Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий билимлари ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тарғибот тадбирларини амалга ошириш аҳамияти таъкидланди.
Меморандумга мувофиқ, томонлар ўз ваколатларидан келиб чиқиб, қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қилади:
- соҳа фаолиятларини ҳамда уни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
- фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш;
- нотариал соҳани ислоҳ этиш масалаларига турли фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, экспертлар ва олимларни фаол жалб этиш;
- нотариал соҳа ходимларининг салоҳияти ва касбий билимларини оширишда халқаро мутахассисларни жалб этиш, уларда мамлакатимизни ривожлантиришга бўлган дахлдорлик ҳиссини кучайтириш;
- турли маҳаллий, хорижий ва халқаро ташкилотлар билан конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантириш, улар ёрдамида соҳага оид турли лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш;
- томонларнинг соҳага оид фаолиятларини такомиллаштириш бўйича инновацион ғояларни ишлаб чиқиш ва илгари суриш, тадқиқот, муҳокамалар ва телевизион мунозаралар ўтказиш, ривожланишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун платформаларни ташкил қилиш, ноформал клубларни ташкил этиш, қўллаб-қувватлаш ва бошқалар.
Меморандум билан бирга «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда Нотариал палатаси ўртасида 2020-2021 йилларда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» ҳам имзоланди.
«Йўл харитаси»да аҳоли, шунингдек, хориждаги ватандошларнинг ҳуқуқий билимлари ва маданиятини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида халқ билан ўзаро алоқалар механизмини яратиш, нотариуслар томонидан бепул маслаҳатлар бериш учун «Юксалиш ва нотариат» хайрия тадбирларини эълон қилиш ва ўтказиш, ижтимоий тармоқларда оммавий сўровлар ўтказиш, нотариат соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижаларини, шунингдек, нотариуслар тизимини такомиллаштириш бўйича режалаштирилган стратегик тадбирларни кенг ёритиш кўзда тутилган.