“Зарчоб-3” ГЭСи электр ишлаб чиқаришга тайёр: Сурхондарё вилоятида гидроэнергетик қувват 8 йилда 9 баробарга ошди

    Энергетика 16 июл 2025 849

    Сурхондарё вилоятининг жануби-шарқидаги тоғлар бағридан виқор билан оқувчи Тўпаланг дарёси гўё минг йиллардан бери тоғу тошларга сир айтиб келаётгандек. Баҳорда қорлар эриганда у шиддатли ва тўлқинли, ёзда эса тиниқ ҳамда сокин. Ана шу дарё устида барпо этилган улкан гидроиншоот — Тўпаланг сув омбори бугун нафақат сув, балки ҳаёт, қувват ва ишонч тимсолига айланган.

    Ясси водийларни сув билан тўйинтирувчи, юз минглаб гектар ерга ҳаёт бағишловчи бу иншоот инсон ақли ва табиат қудратининг уйғунлиги асосида бугун тошқинларнинг олдини олишда, воҳанинг сув ва электрга талабини, шунингдек, аҳолининг ичимлик сувга эҳтиёжини қондиришда энг муҳим манбадир. Табиат инжиқлик қилган пайтлар — ёмғир кам, сув сатҳлари тушиб кетган чоғларда ҳам Тўпаланг сув омбори воҳани обиҳаёт билан таъминлаб туради. Унинг ёнида қад ростлаган гидроэлектр станциялар эса туну кун ишлаб, электр нури тарқатади. Сув омборининг қияликларга таяниб чўзилган сатҳи, кучли оқимни жиловлаган деворлар, кўз илғамас кенглиги ўз-ўзидан пайдо бўлмаган.

    Мамлакатимизда энергетика тармоғини жадал ривожлантириш, барқарор ва узлуксиз электр энергияси ишлаб чиқариш, бу борада қайта тикланувчи энергия манбаларига алоҳида эътибор қаратиш, хусусан, гидроэнергетика соҳасида янги ГЭСларни ишга тушириш, мавжудларини изчил модернизациялаш борасида “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан кўламдор ишлар қилинмоқда.

    Шу йилнинг 11-12 июль кунлари маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари учун Тўпаланг ГЭСи ҳамда “Зарчоб-1”, “Зарчоб-2”, “Зарчоб-3” кичик ГЭСларига пресс-тур ташкил этилди.

    Сурхондарё вилоятидаги асосий гидроэнергетик салоҳият Тўпаланг дарёси ҳисобига тўғри келади. Дарё сувидан унумли фойдаланиш мақсадида 1983 йилда Тўпаланг сув омбори бунёд этилган. У Сариосиё тоғларидан оқиб тушган сувни бир жойга тўплаш натижасида вужудга келган. Ўзига хос табиати ва баланд тоғлар қуршовидаги катта гидроиншоот бу ерда яшовчи аҳоли учун энг зарур манбадир. Денов, Шўрчи, Қумқўрғон туманларидаги экинзорлар мазкур сув омбори орқали суғорилса, унинг қуйи қисмидаги ГЭСлар қуввати вилоятнинг жанубий ҳудудларини электр энергияси билан таъминлайди.

    — Лойиҳа бўйича сув омборига 500 миллион метр куб сув йиғиш қувватига эга, ҳозир 430 миллион метр куб сув тўпланди, — дейди Тўпaланг ГЭС директори ўринбосари, сув омбори бошлиғи Саидваққос Ҳамроев. — Сув омборининг юқори қисмида иккита катта ва ўн тўққизта миниГЭС қурилиши режалаштирилган. Сувдан тўғри фойдаланиш натижасида бир тонна сувдан 1000 киловатт электр энергияси олиб, бир неча марта фойдаланиш мақсадида “Зарчоб-1”, “Зарчоб-2”, “Зарчоб-3” ГЭСлари ишга туширилди. Келажакда аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши, ҳудуднинг туризм салоҳиятини ошириш борасида янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

    Вилоятда 2006 йилда илк гидротехник иншоот — 30 мегаватт қувватга эга “Тўпаланг” ГЭСи ишга туширилган эди. Ушбу ГЭС 2021 йилга қадар воҳада ягона эди. 2017 йилдан эътиборан юртимиз бўйлаб мавжуд сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланган ҳолда янги ГЭСлар қуриш ва эскиларини модернизациялаш борасида кенг кўламли амалий ишлар бошланди. Хусусан, Сурхондарё вилоятида олиб борилган қидирув-лойиҳа ишлари доирасида қатор янги ГЭСлар қурилиши амалга оширилди.

