— Пиёда юриш сезиларли даражада калория парчалаш имконини беради ва организм калория йўқотади, — дейди Б. Одилова. — Масалан, 70 килограмм вазнга эга бўлган киши югуриш вақтида соатига тахминан 500-600 к/калория, худди шу одам пиёда юриш давомида соатига 250 к/калория сарфлайди. Бошқача айтганда, ортиқча калорияни йўқотиш бўйича ярим соатлик югуриш бир соат пиёда юришга тенг.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам калориялар устида ишлаш керак бўлса, яхшилаб ўйлаб кўринг, сизга 2-3 соат пиёда сайр қилган маъқулми ёки 1 соат югуриш. Охир-оқибат йўқотилган калориялар миқдори бўйича самара бир хил бўлади.
Ҳар бир қадам энергия сарфланиши, гормонлар ишлаб чиқилиши, мушаклардаги қон таъминотининг яхшиланиши эвазига уларнинг кислород билан бойишига хизмат қилади. Натижада тананинг умумий ҳолати яхшиланади.
Юрганда ҳар дақиқада 5 калория йўқотилади (ўтирганда 1 калория). Оғирлик қанча кўп бўлса, энергия шунча кўп сарфланади. Мисол учун, 72 килограмм оғирликдаги инсон 1,5 километр юрганда 105 калория, 100 килограмм оғирликдаги катта ёшли одам 135 калория йўқотади ва соғлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Доим пиёда юрган инсон барча қон томирлар, жумладан, лимфалар ҳаракатланишини йўлга қўяди. Бу билан организмдаги барча ортиқча тузлар ва токсинлар чиқиб кетади. Натижада тана тозаланиб, инсон енгил ҳаракатланади, соғлиги яхшиланади ва умри узаяди.
Мутахассис билан суҳбатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.









