Юксак ватанпарварлик

    Мен ўзини ўзбек дея танитиб, киборларча бошқа тилларда сўзамоллик қилувчиларни хуш кўрмайман ва ишонч билан айта оламанки, уларнинг кўнглида Ватанпарварлик кайфиятидан асар ҳам бўлмайди.

    Бу сўз кимлар учундир бироз баландпарвоздай туюлар, лекин бизнинг бугунги барча ишларимиз самарасини айнан мана шу калом белгилаб беришига шубҳа йўқ.

    Бугун биз учун чинакамига Янги ҳаёт бошланди. Уйғоқ назар билан қаралса, юртимизнинг кўрк-у таровати кун сайин сайқал топиб бормоқда. Шаҳарларимиздаги сити-шаҳарчалар, равон йўллар – кўприклар, метронинг янги йўналиш йўлаклари, кўп қаватли уй-жойлар...

    Ислоҳотларга эътибор қаратадиган бўлсак, ҳеч бир соҳа назардан четда қолиб кетаётгани йўқ. Тиббиёт дейсизми, матбуот дейсизми, маданият, таълим-тарбия ва давлат тилига алоҳида эътиборда бўлиш, мамлакатимизнинг барча жабҳадаги дунёвий кўрсаткичларини юксалтириш баробарида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари салоҳиятини ҳам янги босқичга олиб чиқиш...

    Дарвоқе, Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни арафасида Қуролли Кучлар Академиясига ташриф буюрди. Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони раислигида Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятининг 2020 йил якунлари ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимиз мудофаа қобилиятини янада ошириш борасида бажарилган ишлар, Қуролли Кучларни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва уларнинг натижалари батафсил сарҳисоб қилинди. Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан Қуролли Кучларни ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, бу борада замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор инновацияларни кенг татбиқ этиш бўйича муҳим кўрсатмалар берилди.

    Тадбирда давлатимиз раҳбари эътироф этган “ўз фарзандларида юксак ватанпарварлик руҳини камол топтира олмаган давлат, қандай қудратли қуролга эга бўлмасин, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлай олмайди” деган биргина сўз барчамизни янада огоҳ бўлишга ундайди, фарзанд тарбияси йўлида алоҳида эътибор қаратилиши лозим жиҳатларни ёдимизга солади. Жондан азиз фарзандларимиз қалбида миллий руҳ, она-Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғусини ҳар томонлама кучайтириш, қолаверса, буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлишлари учун барча шарт-шароитларни яратиб беришимиз керак. Бу йўлда мамлакатимиз бўйлаб Президентимиз бошчилигида жуда катта сафарбарлик эълон қилинмоқда. “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган шиорнинг ўзи барча мақсад ва муддаоларимизни баён қилиб турибди.

    Бугунги кунда глобал ахборот маконидаги қарама-қаршилик, инсон, айниқса ёш авлоднинг онги ва қалби учун курашнинг кучайиши шароитида айнан ватанпарварлик тушунчасининг роли ва аҳамияти ортиши табиий. Мисол тариқасида митти бола – гўдак ҳатти-ҳаракатини кузатсангиз ҳам унинг тийнатида “бу – меники, менга тегишли” деган иддао яққол кўриниб туради. Қолаверса, хархашаларининг моҳиятида ҳам эгалик ҳиссини ўзида сақлаб қолиш мақсади ҳукмрон бўлади. Демак, биздан талаб битта, у ҳам бўлса, фарзандларимиздаги эгалик ҳиссини юксалтириш, бу йўлдаги ишларимизга ватанпарварлик руҳини дадил сингдиришдан иборат.

    Мен ўзини ўзбек дея танитиб, киборларча бошқа тилларда сўзамоллик қилувчиларни хуш кўрмайман ва ишонч билан айта оламанки, уларнинг кўнглида Ватанпарварлик кайфиятидан асар ҳам бўлмайди. Зеро, Юртни севиш – “бу Ватан – менинг ор-номусим!” деган сўзни қалбдан чиқариб айта олиш дегани. Орияти бор юрак эса бошқа тилда гапириб, ўзини кўз-кўз қилмайди, мақтанмайди. Қайтанга ўз тили довруғини янада юксалтириш, қийматини ошириш йўлидан боради.

    Ушбу тадбир давомида ҳам Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан илгари сурилган ғоялар, фикр ва мулоҳазаларнинг мазмун-моҳияти ҳар галгидек ёш авлод таълим-тарбиясига туташиб кетди. Зеро, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” аввалида туриб қилинаётган режалар ҳар биримизнинг зиммамизга масъулият юклайди. Шубҳа йўқки, навқирон ёшлар мана шу Ватан, шу муқаддас тупроқнинг эртанги Эгалари! Демак, эртамиз эгаларини ўз қалбидаги мурғак Эгалик ҳисси билан биргаликда камол топтирмоғимиз керак! Уларга албатта ушбу сўзларни уқтирайлик:

    “Мана шу юрт – сеники!

    Янги Ўзбекистонни сен яратасан!

    Унинг зарра тупроғига кўз олайтирганлар - билки, сенга дўст эмас!

    Сенинг боболаринг дунёларга дарс берган, томирингда эса уларнинг қони борлигини унутма!

    Аждодларинг муқаддас билган мана шу тупроқни азиз тут ва бир умр ҳимоя қил!

    Ўзингни, ўзлигингни, ўзбеклигингни асло унутма!”

    Ориф ТЎХТАШЕВ,

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир

    “Ўзбекистон МЭТ” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси маслаҳатчиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates