Унда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғиз Республикалари Энергетика вазирлари, Жаҳон банки вакиллари, шунингдек, лойиҳа доирасида ташкил этилган Донорлар кенгаши аъзолари иштирок этди. Тадбир Жаҳон банки кўмагида ташкил этилди.
Маълумот учун: 2024 йил 6 июнь куни Жаҳон банки бошчилигида Донорларни мувофиқлаштириш кенгаши ташкил этилган. Кенгаш таркиби Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ), Осиё тараққиёт банки (ОТБ), Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ), «Cassa Depositi e Prestiti S.p.A.» (Италия), ОПEC Халқаро ривожланиш жамғармаси, Европа инвестиция банки, Ислом тараққиёт банки каби халқаро молия институтларидан иборат.
Йиғилишда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари, унинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш бўйича дастлабки ҳужжатлар ва ижтимоий жиҳатлари, амалга ошириш механизмлари ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, ушбу лойиҳа юзасидан 2025 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида белгиланган навбатдаги учрашув масалалари муҳокама қилинди.
Лойиҳа доирасида 5,4 млрд куб метрга тенг сув омбори ва 1860 МВт қувватли гидроэлектр станцияси ишга туширилади. Натижада йилига ўртача 5,6 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Иштирокчилар лойиҳани Марказий Осиёда энергетика хавфсизлиги ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг муҳим таркибий қисми сифатида эътироф этдилар.
Шунингдек, давра суҳбати доирасида Ўзбекистон делегацияси Халқаро молия ташкилотлари – лойиҳа донорлари қўмитаси аъзолари билан лойиҳани молиялаштиришни жалб қилиш шартлари ва имкониятларини муҳокама қилиш бўйича бир қатор икки томонлама музокаралар ўтказди. Шу тариқа Европа Иттифоқи, Жаҳон банки, ЕТТБ, ОИИБ, ОТБ, ОПEC жамғармаси ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, бундай форматдаги биринчи учрашув жорий йилнинг 27 январь куни Тошкент шаҳрида, иккинчиси 26-27 май кунлари Дубайда бўлиб ўтган эди.
Дубайдаги учрашув доирасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Энергетика вазирлари ўртасида Баённома имзолангани лойиҳани амалга оширишда муҳим қадам бўлди. Уч томонлама учрашув якунида биргаликдаги кейинги режалар ва лойиҳани тайёрлаш муддатлари юзасидан келишувга эришилди.








