Мудофаа вазирлиги қўшинларининг доимий жанговар шайлиги масалалари муҳокама этилди

    Ҳарбий 24 декабр 2024 348

    Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

    Унда Қуролли Кучлар қурилиши, уни янада ривожлантиришнинг долзарб муаммолари, фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташи ва мамлакат ҳарбий хавфсизлигини таъминлашга оид бошқа масалалар юзасидан Мудофаа вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, 2024 йилнинг ўтган даврида Мудофаа вазирлиги тизимида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолати тўғрисида мудофаа вазирининг ахбороти эшитилди.

    Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони томонидан мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича белгилаб берилган вазифаларини сўзсиз ва сифатли ижросини таъминлаш мақсадида Мудофаа вазирлигида самарали ишлар олиб борилган. Натижада Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳияти юқори даражага кўтарилган.

    Миллий армиямизнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини оширишда асосан замонавий қуролли тўқнашувлар таҳлиллари ҳамда ривожланган хорижий армияларнинг ижобий тажрибалари қўшинларга татбиқ этилган.

    Натижада ўтган йилга нисбатан жанговар шайлик тадбирлари 1,5 баробарга кўпайиб, қўмондонлик таркибининг касбий тайёргарлигини оширишга эришилган.

    Қўшинларда оператив тайёргарлик тадбирлари ҳамкорликдаги куч тузилмаларини кенг жалб этган ҳолда ташкил этилди. АҚШ, Ҳиндистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон армиялари билан ҳамкорликда ўқувлар ўтказилган.

    Ўқувларда асосий эътибор замонавий жангларда янги қўлланилаётган учувчисиз учиш аппаратларини қўллашга, уларга қарши курашиш ва бошқарув маҳоратини оширишга, стратегик, оператив ва оператив-тактик бўғинларда бўлинмалар томонидан янги тактик ҳаракатлар ўзлаштирилишига қаратилган.

    Шунингдек, 2024 йилда жанговар мутахассислик бўйича Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркманистондан ташриф буюрган ҳарбий хизматчилар ўқитилган.

    Мудофаа вазирлиги «Автоматлаштирилган ахборот тизими ва маълумотлар базаси» ахборот тизимининг «Чақирув» тизимости дастури барча мудофаа ишлари бошқарма ва бўлимларига татбиқ этилиб, электрон маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилган.

    Ички ишлар вазирлигининг «Манзил», Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Хорижга чиқиш паспорти», «Ёшлар баланси» ҳамда «Электрон ҳукумат» платформалари интеграция қилиниб, ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларга оид маълумотлар электрон базаси яратилган.

    Натижада мудофаа ишлари органларининг фуқароларга ҳарбий рўйхатга киритиш ва ундан чиқариш фаол давлат хизматларини кўрсатиш имконияти яратилди. Уларга оид маълумотларни тақдим қилиш билан боғлиқ масалаларда бюрократизм ва бошқа тўсиқларга барҳам берилган.

    Мудофаа вазирлиги тизимида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш фаолияти яхши йўлга қўйилган. 2024 йилнинг 11 ойида Мудофаа вазирлигига жисмоний ва юридик шахслардан 3 241 та мурожаат келиб тушган. Шундан 1 342 таси ижобий ҳал этилган, 1 526 та мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат берилган ва 115 таси ўрганиб чиқиляпти.

    Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ва масъул ходимлари томонидан ўтказилган сайёр қабулларда 560 дан зиёд жисмоний ва юридик шахслар қабул қилинган ва уларга тегишли амалий ёрдам кўрсатилган.

    Ўз навбатида, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг муҳокама этилган масалалар юзасидан аниқ таклифлари акс этган қарори қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    Қарорда Ўзбекистон Республикаси Президентининг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги фармон ва қарорларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини таъминлаш, раҳбарларнинг бу борадаги шахсий масъулиятини янада ошириш зарурлиги қайд этилган.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates