Назорат тадбирлари давомида 22 та саноат корхонаси томонидан экологик талабларга зид тарзда фаолият олиб борилаётганлиги аниқланиб, қарор асосида ушбу корхоналар фаолиятини тўхтатиш юзасидан тегишли чоралар кўрилди ҳамда 25 нафар масъулларнинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал қилинди.
Шунингдек, атмосферага салбий таъсир кўрсатувчи 22 та корхона ёки цехлар фаолиятини тўхтатиш юзасидан иқтисодий судларга даъво аризалари киритилди. Мазкур даъво аризаларидан 20 таси Кармана туманлараро иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилиб, 19 таси қаноатлантирилди.
Хусусан, 23 сентябрь куни Навоий вилоят судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари томонидан Кармана туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори юзасидан берилган шикоят аризаси кўриб чиқилиб, «Navoiyazot» АЖнинг 23-цехи (аммиак) фаолияти суд қарори билан вақтинча тўхтатилди.
Шунингдек, Кармана туманида жойлашган «Sogda Kimyo Zavod» МЧЖга қарашли учта цех фаолиятига ҳам Кармана туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорига асосан вақтинча чек қўйилди.
Бундан ташқари, рейд тадбири давомида жами 92 та ноқонуний, яъни қўлбола усулда қурилган оҳак пишириш хумдонлари аниқланиб, тегишли ташкилотлар иштирокида тўлиқ буздирилди.









