Социологик тадқиқотлар – давр талаби

    Бугун юртимиз аҳолисининг, айниқса, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятини мунтазам мониторинг қилиб борадиган тизимга эҳтиёж тобора ортмоқда. Чунки ёшлар ҳар доим жамиятнинг ҳаракатлантирувчи кучи, мамлакатнинг келажагини белгилаб берадиган, истиқболда ҳал қилувчи роль ўйнайдиган фаол қатлам бўлиб келган.

    Уларнинг қизиқиши ва интилиши, орзу-мақсади, жамият ва давлат даражасида юз бераётган воқеа-ҳодисаларга муносабати ва энг муҳими, дахлдорлик ҳисси шу мамлакатнинг истиқболини белгилаб берадиган муҳим омиллардандир. Умуман, давлат ва жамият тараққиётининг устувор йўналишларини аниқ белгилаш, стратегик мақсадларга аниқлик киритиш, муҳим қарорлар қабул қилишда ҳам айнан ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, кайфияти, эҳтиёжларидан келиб чиқиш анъанаси мавжуд. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари аниқ белгилаб берилган.

    Ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида бу қатламнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш, очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш, ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш, ёшларни ватанпарварлик, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, қатъий ишонч ва қарашларга эга шахс қилиб тарбиялаш, уларни ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, терроризм ва диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш сингари муҳим вазифалар белгиланган. Албатта, ушбу устувор вазифлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.

    Бу жараёнда ёшларнинг фаолиятига баҳо бериш, таҳлил қилиш, мониторинг ўтказиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларга муносабати, ислоҳотларга дахлдорлик даражаси каби муҳим жиҳатларга аниқлик киритиш талаб этилади.

    Айни пайтда мамлакатимизда айнан шу вазифаларни амалга оширадиган, ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим векторларини аниқлаб олишга қаратилган ижтимоий сўровлар ўтказиш ва таҳлилий материалларни тайёрлаш, мониторинг қилиш, олинган хулосалар асосида тегишли чора-тадбирларни белгилаш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқадиган илмий-ижтимоий марказларга зарурат мавжуд.

    Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти томонидан бу йўналишда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, институтнинг ёш кадрларни етказиб бериш, тингловчиларни ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги ишлари диққатга сазовор.

    Гап шундаки, мазкур институт фаолияти асосан ёшлар орасида давлат хизматчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, раҳбар-кадрлар захирасини шакллантириш каби устувор йўналишларга қаратилган.

    Ёшлар ўртасида оммавий социологик тадқиқотларни амалга ошириш, олинган хулосаларни илмий таҳлил қилиш, доимий мониторинг ва тизимли баҳолашда ушбу институтга муқобил рақобатлаша оладиган, зарур ҳолларда барча марказлар томонидан қилинган таҳлил натижалари ва хулосаларни умумлаштириб, давлат миқёсида муҳим стратегик йўналишларни белгилаб берадиган давлатга қарашли ёки нодавлат ҳамда мустақил аналитик тадқиқот маркази (институт)лари мавжуд эмас.

    Шу маънода бугунги глобаллашув даврида мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий амалга оширилаётган ислоҳотлар зимнида ёшларнинг орзу-истаклари, интилишлари, муаммолари, эҳтиёжларини мунтазам ўрганадиган ва мукаммал социологик тадқиқотлар ўтказадиган ҳамда олинган хулосалар асосида ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятига баҳо бера оладиган марказлар фаолияти йўлга қўйилиши лозим.

    Таклифимиз шундан иборатки, ушбу марказ давлат ва мақсадли грантлар билан молиялаштириладиган, малакали мутахассисларни ўзида жамлаган, ҳар бир ҳудуддаги мавжуд олий таълим муассасалари базасида ўз бўлимларига эга, кенг миқёсда ва оммавий равишда социологик тадқиқотлар ўтказишга ихтисослашган, олинган натижаларни мунтазам таҳлил қилиб борадиган, мавжуд хавф-хатар, зиддият, қарама-қаршиликларни, аҳоли ва ёшларнинг келгусидаги ижтимоий кайфиятини прогнозлаштирадиган, барқарорлик шартлари ва кафолатларини белгилаб беришга хизмат қиладиган бўлиши лозим.

    Ушбу марказ замонавий АКТ имкониятларидан келиб чиқиб, тўлиқ рақамлаштирилган форматдаги платформа орқали бошқарилади. Бунда марказий таҳлил (аналитик) гуруҳи муҳим муаммолар ва масалалар юзасидан ижтимоий сўровномалар ўтказиш шакли ва саволларни тузиш, респондентлар таркибига аниқлик киритиш билан шуғулланади.

    Платформада аҳоли ва ёшларга оид барча демографик ва статистик маълумотлар ҳудудлар кесимида шакллантирилади, саволномалар базаси жойлаштирилади. Бу жараёнда турли ташаббускор гуруҳлар (жумладан, ёшлар ташкилотлари, ОАВ вакиллари, блогерлар, жамоатчилик) билдирган таклиф ва мулоҳазалар асосида сўровномалар мазмун-моҳияти қўшимча ўзгартиришлар киритиб борилади.

    Ўз навбатида, барча ҳудудда ўтказилган оммавий ўрганишлар натижалари марказий таҳлил (аналитик) гуруҳи, “ақл маркази”га қайта юборилади. Олинган натижалар таҳлил қилиниб, тизимлаштирилади. Тегишли хулосалар тайёрланади ва амалий чораларни белгилаш бўйича тегишли ваколатли ташкилотларга таклиф киритилади.

    Албатта, билдираётган ушбу таклифни амалиётга татбиқ этиш осон ва оддий жараён эмас. Аммо бугунги кунда халқаро миқёсдаги ижтимоий-сиёсий воқеликлар, турли геосиёсий зиддиятлар фонида мавжуд эҳтиёжлар ва ижтимоий заруратдан келиб чиқиб бу таклифнинг қўллаб-қувватланишига ва шу асосда тегишли чоралар белгиланишига ишончимиз комил.

    Юсуф АБСОАТОВ,

    олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates