Юз ёшинг муборак, мактабим!

    Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманидаги 3-ўрта таълим мактаби ўзининг бир асрлик тўйини нишонлади.

    Кўҳна тарих учун бир аср катта муддат эмас. Лекин холисона айтадиган бўлсак, шу давр оралиғида жонажон мактабимиз минг-минглаб инсонларнинг ҳаётида бир умрга ўчмас из қолдирган. Зеро, ҳар бир инсоннинг катта ҳаётга қадам қўйиши айнан шу азиз даргоҳдан бошланади.

    Таълим ва тарбия, илм, маърифат ўчоғи саналмиш мактаб шундай табиатга эгаки, унинг меҳр дарёсидан бир қатра сув ичган одам бу масканга бир умр муҳаббат қўяди. Чунки, мактаб шундай муқаддас даргоҳки, унинг илм ва зиё тафтидан баҳраманд бўлган киши то ҳаёт экан ўзини қарздор сезади, унга садоқатли бўлиш бурчини ҳис қилади. Шу боис ҳар биримиз ўзимиз ўқиган ҳамда таълим олган мактабга мансублигимиздан чексиз фахрланишимиз ва унга таъзим бажо келтиришимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.

    Таъкидлаш жоизки, ушбу тарихий санага бағишланган анжуман жуда тантанавор руҳда бошланди. Турли авлодларга мансуб инсонларнинг дийдорлашуви, табаррук ёшдаги устозларнинг иштироки, бир бирига таниш чеҳраларнинг қувончлари, байрамга хос мусиқа садолари тадбир аввалидаёқ, собиқ ва содиқ мактабдошлар руҳини кўтариб юборди.

    Шинам ва файзли дастурхон атрофида дилдан кечган суҳбатларда юзлаб марҳум устозлар, мураббийлар эсланиб, уларнинг ёрқин номлари, эзгу меҳнатлари хотирланди.

    Тадбирнинг асосий ташкилотчилари мактаб директори Фарҳод Қосимов, туман халқ таълими бўлими раҳбари ўринбосари Наргиза Сиддиқова ва бошқалар айнан шу масканнинг собиқ ўқувчиларидир.

    Кечада сўз олган меҳнат фахрийлари Ўктамжон Ҳотамбоев, Набижон Сиддиқов, Акрамжон Сиддиқов, Мирзали Деҳқонов, Муқаддасхон Ўлмасова ва бошқалар мактаб тарихига оид ўзларининг бой хотиралари билан ўртоқлашдилар.

    Таъкидланганидек, ушбу мактаб битирувчилари орасидан кўплаб республикамизда таниқли инсонлар етишиб чиққан. Жумладан, фан докторлари, фан номзодлари, илм-маърифат намоёндалари, спорт соҳасида республика, Осиё ва Жаҳон чемпионатлари ғолиблари, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ном қозонган ҳамюртларимиз кўплаб топилади.

    Тадбирнинг эътирофга молик яна бир жиҳати шундаки, мактаб тарихига оид ташкил этилган стендларда бир асрни қамраб олувчи фотосуратлар, қизиқарли факт ва рақамлар, тарихий манбалар турли авлодларга мансуб мактабдошларда катта қизиқиш уйғотди.

    Ўз навбатида, тарихий сана муносабати билан ижтимоий тармоқда ташкил этилган “Юз ёшинг муборак мактабим” канали жуда тезликда оммалашиб кетгани, унда мактаб ҳаёти билан боғлиқ турли даврларга оид қизиқарли манбалар бериб борилаётгани, марҳум устозлар хотирланаётгани, таълим ва тарбияга оид қимматли ўгитлар бериб борилаётгани ҳам айни муддао бўлди.

    Мактаб жамоаси томонидан тайёрланган байрамона концерт дастурини тадбир иштирокчилари қизғин кутиб олдилар. Собиқ ўқувчилар томонидан мактаб кутубхонасига турли мавзулардаги адабиётлар совға қилинди.

    Саидолим ҲАЙДАРОВ

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates