Юқумли касалликлар — патоген микроорганизмларнинг инсон организмига кириб кўпайиб, зарарли таъсир кўрсатиши натижасида юзага келадиган касалликлардир. Юкумли касаллик ҳар қандай одам организмига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Патоген микроорганизмга карши курашиш учун инсоннинг иммунитет тизими юқорилиги катта аҳамиятга эга. Мамлакатимизда Миллий тақвим асосида 13 турдаги юқумли касалликларга қарши эмлаш ишлари ўтказилади.
Эмлаш бу — маълум бир касалликка қарши иммунитетни оширадиган биологик препарат. Вакцина заифлашган ёки касаллик чақирадиган микроорганизмлардан тайёрланади. Агент тананинг иммун тизимини уни бегона сифатида аниқлашга, йўқ қилишга ва “эслаб колишга” ундайди, бу эса иммунитет тизимига келажакда дуч келадиган ҳар қандай микробларни осонроқ аниқлаш ва йўқ килиш имконини беради. Вакцинанинг ўзи касаллик келтириб чикаришга қодир бўлмаса ҳам, тананинг иммунитет тизими унга вирус бордек муносабатда бўлади. Халқаро тажрибадан маълум бўлдики, эмлашларнинг кенг қўлланилгани сабабли, полимиелит, қизамиқ, дифтерия, кўк йўтал, паротит, қоқшол ва менингитнинг баъзи турлари каби кенг тарқалган касалликлар ҳозирда камдан-кам учрайди. Эмланган одамларда касаллик қўзғатувчи вирус ёки бактерияларни зарарсизлантирадиган антитаначалар пайдо бўлади. Уларнинг касалликка чалиниши ҳамда микробларни тарқатиш эҳтимоли жуда кам бўлади.
Бутун дунёда ва шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида ҳам комплекс профилактик ва эпидемияга қарши тадбирларнинг мақсадли амалга оширилиши натижасида юқумли касалликларга қарши курашишда катта ютуқларга эришилди.
Бола туғилиши билан туғруқ комплексларида чақалоқнинг юқумли касалликларга карши эмланиши назоратга олинади. Чақалоқ туғилишининг биринчи кунида вирусли гепатит “В” касаллигига карши вакцинаси, 2-5 кунида сил касаллигига карши БЦЖ вакцинаси билан эмлаш олиб борилади. Шу тариқа тиббиёт ходимлари томонидан бола Миллий календарь асосида тўлиқ эмланиши таъминланади.
COVID-19гa қарши курашишда, мамлакатимизда эпидемик ҳолатини барқарорлаштиришда COVID-19 га қарши вакциналарнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этди.
Ҳозирги кунга келиб бу касалликнинг қайд килиниши кескин камайган. Бу натижага эришишда COVID-19 га қарши вакцина ҳамда бустер доза билан эмлаш ишларининг аҳамияти катта.
Мухтасар айтганда, эмлаш нафақат юқумли касалликлар билан касалланиш эҳтимолини пасайтиради, балки аҳоли ўртасида эпидемия, пандемияни олдини олиб, инсон умрини узайтиришга хизмат қилади.
Шаҳноза Аҳмедова,
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг
Тошкент шаҳар бошқармаси Юнусобод туман бўлими эпидемиолог-иммунологи