Бу йўл — юксак санъатнинг фидойиси бўлган инсон — Бухоро ҳунарманди, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, II даражали меҳнат фахрийси Аслон Рамазонов томонидан кашф этилган. Суҳбатимиз уста рассомнинг шахсий уй-музейи ва устахонасида бўлиб ўтди.
Деворлардаги портретлар, зар ипларда акс этган чеҳралар ва уста оғзидан тўкилган сўзлар қалбимизда санъатнинг янги мазмунини очди.
— Ота дуосида гап кўп экан. Бухоронинг Ғиждувон туманида, Лабирўд қишлоғида туғилганман, — дейди уста Рамазонов. — Отам мендаги қобилиятни эрта пайқаб: «Сенда Аллоҳ берган иқтидорни кўряпман, бор, болам, мен сенга оқ йўл ва дуо қилишдан ортиғини беролмайман», дедилар. Ана шу дуо умр йўлларимни ёритиб турибди.
1973 йил, 20 ёшимда ҳарбий хизматдан қайтгач, Бухоро пиллакашлик фабрикасига оддий ишчи сифатида ишга кирдим. Кейинчалик мазкур фабрикада рассом-безатувчи сифатида фаолият юритдим. Дастлаб шиорлар ёзилган панолар, плакатлар, катта байрам тадбирлари учун тассвирий безаклар яратар эдим. Интилишим ва қизиқишим мени кўпроқ билим олишга ундади.
Орзуларим мени Москвадаги олий санъат таълими муассасасига олиб борди. У ерда мен фалсафа ва шакл, ранг ва нур, ҳаёт ва инсонга муносабат каби тушунчалар асосида ўз услубимни шакллантира бошладим. Қайтиб келгач, инсон чеҳрасини ўзгача талқинда акс эттиришни мақсад қилдим.
— Бир куни амалий ва тасвирий санъатни уйғунлаштириш ғояси туғилди, — деб хотирлайди уста. — Зардўзлик, ипак ва қоракўл терисини портретларда қўллаб, инсон чеҳрасида унинг ички дунёсини янгича талқинда кўрсатиш мумкинлигини ҳис қилдим. Йиллар давомида кўп изланишлар олиб бориш натижасида ушбу янги услубга муваффақ бўлдим.
Шундан бери 50 йилдан ортиқ вақт мобайнида уста Рамазонов ана шу услуб асосида ижод қилиб келмоқда. У ҳар бир портрет олдидан катта тайёргарлик кўради — персонаж ҳақида маълумот тўплайди, ижтимоий ва психологик жиҳатларини ўрганади. Агар портрет муайян макон ёки жараёнга боғлиқ бўлса, у ҳолда кўп ўқийди, таҳлил қилади.
— Мен портретни чизишдан аввал қаҳрамоним билан зимдан мулоқот қиламан. Образга меҳр қўйиб, сўнг игна ва зар ипни қўлимга оламан. Ҳар сафар янги ишга қўл урар эканман, отамнинг дуолари ва онамнинг нуроний сиймоси кўз олдимдан кетмайди.
Аслон Рамазонов Алишер Навоий ва Абу Али Ибн Сино портретларини уч хил талқинда яратишга муваффақ бўлган.
Бугун уста яратган асарлар нафақат Ўзбекистонда, балки АҚШ, Франция, Буюк Британия, Туркия, Корея, Германия, Хитой каби мамлакатлардаги музей ва шахсий коллекцияларда сақланмоқда. Унинг ижоди Президент девонининг буюртмаларига асосан дунёга машҳур шахслар портретларини ҳам қамраб олган. Улар орасида турли давлатлар президентлари, дипломатик корпус вакиллари, сиёсатчилар, кино ва санъат намоёндаларини кўриш мумкин.
— Бу иш меҳнат, сабр ва муҳаббатни талаб қилади. Игна санчиғи ортида юрак уриши, қалб сўзлари яшайди. Шу боис бу асарлар қалбдан қалбга кўчади”, — дейди у.
Аслон Рамазонов танлаган санъат — ўзи айтганидек, “игна билан қудуқ қазишга тенг”. Унинг ҳар бир портрети — меҳнат ва муҳаббат уйғунлигини тараннум этаётган симфониядир. Бу унсиз оҳанглар тассвирий ва амалий санъат воситасида рассом қалбидан томошабин қалбига кўчиб, замонлар оша инсон тақдири ва руҳиятини ёритиб бораверади.
Гулчеҳра Мирзаева