    — Тўпаланг сув омборида ГЭС қуриш лойиҳаси 1998 йилда тасдиқланиб, қурилиш бошланган, — дейди “Тўпаланг” ГЭСлар каскади директори Асроржон Улуғов. — Саккиз йил давом этган қурилиш натижасида 2006 йилда 30 мегаваттлик агрегат ишга туширилди. 2019 йилда Президентимиз “Тўпаланг” ГЭСига келиб, имкониятларимизни кўриб, шу бино ичида яна икки агрегат қурилишига рухсат берди. 2023 йил 13 март куни “Тўпаланг” ГЭСда ўтказилган модернизация ишлари натижасида унинг 30 мегаваттлик қуввати 145 мегаваттга оширилиб, янгиланган 175 мегаватт қувватдаги йирик ГЭС ишга туширилди. Бугунги кунда ГЭСлар тармоғида 220 ходим ишлайди, электр ишлаб чиқаришга қўшаётган улушимиз, салоҳиятимиз борасида вилоятдаги йирик ташкилотга айландик. Ишчилар малакаси, қурилишдаги маҳаллий мутахассислар фаоллигини биргина “Зарчоб-3” ГЭСи қурилиши ва монтаж ишларининг тўлиқ ўз ходимларимиз томонидан амалга оширилганида ҳам кўриш мумкин.

    “Тўпаланг” ГЭСи йилига ўртача 467 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. “Тўпаланг” ГЭСи лойиҳаси доирасида бошқарув тўлиқ автоматлаштирилиб, соҳада инсон омилисиз ишлайдиган “ақлли” тизим яратилган.

    2021 йил 3 апрель куни умумий қуввати 37,4 мегаватт бўлган “Зарчоб-1”, шу йили 20 ноябрь куни умумий қуввати 38,2 мегаваттлик “Зарчоб-2”, 2024 йил 30 август куни эса умумий қуввати 3 мегаватт бўлган “Зарчоб-1а” кичик ГЭСи ишга туширилди. Ушбу ГЭС ўртача 13,3 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Ҳисоб-китобларга кўра, “Зарчоб-1а” кичик ГЭСи томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергия 5500 та хонадонни таъминлайди. 2025 йил 24 январь куни умумий қуввати 3 мегаватт бўлган “Зарчоб-2а” кичик ГЭСи ҳам ишга туширилди.

    “Зарчоб-3” ГЭСи қурилишига Президентимизнинг 2023 йил 17 ноябрда Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида старт берилган эди. У қисқа даврда, 2024-2025 йилларда — қарийб 1,5 йил давомида қуриб битказилди. Мазкур ГЭС Тўпаланг дарёси бўйида қад ростлаган йирик лойиҳанинг мантиқий давоми бўлиб, нафақат Сариосиё тумани, балки бутун Сурхондарё вилояти аҳолиси учун қўшимча қувват манбаини етказиб беради. Ҳозирги кунда “Зарчоб-3” кичик ГЭСи синов-тест режимида электр энергияси ишлаб чиқармоқда.

    Ушбу лойиҳа мамлакатимиз янги тарихида ўзига хос аҳамиятга эга бўлиб, бир дарё ўзанидан “занжир кетма-кетлиги” асосида қайта-қайта электр энергияси олишни таъминлайди. Эндиликда Тўпаланг дарёсидан каскад кўринишидаги ГЭСлар орқали 5-6 маротаба электр энергияси олинмоқда.

    Лойиҳанинг фойдаланишга топширилиши натижасида йилига ўртача 70 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу эса 23 минг 200 та хонадонни электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, йиллик 19 миллион метр куб газ иқтисод қилинишига эришилади.

    Агар 2017 йилгача Сурхондарё вилоятида гидроэнергетик қувватлар 30 мегаватт бўлган бўлса, сўнгги 8 йилда 9 баробар ошиб, 2025 йилга келиб 273 мегаваттга етказилди. Ҳозирги кунда Сурхондарё вилоятида турли ҳажмдаги 16 та ГЭС (хусусан, кинетик турбинали 8 та ГЭС) электр энергияси ишлаб чиқармоқда.

    Бугунги кунда вилоятдаги ГЭСлар томонидан йилига қарийб 700 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариляпти. Бу орқали 200 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинади. 290 минг хонадон электр энергияси билан таъминланади.

    2033 йилга қадар вилоятда 22 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Хусусан, 2025—2033 йиллар мобайнида “Киштут” ГЭС-1, “Киштут” ГЭС-2, “Киштут” ГЭС-3, “Ўнг қирғоқ” ГЭСлар каскади, “Киштут” ГЭС-4, “Киштут” ГЭС-5, “Киштут” ГЭС-6 ҳамда 14 та ГЭСдан иборат “Юқори Тўпаланг” ГЭСлар каскади қурилади. Ҳозир шу каби истиқболли лойиҳалар учун Мизот—Киштут автойўли қурилиши доирасида қарийб 32 километрга тенг йўл барпо этилмоқда.

    Юқоридаги барча лойиҳалар ишга туширилгач, 2033 йилда Сурхондарё вилоятининг гидроэнергетик қуввати ҳажми 668 мегаваттга етказилиб, йилига 2,24 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

    Гидроэнергетика соҳасининг изчил тараққиёти мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан бирга, янги ГЭСлар қурилаётган, модернизация қилинаётган гидротехник иншоотлар жойлашган ҳудудлар аҳолисининг турмуш фаровонлиги ошишига, ишлаб чиқариш субъектларининг электр қувватлари билан таъминланишига, туманлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, халқимиз фаровонлигига мустаҳкам замин яратади.


    Рашид ХЎЖАМОВ,

    ‘‘Янги Ўзбекистон’’ мухбири


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates