Замонавий кадрлар учун муҳим имконият

    Мамлакатимизда кечаётган изчил ислоҳотлар эпкинида институтимизнинг халқаро ҳамкорлик доирасидаги фаолияти кенг қулоч ёймоқда.

    Бухоро азалдан илм-фан ўчоғи, буюк олимлар, мутафаккирлар юрти саналади. Маданий, диний, этник цивилизацияларнинг бетакрор аралашуви Бухорони унутилмас таассуротлар гўшасига айлантирди. Айни дамда кўҳна шаҳарнинг нуфузли олий таълим муассасалари ўзларининг илмий ютуқлари, оламшумул назариялари билан машҳур.

    Бунга Бухоро муҳандислик-технология институти ёшлари ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Айниқса, институтнинг таълим сифати, ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши, бандлик ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида намунали олий таълим муассасаларидан бири саналади.

    Институтимизда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кўплаб салмоқли ишлар амалга оширилди. Биргина ўтган йилнинг ўзида 25 дан зиёд халқаро олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш бўйича шартномалар имзоланди. Жумладан, Ўзбекистон — Туркия II таълим форумида институтимиз Туркиянинг 9 та олий таълим муассасаси, жумладан, Артвин Чорух, Истанбул техника, Мармара, Эге, Бурдур Меҳмет Акиф Эрсой университетлари билан ҳамкорликни бошлаб юборди. Шу билан бирга, Испарта амалий билимлар, Хажеттепе, Ялова университетлари ўртасида ҳам қўшма фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар бўйича ҳамкорлик битимлари имзоланди.

    Хитойнинг Янгчоу политехника институти, И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, Новомичуринск катализатор заводи (НКЗ) ўртасидаги ҳамкорликлар ҳам шулар жумласидан.

    Айни пайтда Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети билан тузилган шартномага асосан, талаба алмашинуви ва профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш курсларини йўлга қўйиш, илмий методик конференция, форум, семинарлар, шунингдек, стажировка дастурларини ўтказиш бўйича ҳамкорлик доирасидаги ишларга старт берилди. Новомичуринск катализатор заводи билан ҳамкорлигимиз натижасида эса энди талабаларнинг тадқиқот иши ҳимоясида икки томон ҳам мутахассис сифатида қатнашиши мумкин.

    Маданиятлар, анъаналар, менталитет ва қадриятларнинг ўхшашлиги боис, мамлакатимиз ва Хитойни узвий тарихий ришталар боғлаб туради. Шу нуқтаи назардан, томонлар халқлар ўртасидаги таълим бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

    Жорий йилнинг январь ойида Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон — Хитой таълим форуми доирасида мамлакатлар олий таълим муассасалари ўртасида икки томонлама 70 та ҳужжат имзоланди, бешта олий таълим муассасалари ўртасида қўшма таълим дастурларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди. Қўшма таълим дастури асосида 300 дан зиёд талаба Хитойнинг илғор университетларида таҳсил олиш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари, 100 дан ортиқ талабамиз учун грант дастурларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

    Форумда Бухоро муҳандислик-технология институти ва Хитойнинг 6 та олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик ўрнатилди. Хусусан, Лоянг Нормал университети билан меморандум имзоланган бўлиб, унинг асосида икки муассаса ўртасида бакалаврлар “2+2” ҳамда магистрлар “1+1” қўшма таълим дастури йўлга қўйилади. Ушбу дастур бўйича 2024/2025 ўқув йилида жами 30 нафар бакалавр ҳамда 10 нафар магистрни энергетика йўналиши бўйича ўқитиш ишлари ташкил этилади. Син Тзян таълим муассасаси билан олий таълим муассасамиз базасида Кимёвий ва озиқ-овқат маҳсулотлари синови лабораторияси ташкил этилиши кўзда тутилди.

    Бундан ташқари, Тян Тзин Сино — Германия университети билан ҳам келишувлар имзоланди. Институтимиз базасида “Энергоаудит” лабораторияси ҳам ташкил этилади. Мазкур университет томонидан керакли замонавий лаборатория қурилмалари билан таъминлаш режалаштирилмоқда.

    Янчжоу политехника институти билан қўшма таълим дастурини амалга ошириш учун автоматлаштириш, электротехника, робототехника ҳамда қайта тикланувчи энергияларни яратиш соҳаларини ўзида мужассамлаштирган факультетни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

    Яна бир маълумот: Хитой Халқ Республикасининг Лоянг шаҳрида жойлашган “Dayang” компанияси билан институт базасида электроскутерлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича дастлабки музокаралар олиб борилди. Бу бўйича шартнома имзолаш режалаштирилди.

    Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда кечаётган изчил ислоҳотлар эпкинида институтимизнинг халқаро ҳамкорлик доирасидаги фаолияти кенг қулоч ёймоқда. Бу эса нафақат талабалар, балки биз — педагогларни ҳам билим доирамизни янада кенгайтириш, ҳамжиҳатликда истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш имконини беради.

    Садоқат СИДДИҚОВА,

    Бухоро муҳандислик-технология институти ректори

    педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates