Аралаш сайлов тизими ва унинг ўзига хос хусусиятлари

    Аралаш сайлов тизими ўзида иккита — пропорционал ва мажоритар сайлов тизимини уйғунлаштирган.

    Кейинги йилларда парламентимиз ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятида изчил янгиланишлар, жумладан, давлат бошқарувида сиёсий партиялар ролини янада кучайтириш, вакиллик органларига сайланган депутат ва сенаторларнинг парламент ҳамда маҳаллий вакиллик органлари фаолиятидаги масъулияти ва фаоллигини ошириш борасида тизимли ҳуқуқий ислоҳотлар кечмоқда.

    Жумладан, 2023 йил 18 декабрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Сайлов кодекси ва амалдаги еттита қонунга сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибини мамлакатимиз сиёсий ҳаётида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар натижаларига, сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксалиб бораётган халқимиз талабларига, шунингдек, ривожланган демократик ҳуқуқий давлатларнинг илғор амалиётига уйғунлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

    Сайлов кодексига киритилган янги нормаларга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар ва пропорционал сайлов тизими асосида ўтказиш белгиланди. Зеро, бугунги кунда дунёнинг ривожланган мамлакатларида синовдан муваффақиятли ўтган, сайловчиларнинг хоҳиш-истаклари, талабларига тўла жавоб берадиган, сайловни аҳоли учун энг мақбул шаклда ташкил этиш ва ўтказиш тартиблари ҳамда сайлов тизимлари мавжуд. Улар, айниқса, аралаш сайлов тизимидан самарали фойдаланиб келмоқда. Шу сабабли Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими асосида ўтказиш тартиби белгиланган.

    Аралаш сайлов тизими

    Аралаш сайлов тизими ўзида иккита — пропорционал ва мажоритар сайлов тизимини уйғунлаштирган. Унда вакиллик органидаги депутатлик ўринларининг бир қисми депутатликка номзодларнинг партия рўйхатига мувофиқ сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда, иккинчи қисми эса бевосита сиёсий партия томонидан бир мандатли сайлов округларидан кўрсатилган депутатликка номзодларга берилган овозлар натижасига кўра тақсимланади.

    Мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг жорий йил октябрда режалаштирилган сайлови ҳам айнан аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади. Бунда Қонунчилик палатасининг 75 депутати аввалгидек бевосита бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 депутат сиёсий партияларнинг сайловда олган овозлари сонига пропорционал тарзда, партия томонидан тақдим этилган депутатликка номзодлар рўйхати бўйича сайланади.

    Мажоритар сайлов тизими бўйича сиёсий партия бир мандатли сайлов округларининг ҳар биридан биттадан, жами 75 та депутатликка номзодни кўрсатиш ҳуқуқига эга. Пропорционал сайлов тизимида ягона сайлов округи бўйича сиёсий партия томонидан тақдим этилган депутатликка номзодларнинг рўйхатига камида 75, кўпи билан 100 нафар номзод киритилиши лозим.

    Сайлов кодекси талабларига мувофиқ, партия рўйхатига киритилган номзодлар ушбу сиёсий партиянинг аъзолари ёки партиясиз бўлиши мумкин. Бошқа сиёсий партиянинг аъзолари ушбу рўйхатга киритилиши мумкин эмас. Айни бир номзод фақат битта партия рўйхатига киритилади. Бир мандатли сайлов округлари бўйича кўрсатилган номзодлар ҳам партия рўйхатига киритилиши мумкин эмас.

    Депутатликка номзодларни танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда белгиланади. Аёлларнинг сони бир мандатли сайлов округлари бўйича, шунингдек, партия рўйхати асосида сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар сонининг камида қирқ фоизини (аввал бу миқдор ўттиз фоиз эди) ташкил этиши керак. Бунда партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар беш номзоднинг икки нафари аёл киши бўлиши лозим. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига аралаш сайлов тизими бўйича сайлов ўтказилиши муносабати билан ҳар бир сайловчига сайлов куни мажоритар сайлов тизими бўйича битта, пропорционал сайлов тизими бўйича ҳам битта, жами иккита сайлов бюллетени берилади.

    Бу ерда қуйидагиларга алоҳида эътибор бериш лозим:

    — мажоритар сайлов тизимида: бир мандатли сайлов округлари бўйича ўтказиладиган сайловда сайлов бюллетенига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодларнинг исм-шарифи киритилган бўлади;

    — пропорционал сайлов тизимида: Қонунчилик палатаси депутатларининг ягона сайлов округи бўйича ўтказиладиган сайловда сайлов бюллетенига сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг номи киритилади.

    Сайлов бюллетенини тўлдиришда сайловчи мустақил равишда қарор қабул қилади, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этади, шу тариқа ўзи маъқул деб топган депутатликка номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беради.

    Мажоритар сайлов тизими

    Мажоритар сайлов тизими давлат ҳокимияти ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларини (парламент, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқалар), шунингдек, давлат раҳбарини сайлаш учун ўтказиладиган сайлов тизими бўлиб, унда, асосан, бир мандатли сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овозини олган номзод сайланган ҳисобланади. Кам овоз олган номзодлар учун берилган сайловчилар овози инобатга олинмайди.

    Масалан, Ҳиндистон, Буюк Британия, АҚШ ва Мексика каби давлатларда мажоритар сайлов тизими мавжуд. Ҳозирги замон конституциявий ҳуқуқида мажоритар сайлов тизимининг учта турдаги кўриниши — мутлақ, малакали ҳамда нисбий кўпчилик овозга асосланган кўринишлари мавжуд. Мутлақ кўпчилик овозига асосланган мажоритар сайлов тизимида бир мандатли сайлов округлари бўйича кўрсатилган номзодлар учун овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг (50 фоиз + 1 ва ундан ортиқ) овозини олган номзод сайланган ҳисобланади. Бундай сайлов тизими Россия, Украина, Финляндия, Польша, Чехия, Литва каби давлатларнинг парламент депутатлари сайловларида амал қилади.

    Кўппартиявийлик шароитида ўтказиладиган сайловларнинг биринчи туридаёқ овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини тўплаш ўта мураккаб. Агар бир мандатли сайлов округидан уч ёки ундан ортиқ номзод сайловда иштирок этаётган бўлса-ю, биринчи тур сайловида ҳеч бир номзод мутлақ кўпчилик овозни тўплай олмаса, унда сайлов округи бўйича сайловчиларнинг энг кўп овозларини тўплаган икки номзод ўртасида такрорий овоз бериш ўтказилади.

    Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ўтказилган сайловлар амалиётидан маълумки, беш нафар номзод иштирок этган бир мандатли сайлов округларида биринчи турдаёқ овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг кўпчилиги овозини олишда муайян қийинчиликлар кузатилган. Шунинг учун сайловларда иккинчи турлар ўтказиб келинган. Масалан, 2019 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир юз элликта бир мандатли сайлов округидан 25 тасида иккинчи тур сайлови, яъни такрорий овоз бериш бўлиб ўтган. Бу, албатта, вакиллик органларини тўлиқ шакллантиришда қўшимча вақт талаб қилади. Такрорий овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш учун қўшимча ресурс ва маблағ сарфланади.

    Малакали кўпчилик овозга асосланган мажоритар сайлов тизимида бир мандатли сайлов округлари бўйича кўрсатилган номзодлар учун овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг қонунчиликда белгиланган талабга мувофиқ 2/3 ёки 3/4 қисми овозини олган номзод сайланган ҳисобланади. Кўриниб турибдики, бу усул мутлақ кўпчилик овозига асосланган мажоритар сайлов тизимидан ҳам мураккаброқ.

    Амалиётда асосан, бу усулдан кўпроқ Конституция, конституциявий қонунларни қабул қилиш ёки Конституцияга оид бошқа масалаларни ҳал этишда, айрим ҳолларда давлат ва ҳукумат раҳбарини сайлашда фойдаланилади. Масалан, Конституциямизда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган конституциявий қонун ёки Ўзбекистон Республикасининг референдуми билан киритилади”, деб аниқ белгилаб қўйилган.

    Хорижий давлатлар амалиётига эътибор қаратсак, Италия Конституциясида парламент томонидан мамлакат Президентини сайлашда депутатларнинг камида 2/3 қисмининг овозини йиғиш талаб этилиши белгиланганини кўришимиз мумкин. Нисбий кўпчилик овозига асосланган мажоритар сайлов тизимида бир мандатли сайлов округлари бўйича кўрсатилган номзодлар учун овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овозини олган номзод сайланган ҳисобланади. Ушбу сайлов тизими Буюк Британия, Япония, АҚШ каби давлатларда парламент депутатлари сайловида амал қилади.

    Ҳозирги демократик давлатларда кўппартиявийлик шароитида ўтказиладиган сайловда айнан нисбий кўпчилик овозига асосланган мажоритар сайлов тизимидан фойдаланиш қулай, содда ва энг мақбули саналади. Чунки бир мандатли сайлов округидан қанча номзод кўрсатилган бўлишидан қатъи назар, бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз тўплаган номзод сайланган ҳисобланади. Бунда такрорий овоз бериш ёки сайловнинг иккинчи турини ўтказишга эҳтиёж қолмайди. Натижада ортиқча вақт, ресурс ва маблағ сарф-харажатининг олди олинади. Вакиллик органлари тўлиқ таркибда, нисбатан эртароқ шаклланиши ва фаолиятини йўлга қўйиши мумкин бўлади.

    Ушбу афзалликларни инобатга олган ҳолда Сайлов кодексига “сайловда бир мандатли сайлов округлари бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади”, деган ўзгартириш киритилди. Энди мамлакатимиз вакиллик органларини шакллантириш, хусусан, бир мандатли сайлов округлари бўйича депутатларни сайлашда нисбий кўпчилик овозига асосланган мажоритар сайлов тизими амал қилади. Аввал парламент сайловларида ҳам, халқ депутатлари кенгашлари сайловларида ҳам мутлақ кўпчилик овозига асосланган мажоритар сайлов тизими амал қилиб келган.

    Пропорционал сайлов тизими

    Пропорционал сайлов тизими халқаро амалиётда мавжуд сайлов тизимларидан бири бўлиб, мажоритар сайлов тизимидан бир аср кейин вужудга келган. Сайлов пропорционал тизим асосида ўтказилганда, депутатлик мандатлари, яъни вакиллик органида мавжуд депутатлик ўринлари сиёсий партиялар томонидан шакллантирилган депутатликка номзодлар рўйхатлари учун сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда тақсимланади. Мажоритар сайлов тизимидан фарқли ўлароқ, сайловчи бевосита депутатликка номзод шахсга эмас, балки сайловда иштирок этаётган, депутатликка номзодлар рўйхатини тақдим этган сиёсий партияга овоз беради.

    Ҳозирги кунда пропорционал сайлов тизими анча кенг тарқалган, Испания, Латвия, Хорватия, Швеция, Дания каби мамлакатларда сайлов кўпинча пропорционал сайлов тизими асосида ўтказилади. Пропорционал сайлов тизимида сайлов натижаларини аниқлашда қонунчиликда вакиллик органида мавжуд депутатлик мандатларига даъвогарлик қилиш учун сиёсий партиялар қўлга киритиши зарур бўлган овозларнинг асосан тўрт ёки беш фоизлик энг кам миқдори (ўтиш планкаси, барьери) белгиланади. Масалан, Ўзбекистон Сайлов кодексига, Қонунчилик палатасига сайловда ягона сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг камида етти фоиз овозини олган сиёсий партиялар белгиланган тартибда мандатга эга бўлади. Сайловда иштирок этаётган сиёсий партия қонунчиликда белгиланган энг кам миқдордаги ёки ундан кўпроқ сайловчиларнинг овозини тўплай олсагина, унга депутатлик мандатлари тақсимланади. Бунинг учун, аввало, сайловчилар берган овозлар вакиллик органида мавжуд депутатлик ўринлари сонига бўлинади. Натижада битта мандат (депутатлик ўрни) учун тўпланиши лозим бўлган овозлар миқдори маълум бўлади ва у сайлов коэффициенти ҳисобланади. Сўнг сайловчиларнинг ҳар бир сиёсий партияни ёқлаб берган овозлари алоҳида-алоҳида ҳисоблаб чиқилади. Ҳар бир сиёсий партия олган овозлар сони сайлов коэффициентига бўлинади, натижада мазкур партия эга бўлган депутатлик ўринларининг умумий сони аниқ бўлади.

    Одатда пропорционал сайлов тизимининг икки хил кўриниши мавжуд. Биринчиси, умумдавлат даражасидаги пропорционал сайлов тизимида мамлакат ҳудуди сайлов округларига бўлинмайди. Сиёсий партиялар томонидан кўрсатилаётган депутатликка номзодларнинг партиявий рўйхати бутун мамлакат ҳудуди бўйича шакллантирилган ҳолда тақдим этилади. Сайловчилар ушбу партиявий рўйхатни инобатга олган ҳолда сиёсий партияларни ёқлаб овоз беради (парламентдаги депутатлик мандатлари партияларнинг олган умумий овозларига мутаносиб равишда ягона сайлов округи бўйича тақсимланади).

    Иккинчиси, кўп мандатли округларга асосланган пропорционал сайлов тизимида мамлакат ҳудуди йирик маъмурий-ҳудудий бирликларни инобатга олган ҳолда сайлов округларига бўлинади. Сиёсий партиялар томонидан сайлов округлари кесимида депутатликка номзодларнинг партия вий рўйхатлари тақдим этилади. Бунда сайловчилар депутатликка номзодларнинг партиявий рўйхатларини инобатга олган ҳолда сайлов округлари кесимида сиёсий партияларни ёқлаб овоз беради (парламентдаги депутатлик мандатлари партия ларнинг ҳар бир сайлов округида олган овозларига мутаносиб равишда, сайлов округлари кесимида тақсимланади).

    Хуллас, пропорционал сайлов тизимида сайловчилар сиёсий партияларга овоз беради. Қайси сиёсий партия қанча овоз олганига қараб депутатлик ўринларига эга бўлади.

    Сайлов кодексига мувофиқ, Қонунчилик палатасидаги бир юз элликта депутатлик ўрнидан етмиш бештаси пропорционал сайлов тизими бўйича сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб ҳолда тақсимланади. Масалан, сайловда иштирок этган сайловчиларнинг 40 фоизи қайсидир сиёсий партияни ёқлаб овоз берган бўлса, демак, мазкур сиёсий партия Қонунчилик палатасида мавжуд 75 та депутатлик ўрнининг 40 фоизи, яъни тахминан 30 та депутатлик ўрнини қўлга киритган ҳисобланади.

    Пропорционал сайлов тизимининг афзалликларидан бири оралиқ сайлов, яъни муддатидан олдин бўшаб қолган депутатлик ўрни учун сайлов ўтказилмаслигида намоён бўлади. Чунки сайловчилар сайлов кампанияси даврида пропорционал сайлов тизими бўйича сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган депутатликка номзодларнинг партия рўйхатини инобатга олган ҳолда сиёсий партияларни ёқлаб овоз бериб бўлган. Ҳар бир партия рўйхатида 75 нафардан 100 нафаргача депутатликка номзод мавжуд. Сайлов якуний натижаларига кўра, бирор сиёсий партия эллик фоиз сайловчилар овозини олган тақдирда ҳам у томонидан тақдим этилган рўйхатдаги депутатликка номзодларнинг кўпи билан 38 нафари депутат этиб сайланади, партия рўйхатида қолган 37 нафардан 62 нафаргача номзод захирада туради. Пропорционал сайлов тизими бўйича қайси партиядан сайланган депутатнинг ваколати муддатидан илгари тугатилса, унинг ўрни ушбу партиянинг партия рўйхатида захирада бўлган депутатликка номзодларнинг навбатдагиси ҳисобига тўлдирилади.

    Хулоса қилиб айтганда, аралаш сайлов тизими жамиятда сайловчиларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, ижтимоий- сиёсий фаоллигини янада оширишга хизмат қилади. Зеро, сайловчи нафақат номзодларнинг шахси, балки дастурлари, ғоялари, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқ турмушини янада фаровонлаштириш бўйича илгари сураётган таклифлари билан ҳам яқиндан танишади, ўрганади, уларни реал ҳаётда нечоғлиқ татбиқ этиш имкониятлари мавжудлигини баҳолайди. Шундан сўнг муайян қарорга келади ҳамда ўзи лозим топган номзодни ва сиёсий партияни қўллаб-қувватлайди.

    Аралаш сайлов тизимида сиёсий партия ларнинг масъулияти янада ортади. Қайси сиёсий партия ўз дастури орқали мақсадлари, жозибадор ғояларини ифода этиб, уларни рўёбга чиқариш учун реал имкониятларга эга эканига халқни ишонтира олса, бунинг учун муносиб ҳаракат қилса, аҳоли томонидан кенгроқ қўллаб-қувватланишга, сайловчиларнинг кўпроқ овозини олишга эришади.


    Худоёр МАМАТОВ,

    Марказий сайлов комиссияси котиби,

    юридик фанлар доктори, профессор


    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates