Юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш – асосий вазифамиз

    Инсон ҳаётдан рози яшаши учун жамиятда тинчлик ва осойишталик ҳукмрон бўлиши, унинг сиёсий эркинликлари таъминланиши, ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояланиши, шунингдек, иқтисодий эҳтиёжлари таъминланиши зарур. Бу борада мамлакатимизда самарали ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ишлаб чиқариш ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш борасида белгиланаётган чоратадбирлар жамиятимиз ҳаётида ўз эврилишларини кўрсатмоқда.

    Ички ишлар органлари тизимидаги кенг кўламли ислоҳотлардан бири соҳага оид кўплаб фармон ва қарорлар ҳамда меъёрий ҳужжатларнинг қабул қилингани бўлди. Бу орқали фаолиятимизнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Шунингдек, ходимларнинг интеллектуал ва жанговар салоҳиятини ошириш, хизмат шароитларини яхшилаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида самарали ишлар бажарилди.

    Айтиш жоиз, ички ишлар органларининг мақсад ва вазифалари ҳам моҳиятан ўзгаришга юз тутди. Яъни, соҳа вакилларининг асосий эътибори қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилмоқда. Айни мақсадда “Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз хонадон”, “Хавфсиз ҳовли” тамойиллари ҳаётга татбиқ этилиб, маҳаллабай ишлаш ва уйма-уй юриш орқали профилактик тадбирлар изчилик билан амалга ошириляпти.

    Аҳоли билан мулоқотлар ҳамда криминоген вазиятни таҳлил қилиш орқали маҳаллалар “қизил”, “сариқ” ва “яшил” ҳудудларга ажратилиб, қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар белгиланаётир. Аҳоли тўпланадиган жойлар, корхона ва муассасаларга видеокузатув қурилмалари ҳамда йўлларга назорат ускуналари ўрнатилаётгани профилактика борасида яхши натижа бермоқда.

    Вилоятимизни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Жиззах шаҳри ва Зомин тумани ички ишлар бўлимлари ўрнида бошқармалар ташкил этилиб, улар таркибида 4 тадан ички ишлар бўлими фаолияти йўлга қўйилди.

    Вилоятда профилактика инспекторларининг сони ошиб боряпти. Хусусан, криминоген вазият ва аҳоли зичлигидан келиб чиқиб, маҳаллий бюджет ҳисобидан 38 та профилактика инспектори штати жорий этилди. Пировардида, ҳар бир маҳалла ўз профилактика инспекторига эга бўлди.

    Қолаверса, улар учун хизмат уйларининг барпо этилиши ҳамда узоқ муддатли имтиёзли кредитлар асосида автоулов билан таъминлангани фаолият самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, Президентнинг 2019 йил 7 февралдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 49 нафар олий ноюридик маълумотга эга бўлган профилактика инспектори Тошкент давлат юридик университетининг ихтисослаштирилган филиалида қайта тайёрлаш сайёр курсларини тамомлади.

    Шахсий таркибда ҳам ўзгаришлар юз берди. Чунончи, шаҳар ва туманлардаги ички ишлар бўлимларида хотинқизлар муаммолари билан ишлайдиган аёл инспекторлар фаолияти йўлга қўйилди. Ўсмирлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш учун 46 нафар инспектор-психолог хизматга олинди.

    Таъкидлаш керак, соҳада замонавий ахборот ва алоқа воситаларининг кенг қўлланилаётгани хизмат натижадорлигини оширмоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, жиноятлар бўйича хабарларни қайд қилишнинг “102” автоматлаштирилган тизими жорий этилди. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва йўл ҳаракати қонунбузарликларига оид баённомалар электрон шаклда расмийлаштирилмоқда. Йўл-патруль ва патруль-пост хизмати ходимлари 188 та бодикамера ҳамда ҳуқуқбузарликларни қайд этувчи планшетлар билан таъминланди.

    Йўллардаги қоидабузарликларни аниқлаш учун 23 та радар ва 97 та видеокамерадан фойдаланилмоқда. Шулардан 16 таси стационар, 7 таси кўчма фото ва видеорадарлардир. Транспорт воситаларининг тезлигини автоматик тарзда аниқловчи мазкур қурилмалар ягона ахборот-компьютер тизимига уланган. Жорий йилнинг ўтган даврида тезлик оширилиши билан боғлиқ 85 мингга яқин қонунбузарликлар аниқлангани инобатга олинса, ушбу ускуналарнинг йўл-транспорт ҳодисалари олдини олишдаги аҳамиятини тасаввур қилиш қийин эмас.

    Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш асосий вазифаларимиздан бири. Вилоятимизда хавфсизлик қоидаларини умумтаълим мактаблари ўқувчиларига ўргатишда махсус хоналар ажратилмоқда. Айни пайтда Жиззах шаҳрида, Арнасой, Шароф Рашидов, Мирзачўл ва Зомин туманларидаги мактабларда йўл ҳаракати хавфсизлиги хоналари ташкил этилди. Бу тадбир йўлларда болалар иштирокида кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишда қўл келаётир.

    Бу йўналишдаги қонунбузарлик ва жиноятларга йўл қўймаслик, ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг ҳушёрлигини ошириш мақсадида мобиль тарғибот автомобили ҳамда “Эзгулик патрули” фаолияти йўлга қўйилган. Ҳафтанинг ҳар жума куни “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботи куни” доирасида ўқув муассасалари, ташкилот ва корхоналарда суҳбатлар уюштирилмоқда. Кўчаларда эса видеокузатув қурилмаларидан кенг фойдаланиляпти. Хусусан, ички ишлар бўлимларидаги 19 та ситуацион марказга 680 та видеокузатув мосламаси интеграция қилинди. Дарвоқе, Жиззах шаҳридаги барча умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари кузатув камералари назоратига олинган.

    Ички ишлар органларининг маъмурий бино ҳамда таянч пунктларига оптик толали тармоқлар тортилди. Алоқа сифати ва интернетдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган бу тадбир фуқаролар ҳамда шахсий таркибнинг вақтини тежаш, ортиқча оворагарчиликларга барҳам бериш омилига айланди. Жумладан, маъмурий ишларга оид судларда масофадан туриб, онлайн тарзда иштирок этиш амалиёти қўллана бошланди. Бу орқали фуқаролар интернет орқали соҳа вакилларига ариза йўллаш, мазкур мурожаат бўйича қилинаётган ишларни кузатиб бориш ҳамда масъул ходимнинг фаолиятига баҳо бериш имконига эга бўлди.

    Қолаверса, тегишли ходимлар учун қидирувдаги шахслар, муқаддам судланганлар, пробация хизмати назорати остида турганлар, суд материаллари ҳамда автотранспортларга оид маълумотларни алоқа воситалари орқали олиш шароити яратилди.

    Жиззах вилояти ички ишлар органлари тергов тизимида ҳам замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан унумли фойдаланилмоқда. Жумладан, тергов бошқармаси ва унинг қуйи бўлинмаларида тергов ва процессуал ҳаракатлар ўтказиладиган хизмат хоналари тасвирга олиш ва овоз ёзиш қурилмалари билан таъминланди. Ички ишлар органлари маъмурий биноларидаги барча сўровхоналар ҳам ана шундай ускуналарга эга. Мазкур қурилмаларнинг 19 таси республика Ички ишлар вазирлигининг тегишли хизмати билан интеграция қилинган.

    Вилоят ички ишлар органларига қарашли махсус муассасаларда фойдаланилаётган автоуловларнинг барчаси GPS ва видеокузатув қурилмалари билан жиҳозланди. Бу мақсадда вилоят ҳокимлиги кўмагида GPS ва видеокузатув ускуналари, монитор, махсус процессор ва зарурий эҳтиёт қисмлар олинди. Ушбу назорат воситалари айбланувчи ёки гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинганларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тўла таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

    Вилоятда ички ишлар органларига қарашли 40 та объектда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Айни кунларда Ғаллаорол, Дўстлик, Пахтакор туманлари ички ишлар бўлимлари, вилоят ИИБ тиббиёт бўлими ҳамда вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ биноси капитал таъмирланяпти. Қисқаси, олиб борилаётган бунёдкорликлар ички ишлар органлари биноларини замонавий кўринишга киритиш билан бирга, хизмат шароитларини ҳам яхшиланмоқда.

    Тизимнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган бу каби тадбирларга уйғун тарзда ходимларнинг интеллектуал, жисмоний ва жанговар салоҳиятларини ошириш, хизмат интизоми ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга астойдил киришилган. Чунончи, Шароф Рашидов туманида жойлашган ҳарбий қисмда шахсий таркибнинг босқичма-босқич таълим олиши йўлга қўйилди. Бу ерда уларга ҳуқуқий билимлар берилиб, жанговар ва саф тайёргарлиги машқлари ўтказиля пти. Худди шундай, тактик, ўқ отиш, қўл жанги машғулотлари белгиланган режалар асосида уюштирилмоқда.

    Ҳар бир ички ишлар органлари биносида кутубхоналар ишлаб турибди. Мунтазам ташкил этилаётган маънавият ва маърифат дарслари, эрталабки йўриқномалар ҳамда илм аҳли билан учрашувларда шахсий таркибнинг сиёсий, ҳуқуқий билимларини ошириш чоралари кўриляпти. Шу билан бирга, кўрик-танлов, мусобақа ва беллашувлар ўтказилиб, илғорлар рағбатлантирилмоқда. Ходимларнинг уй шароитларини ўрганиш, уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашиш асносида хизмат натижадорлигига таъсир қилувчи салбий омиллар бартараф қилинаётир.

    Ўз навбатида, буларнинг барчаси халқ манфаатларини яққолроқ ифодалашимизга асос бўляпти. Чунончи, фаолиятимизда инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш тобора устуворлик касб этиб, рақам ва фоизлар ортидан қувиш иллати барҳам топаётир. Эришилаётган натижалар ҳам шунга яраша.

    Соҳа вакиллари юрт тинчлиги, халқ манфаати йўлида хизмат қилиб, юртимизда қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, давлат ва жамият манфаатларини ишончли ҳимоялаш орқали ўз ҳиссаларини қўшмоқда.


    Ғайрат ҚОДИРОВ,

    Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал майор

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates