаҳкамлашга қўшаётган муносиб ҳиссаси, глобал ахборот майдонида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш, янги Ўзбекистонда эришилаётган улкан ютуқларни кенг тарғиб этишдаги катта хизматлари учун соҳа фидойиларидан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлди.
Анъанага кўра, Президентимиз Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табрик йўллади. Унда қалам аҳли фаолияти юксак баҳоланиб, “Ҳеч шубҳасиз, оммавий ахборот воситалари ходимларининг машаққатли меҳнатини қадрлаш, ижодий жамоаларни қўллаб-қувватлаш, соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш бундан буён ҳам янги Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолади”, дея тилак билдирилди.
Мамлакатимиз журналистлари ва ижодий жамоалари томонидан билдирилган таклифларни инобатга олиб, бу йил “Олтин қалам” миллий мукофоти биринчи марта 27 июнда — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида топширилди. Халқаро танлов ғолиб ва совриндорлари номини эълон қилиш ҳамда тақдирлаш маросими муҳташам “Ўзбекистон” форумлар саройида юксак савияда ташкил этилди.
Гап матбуот ва оммавий ахборот воситалари ҳақида борар экан, давлатимиз раҳбарининг “Бугунги кунда матбуот иши, журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда. Бу эса мазкур йўналишда айнан сизлардек жасур ва довюрак, Ватанни чин дилдан севадиган, ўз касбига содиқ ва фидойи инсонлар тобора кўпроқ бўлишини тақозо этмоқда”, деган фикрларини келтириб ўтиш жоиз.
Дарҳақиқат, янги Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар сабаб жамиятимизда очиқлик ва ошкораликни ривожлантиришда ОАВларига жиддий эътибор берилди. Натижада давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқароларимизнинг қонуний мурожаатларини ўрганиш ва ҳал қилиш борасида миллий матбуотимиз муҳим ўринга эга бўлди.
Янги тарих яратаётган олтин авлод
30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан Президентимиз ёшлар билан учрашув ўтказди ва ушбу қутлуғ айём билан уларни табриклади, ёшларга имкониятларни кенгайтиришга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурди.
— Биринчи ва иккинчи Ренессансни буюк аллома ва мутафаккирларимиз яратган бўлса, бугун тарих навбатни сизларга бермоқда. Ишончим комил, сизлар барча соҳаларда мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришга қодирсиз. Сизлар — янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида янги тарих яратадиган олтин авлодсиз, — дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсатини халқаро ҳамжамият ҳам кенг эътироф этмоқда. Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти “Ёшлар — 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторига кирди. Ёшлар тараққиёт индексида мамлакатимиз бу борада энг тез суръатлар билан ривожланаётган давлат деб топилди.
Бухоро шаҳри — Туркий дунё ёшлари пойтахти, Тошкент шаҳри — Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ёшлари пойтахти мақомини олди.
Шу кунларда юртимизда Глобал ёшлар фестивали бўлиб ўтмоқда. Ушбу форум нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё ёшлари учун самарали ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашиш майдони бўлиши қайд этилди.
Президентимизнинг 28 июндаги фармон ва қарорига мувофиқ, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш мақсадида бир гуруҳ илғор йигит-қизлар “Келажак бунёдкори” медали ҳамда “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланган эди. Учрашувда ана шу мукофотлар ўз эгаларига топширилди.
Давлатимиз раҳбари ёшларнинг билим ва иқтидорини эътироф этиб, улар билан ғурурланишини таъкидлади: “Сизларнинг ҳар бир ютуғингиз — бутун халқимизнинг ютуғидир. Азму шижоатингиз, соғлом дунёқарашингиз, бахту иқболингиз — миллионлаб ота-оналар, устоз-мураббийлар, яқинларингизнинг ҳам бахту саодатидир”.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири









