Бу хабарни Бухоро вилояти ИИБ тасдиқлади.
Қайд этилишича, жорий йил 4 сентябрь куни Бухоро тумани “Боғидашт” қишлоғидан ўтувчи марказий канализация қувурида кўнгилсиз ҳодиса рўй берди.
Текширувларга кўра, “Файз бинокор Олтиариқ” МЧЖнинг 5 нафар ишчиси янги қазилган канализация қувурини марказий тармоққа улаш жараёнида эҳтиётсизлик оқибатида қувур ичига тушиб кетган. Ҳодиса “Ўрта Осиё қурилиш” МЧЖга тегишли кран ҳайдовчиси меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этмагани, қопқоқни рухсатсиз очиб қўйгани сабабли содир бўлгани маълум қилинмоқда.
Кучли оқим туфайли ишчилар сув оқавасига тортиб кетган. Олиб борилган қидирув ишлари давомида 3 нафар фуқаронинг жасадлари топилди, қолган 2 нафар ишчини қидириш ишлари давом этмоқда.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а” банди (меҳнат муҳофазаси қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.









