Уч сўз замиридаги қудрат

    Фикр 22 август 2025 854

    Мустақиллик энг улуғ неъмат. Шукрки, биз ана шу неъматдан баҳрамандмиз. Барчамиз учун азиз бўлган ушбу айёмни ҳар йили катта тантана ва кўтаринки кайфият билан, ўзига хос ютуқлар, муваффақиятлар билан қарши оламиз.

    Айни пайтда барчамиз Президентимизнинг 2025 йил 11 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилги байрамга муносиб тайёргарлик кўряпмиз.

    Айтиш керакки, бу йилги қарор аввалгиларидан бир неча жиҳатлари билан ажралиб туради. Жумладан, ҳар бир соҳада эришилаётган ютуқлар алоҳида эътироф этилиб, мустақиллик байрамига бағишланган чора-тадбирларни амалга оширишда бир неча йўналишларга эътибор қаратилиши қайд этилган. Ўзим таълим соҳаси вакили бўлганим боис, аввало, шу соҳага доир рақамлар эътиборимни тортди. Қарорда келтирилганидек, таълим соҳасидаги ўзгаришлар, мактабгача таълим тизимида қамров 2017 йилда 27 фоиздан ҳозирги пайтда 77 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 42 фоизга етгани, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар ва Президент мактаблари каби янги моделдаги мактаблар тизими пайдо бўлгани диққатга сазовор.

    Шунингдек, “Ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” деган шиор остида навқирон авлод вакилларининг замонавий билим ва касб-ҳунарлар, она тили билан бирга хорижий тилларни, ахборот технологияларини эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқариши учун ҳар томонлама қулай шарт-шароит яратиб берилаётгани, бунга жавобан ўғил-қизларимизнинг турли соҳалардаги ютуқлари, натижалари эътироф этишга лойиқдир.

    Жорий йилги байрам “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган умумий эзгу шиор остида ўтказилади. Бу нафақат мустақиллигимизнинг ғоявий рамзи, балки бутун халқимизнинг қалбидан жой олган орзу-умидлар аксидир. Чунки мазкур шиор моҳиятига назар ташласак, унда инсон учун муқаддас уч жумла — ватан, миллат ва халқ тушунчаси жамланган. Ҳар бир сўз замирида масъулият ва садоқат мужассам. Ватан — бизнинг она тупроғимиз, тарихимиз, маданиятимиз, муқаддас масканимиз. Миллат — бизнинг ўзлигимиз, тилдаги, дин-диёнатдаги, урф-одат ва қадриятлардаги ягона муштараклигимиз. Халқ — бизни бор қилган қудратли куч, миллионлаб юраклар, ота-оналаримиз, фарзандларимиз.

    Бугун — тарихдан ибрат олиш вақти. Ҳақиқатни эсдан чиқармаслик ва келажак авлодларни хабардор этиш, огоҳ яшаш фурсати. Зеро, шукроналик ва ҳушёрлик билан, ўтмишдан дарс олиб, фаровон эртани бунёд этиш ўз қўлимизда. Ҳозирги ҳар дақиқаси олтинга тенг даврда кимларнинг авлоди эканини яхши билган, уларга муносиб бўлиш учун энг тўғри йўлда қатъият билан олға бораётган, узлуксиз ривожланаётган, буюк давлат остонасида барча ҳалқларга дўстлик қўлини узатаётган янги Ўзбекистон чинаккам бахтиёрлар, бахтга ёрлар диёрига айланди.

    Қарорда келтирилганидек, мустақиллик — бу давлат суверенитети, халқ эрки ва адолатли жамият қуриш йўлида асосий таянч. Бугун эса бу қадриятлар “Ўзбекистон — 2030” стратегияси асосида янги босқичга кўтарилмоқда. Эндиликда “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган шиор ҳар бир соҳада — сиёсат, иқтисодиёт, маданият, фан ва спортда ҳаётий тамойилга айланмоқда. Ўзбекистон бугун собитқадамлик билан инсон қадри улуғланаётган, ҳар бир фуқаронинг орзулари рўёбга чиқаётган давлатга айланмоқда. Ўзгаришлар таълимдан тортиб, рақамли технологиягача, соғлиқни сақлашдан маданият ва спортгача бўлган соҳаларда чуқур сезилмоқда. Бу эса мамлакатда барча соҳа “халқ учун” хизмат қилишининг амалий ифодасидир.

    Янги мактаблар, Президент таълим муассасалари, чет тилларни ўрганишга яратилган шароитлар, ёшларнинг АТ, бизнес, санъат ва спортдаги улкан ютуқлари — буларнинг бари миллатнинг эртанги кунини барпо этаётган ёшларга қанот бермоқда. Хусусан, Фарғона давлат университети талабалари орасида имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўз йўлини топаётган, қобилиятларини рўёбга чиқараётган ва турли йўналишларда улкан ютуқларга эришаётган ёшлар сони тобора ортиб бормоқда. Улар бугун спорт ва фан йўналишларида нафақат республикада, балки қатор халқаро танловларда Ватани шаънини муносиб ҳимоя қилмоқдаки, бу аввало, уларни қўллаб-қувватлаётган, эртанги кунига ишонч бераётган давлат раҳбарининг, қолаверса университет жамоаси, фидоий устозларининг машаққатли меҳнатлари самараси ҳисчобланади.

    Хусусан, Фарғона давлат университетининг юриспруденция йўналиши талабаси Жамшидбек Сотволдиев ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, битирувчи талабамиз Қобилжон Шерматов “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди. Бу ютуқ, бу эътибор, бу ишонч фарзандларимизнинг янада юқори марраларни забт этишга янгича куч, ғайрат, шижоат бағишлайди, албатта.

    Бугун ўзгача ифтихор билан кутаётганимиз азиз байрам муносабати билан ташкил этилаётган маданий-маърифий тадбирлар, очиқ мулоқотлар, кўрик-танловлар, “Она диёр – ранглар жилосида”, “Энг улуғ, энг азиз”, “Ватан учун яшайлик!” каби танловлар айнан халқимиз руҳиятини кўтаришга, ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу эса байрамни оддий тантана эмас, балки халқ иродасининг, миллий ғурур ва фахрнинг рамзига айлантиради. Демак, “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори — бу фақат сўз эмас, бугунги ислоҳотлар моҳияти, эртанги кунимизнинг пойдевори, ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётий шиори. У бизни бирлаштиради, рағбатлантиради, руҳлантиради. Ҳар бир ўзбек фарзанди бу шиорни қалбига жо этиб, ўз билимини, кучини, фидойилигини айнан шу тамойилларга асосланган ҳолда ишга солса, Ватанимиз, албатта, янада юксалади.

    Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

    педагогика фанлари доктори, профессор

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates