Онлайн платформаси иш изловчилар орасида ўтказган сўров натижаларига кўра, аҳолининг фақат учдан бир қисми ўз маълумоти бўйича ишлаётганини билдирган. Қолганлар эса соҳасини бутунлай ўзгартирган ёки дипломдаги билимларини фақат қисман қўлламоқда.
Тадқиқот асосий хулосасига кўра, Ўзбекистонда таълим билан меҳнат бозори эҳтиёжлари ўртасида тафовут мавжуд.
Сўров натижаси қуйидагича:
- 64% респондентда олий таълим ёки олий таълимдан кейинги таълим мавжуд;
- 78% агар имкон бўлса, бошқа мутахассисликни танлаган бўлишини айтган;
- Фақат 27% одам дипломни карьеравий муваффақиятнинг асосий омили деб билади – кўпчилик эса тажриба, мослашувчанлик ва кўникмаларга урғу беради;
- 74% иштирокчи онлайн-таълимни қўллаб-қувватлайди, лекин уларнинг фақат учдан бири уни университетга тўлиқ муқобил деб ҳисоблайди.
"Hh.uz" маълумотларига кўра, иш берувчилар ҳанузгача дипломга эътибор беришсада, амалий тажриба, ташаббускорлик ва мослашув қобилиятини янада юқори баҳоламоқда.









